Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Помидор ниҳоллари касалликлари

23/Noyabr/2024 01:30
  1701

Помидор ниҳоллари касалликларини тупроқда учрайдиган замбуруғлар (Fusarium solani, Fusarium spp., Rhizoctonia solani, Pythium spp., Phytophthora spp., Thielaviopsis basicola) ва баъзи бактериялар (Erwinia sp.) қўзғатади. Экилган уруғ ва унаётган майсалар тупроқ остидаёқ чириб кетиши мумкин.        Тупроқ юзасига чиққан ниҳолларнинг илдиз бўғзи ингичкалашиб қўнғир, сўнгра қора тус олади, ниҳоллар бужмайиб, нобуд бўлади. Қўзғатувчи зарарланган ниҳол атрофидаги ўсимликларга ҳам ўтади ва касалликнинг ўчоқлари пайдо бўлади. Бу ҳолат айниқса иссиқхоналарда тез-тез учрайди. Кечроқ зарарланган ниҳоллар ҳалок бўлмайди, аммо илдиз бўғзи ингичкалашади ва тўқ тус олади, илдизлари яхши ривожланмайди, кўчириб экилганда яхши тутиб кетмайди.

Касалликка помидордан ташқари бақлажон, қалампир турлари ва бегона ўтлар ҳам чалинади.

Тупроқда қўзғатувчиларнинг пропагулалари қанча кўп бўлса, об-ҳаво факторлари билан боғлиқ ҳолда, зарарланган ниҳоллар сони ҳам шунча кўп ва зарарланиш даражаси шунча баланд бўлади. Ҳарорат паст (4-10оС) ва намлик юқори бўлиши (ёмғир, шудринг), совуқ сув билан суғориш, кўчатлар зич жойланиши, кўчириб экиш ўз вақтидан кечиктирилиши, ниҳоллар орасида шамол яхши юрмаслиги, тупроқ устида қатқалоқ пайдо бўлиши ниҳол касалликларини кучайтиради.

Қўзғатувчи замбуруғлар тупроқда сақланади. Иссиқхонада ҳар йили ўша тупроқни ишлатиш унда патоген замбуруғлар миқдори кўпайиб боришига ва касаллик ўчоқлари пайдо бўлишига олиб келади.

Кураш чоралари. Уруғ экишдан олдин иссиқхоналардаги тупроқни дезинфекция қилиш ёки алмаштириш лозим. Унаётган уруғ, уруғпалла, ниҳол ва илдиз чириш касалликларига қарши курашнинг энг самарали усули тупроқни буғ ёки кимёвий препаратлар (метилбромид, дазомет) ёрдамида зарарсизлантиришдир. Касаллик кўчатларда кўрингандан кейин фунгицид қўллаш бефойда, аммо у патогенлар тарқалиши ва касаллик ривожланишини камайтириши мумкин.

Помидор уруғлари паст нисбий намлик ва паст ҳароратда сақланиши, сифатли ва юқори ўсиш энергиясига эга бўлиши, экишдан олдин 2 кун давомида 52оС ва 1 кун 72оС ҳароратда қиздирилиши, самарали ва таъсир доираси кенг фунгицид (мисол учун, Витавакс 200ФФ) ёки триходермин (7 г/кг) билан дориланиши, кўчатларнинг тагига Террахлор Супер Х фунгицидининг эритмаси (1 илова) қуйилиши лозим.

Уруғлик экиш учун тайёрланган тупроқ (компост)ни Pythium spp.ва Phytophthora spp. турларига қарши этридиазол1, Rhizoctonia solani га қарши куинтоцен, барча патогенларга қарши Террахлор Супер Х билан зарарсизлантириш энг юқори самара беради.

Кўчат ўстириш жараёнида тупроқ ҳарорати 18оС дан паст ва намлиги керагидан ортиқ бўлмаслиги лозим; агротехника қоидаларига тўла риоя қилиш, экинни илиқ сув билан суғориш, касалликка чалинган, нимжон ниҳолларни ягана пайтида олиб ташлаш керак.

Кўчатлар кўчириб экилгандан сўнг 6 ҳафта ўтгач, улар R. solani га қарши чидамлилик ҳосил қилади.

Юқорида кўрсатилган препаратлар бўлмаса, кўчат экишдан олдин тупроқни қайноқ сув ёки 1% ли марганцовка эритмаси билан суғориш лозим. Қора оёқнинг ўчоғи топилса, касал ниҳолларни эҳтиёткорлик билан олиб ташлаш, ўша жойга калий перманганат эритмаси (10 л сувга 3-5 г KMnO4) қуйиш, камроқ зарарланган кўчатларни ҳам ўша эритма билан суғориш, уларнинг қўшимча илдизлари ривожланиши учун ўсимлик тагига 2 см баландликда мульча (юқори ҳароратда қиздирилган қум ёки қум ва кул аралашмасини 1 кв м майдонга 100 г сарфлаб) солиш, сўнгра бир ҳафта давомида суғормаслик лозим.

1 Китобда келтирилган фунгицидлар дунёнинг кўп мамлакатларида қўлланилади, аммо уларнинг баъзилари Ўзбекистон ҳудудида ёки айрим экинларда ишлатиш учун рўйхатга олинмаган бўлиши мумкин.

Манба: Ҳасанов Б. А., Очилов Р.О., Гулмуродов Р.А. (2009). Сабзавот, картошка ҳамда полиз экинларининг касалликлари ва уларга қарши кураш. Тошкент.

Улашиш: