Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Силос қандай тайёрланади?

23/Noyabr/2024 08:12
  1361

Силос — барча ўтхўр жониворлар учун тўйимли озиқа ҳисобланиб, ҳазм қилиш жараёнини яхшилайди, сутни кўпайтиради.

Бунда яшил ем биологик йўл билан консервация қилиниб, ўсимлик массаси нам ва яхшилаб зичланган ҳолда махсус жой ёки идишларда (плёнка, ўра) ҳаво кирмайдиган қилиб сақланиб, тайёрланади.

Барча ем-озиқабоп ўсимликлар даражасига кўра, осон, ўртача ва қийин силосланадиганларга бўлинади. Осон силосланадиган ўсимликларга маккажўхори, кунгабоқар ва бошқа бошоқли ўсимликлар киради. Ўтлоқ ўсимликлари ҳам яхши (ўртача) силосланади. Қийин силосланадиган ўсимликларга кўпгина дуккакли ўсимликлар киради. Силос қилинаётган массанинг намлиги 65-70 фоиз бўлиши керак.

Силос учун махсус жой олдиндан тайёрлаб олинади. Ўранинг (уни ер устига бостириш ҳам мумкин) чуқурлиги 1-2 метр бўлиши керак. Деворлари эса бетонланади. Дастлаб, ўра тагига похол ташланади. Силосланадиган ем-озиқа эса яхшилаб майдаланиб, қаватма-қават солинади. Ҳар бир қатлам орасига қатламдаги озиқа ҳажмининг 2-3 фоизи миқдорича туз, 1 тоннасига 1-3 литр ҳисобида ачитқи қатиқ сепилади ва яхшилаб зичлаб, шиббаланади. Ўра тўлгандан сўнг ичига ҳаво кирмаслиги учун яхшилаб бекитилади. Устидан плёнка тортиб, тупроқ билан ёпилади ёки оғирроқ нарсалар билан бостирилади. Ўра четлари мустаҳкам бекитилиши керак. Қаттиқ совуқда озиқа музлаб қолмаслиги учун устига похол тўшаш мумкин. Хуллас, яшил масса қанча яхши зичланган, шиббаланган, мустаҳкам ёпилган бўлса, шунча сифатли силос олинади ва таркибидаги озиқ моддалар яхши сақланади.

Биргина маккажўхори силосининг ўзи кепак, майдаланган маккажўхори, буғдой, арпа дони, ўсимлик ёғи ва шу каби тўйимли емлар ўрнини босадиган ширадор озиқа ҳисобланади. Тўғри бостирилса, молларнинг жиддий касалликларни келтириб чиқарувчи бактериялар билан зарарланиши эҳтимоли кескин пасаяди.

Юртимиз шароитида 90 фоиз ҳолларда силос махсус ўрага бостирилади ва сақланади.

Тоштемир Қорабоев, “Оила даврасида”

Улашиш: