Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Цитрус экинларининг гоммоз касаллиги ва унга қарши кураш чоралари

23/Noyabr/2024 02:17
  1223

Цитрус экинларининг паразитар ва нопаразитар гоммозларини ажратишади. Қандай гоммоз учрашидан қатъий назар, зарарланган дарахтларда физиологик жараёнлар бузилади ва дарахтдан шилимшиқ модда (елим) оқиши кузатилади. Елим ҳосил бўлишининг сабаби – дарахтларнинг механик жароҳат олган жойларида ярим паразит бактериялар ўрнашиб, улар дарахт ҳужайраларини қичитиши ҳисобланади.  Паразитар гоммоз касаллигини бир қанча микроорганизмлар, жумладан Phytophthora citrophthora, Phomopsis citri1, Botrytis cinerea ва Sclerotinia sclerotiorum замбуруғлари қўзғатиши гумон қилинади.

Нопаразитар гоммоз дарахтларни чуқур ўтқазиш, тупроқнинг ортиқча намлиги, азот ўғитларини керагидан ортиқ солиш, илдизни совуқ уриши, пояни офтоб куйдириши, дарахт механик жароҳатланиши, зич ва оғир тупроқларда илдиз нафас ола олмаслиги ва бошқа факторлар таъсирида ривожланади. Касаллик белгилари ва ривожланиши. Зарарланган дарахтлар поясининг қобиқларида шишлар пайдо бўлади, улардан шаффоф, тилларанг-сариқ ёки қўнғир тусли, чўзилувчан ва ҳавода тез қотувчи суюқлик – елим оқади. Баъзан зарарланган поялардан елим оқмайди, фақат поя қобиғи нобуд бўлиши, унинг баъзи қисмлари чатнаши ва кўчиши натижасида яралар ҳосил бўлади. Одатда гоммоз дарахт поясининг пастки қисмида (илдиз бўғзида) пайдо бўлади, кейин поянинг юқори қисмига, скелет шохларига ҳамда пастга, илдизларга тарқалади. Кучли зарарланган дарахтларнинг барглари сарғаяди, аста-секин қурийди ва тўкилади. Зарарланган қобиқ қурийди ва кўчиб кетади, дарахтнинг ёғоч қисми очилиб қолади. Зарарланган илдизлар нобуд бўлади. Гоммознинг зарари касал дарахтлар меваларининг сифати пасайиши ҳамда зарарланган дарахтлар тез нобуд бўлиши билан ифодаланади.

4-5.jpg (41 KB)

Кураш чоралари. Агротехника қоидаларига қатъий риоя қилиш, ниҳолларни тўғри парваришлаш, илдиз бўғзи тупроқ билан кўмилиб қолишига йўл қўймаслик, тупроқни мунтазам юмшатиб туриш, тупроқ намлиги керагидан ортиқ бўлмаслигини таъминлаш, траншеяларни мунтазам шамоллатиб туриш, профилактика мақсадида, кузда траншеялар устини ёпишдан олдин ва баҳорда усти очилганидан кейин дарахтларга 1%-ли Бордо суюқлиги пуркаш тавсия қилинади.

Касалликнинг олди олинмаса, гоммоз ўсимликларни нобуд қилиши мумкин. Зарарланган ўсимликларни қуйидаги усул ёрдамида даволаш мумкин. Дарахт пўстлоғининг зарарланган қисми боғ пичоғи ёрдамида эҳтиёткорлик билан (ёғоч қисмига етказмасдан) тозаланади, ўша жой мис сульфатнинг 3%-ли эритмаси билан ювилади, 2-3 кун сўнгра таркибида 1 қисм мис сульфат, 2 қисм сўндирилмаган оҳак (ёки 4 қисм сўндирилган оҳак) ва 12 қисм сув бўлган паста суртилади. Гоммоз аниқланиши билан ушбу усул бир неча марта қўлланилса, яралар битади ва дарахтлар ҳеч қандай жиддий асоратсиз соғаяди. Агар дарахтнинг илдизи ва танаси гоммоз билан кучли зарарланган бўлса, бундай тупни илдизи билан кавлаб олиб, йўқотиш, дарахт ўрнини 1%-ли формалин эритмаси билан зарарсизлантириш лозим.

Цитрус экинлари иссиқхона ёки траншеяларда қаламчалардан осон кўпайтирилади. Қаламчалар гетероауксинниг 0,01%-ли эритмасига 18-20 соат давомида солиб қўйилади. Бу вақт орасида стеллажларда субстрат тайёрланади. Субстрат 5 см қалинликдаги шағал, унинг устида 7-8 см қалинликда чим тупроқ, яхши чириган гўнг ва қумнинг 1:1:1 нисбатдаги аралашмаси, аралашма устида яна 5 см қалинликдаги тоза ва йирик қумдан иборат бўлади. Қаламчалардан унаётган кўчатларнинг илдизлари ва илдиз бўғзини тупроқдаги патоген замбуруғлар ва бактериялардан ҳимоя қилиш учун экишдан 2 ҳафта олдин субстрат устига формалиннинг 1%-ли эритмаси (10 л/м2) ёки мис сульфатнинг  1%-ли эритмаси (5 л/м2) пуркалади.

1 Phomopsis citri (телеоморфаси Diaporthe citri аскомицет замбуруғи) цитрус экинларида гоммоз қўзғатиши мумкинлиги ҳақидаги хабар шубҳали, чунки малакали фитопатологларнинг кузатувлари ва тадқиқотлари натижаларига кўра бу замбуруғ цитрус экинларининг фақат барглари ва меваларини зарарлайди, поялари ва илдиз бўғзини зарарламайди.

Улашиш: