Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Петрушка – кичик ер шароитида етиштириш учун мақбул экин

22/Noyabr/2024 15:33
  1181

Уруғ танлаш. Экиладиган петрушка уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, бутун (синмаган), вазндор бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

Ер тайёрлаш. Уруғ сепиладиган майдонлар ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли қилиб тозаланади. 1 сотих ерга 150–200 кг (10 сотихга 1,5–2 т) чириган гўнг солинади.

Петрушка қисқа муддатда етилишини инобатга олиб гўнг солиш билан бирга 1 сотих майдонга 1 кг азотли, 1 кг фосфорли, 0,5 кг калийли ўғит солиш зарур. Ер 20–25 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари (пол) олинади.

Экиш муддати ва схемаси. Эртаги ҳосил олиш учун петрушка уруғлари кузда ёки эрта баҳорда экилади. Уруғлар эрта баҳорда 15 февралдан 10 мартгача сепилади. Кузда сентябрнинг иккинчи ярми-октябрда очиқ далага лентасимон усулда 2–3 қатор қилиб ёки сочма усулда экилади. Уруғ сарфи 1 сотихга 50–60 г. Уруғлар сепилгандан кейин хаскаш билан тупроққа аралаштирилади.

Парваришлаш. Майсалар униб чиққандан 10–12 кун ўтгач 1-марта, 2–3 ҳафта ўтгач 2-марта ягана қилинади. Бунда ўсимликлар ораси 3–5 см бўлиши лозим. Ўсимликни парваришлашга – ўташ, қатор ораларини юмшатиш, суғориш ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишлари киради.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Петрушка касалликларга анча чидамли салқинсевар ўсимлик ҳисобланади.

Ҳосилни йиғиштириш. Бўйи 15–20 см. га етган петрушка ўсимлиги эрта тонгда кун нисбатан салқинлигида ўткир ўроқ билан ўриб олинади.

Р.Ҳакимов, Б.Азимов 

Улашиш: