Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ўзбекистонда зайтун ўсадими?

21/Noyabr/2024 19:58
  2414

Зайтун ер шаридаги энг қадимги мойли экинлардан бири бўлиб, бўйи тўрт - етти метргача борадиган майда баргли дарахт. Шох-шаббаси қалин, тарвақайлаган, гуллаганида хушбўй, ёқимли ҳид таратади. Янги ўтқазилган кўчати ўртача ўн йилда ҳосилга киради. Гули оқ, меваси куз ўртасида етилади. Зайтуннинг барглари майда ва учли, текис қиррали, уст томони тўқ яшил, пастки томони кулранг бўлиб, пояси билан шохларида қисқа банди билан қарама-қарши жойлашган бўлади. Меваси резавор, данакли, усти юмшоқ бўлиб, туси қора, оғирлиги 10-15 гр атрофида бўлади.   Фанга унинг 600 га яқин тури маълум. Фақат бир тури – Европа зайтуни хўжалик аҳамиятига эга бўлиб, ўсимлик консервабоп ва мой берувчи гуруҳларга бўлинади.

    Зайтун қурғоқчиликка чидамли, 13-18 даража совуққа ҳам бардош беради. Ҳар тупидан 20-40 килограммгача ҳосил олинади. Зайтуннинг пишган меваси таркибида 25-80 фоиз буғланмайдиган мой бўлади. У асосан мойи учун етиштирилади. Мева пўстлоғи ва данагини қиздириш натижасида олинувчи иккинчи босқичли мойи техника ва совун пиширишда қўлланилади. Кунжараси чорва учун емиш вазифасини ўтайди. Ёғочидан қимматбаҳо буюмлар тайёрланса, доривор ва йирик гулли зайтундан эфир мойи олинади. 

Зайтуннинг яна бир хусусияти, у экологик тоза ва яшил экин бўлиб, ўсимлик қишда баргларини тўкмайди. Бир дона барги 2-3 йилгача умр кўради. Дарахт ёруғликка талабчан бўлиб, қуёшни яхши кўради ва сояда яхши ўсмайди, сувсизликка чидамли. Зайтун кўчатлари экилган дастлабки йилларда ниҳолларни тезроқ ривожлантириш ва маҳаллий иқлимга мослаштириш учун кўпроқ суғориш лозим. Ўсимлик сувсизликка чидамли бўлгани учун кейинчалик йилига бир икки марта суғориш кифоя қилади. Зайтун ниҳолларини парваришлашда маҳаллий ўғитнинг аҳамияти катта. Унинг таъсирида кўчатлар баравж ривожланиб, эрта ҳосилга киради. Зайтун дарахти уруғидан олинган кўчат ўн-ўн бир йилда ҳосилга киради. Қаламчадан экилса 4-5 йилда мева беради. Бир туп зайтун дарахти ҳосилга кирган дастлабки йилларда уч килограммгача, яхши ривожлангач, 35-40 килограммгача мева беради. 

    Зайтунзорлар барпо қилинаётганда албатта қуёш нури тик тушадиган майдонлар танлаб олинади, ёш кўчатларни катта дарахтларнинг соясида экиш салбий натижа беради, чунки кўчатлар деярли ҳаракатсиз туради. Зайтун учун кўп қуёш нури ва ҳавонинг қуруқ бўлиши маъқул. Қуёш нури етарли бўлган ҳудудларда унинг мевалари тез ва бирданига пишиб етилади. Қиялиги 400 метргача бўлган майдонлар зайтунзор барпо қилиш учун энг қулай ҳисобланади, бундан ташқари тупроқнинг сув ўтказувчанлиги яхши бўлиши керак. Дарахт совуқ ҳароратга чидамсиз, айниқса барглар 13-14 градус паст ҳароратда тўкилиб кетади. Зайтун кўчатларини экиш даврида бироз чуқурроқ экиш керак. Барча субтропик экинларга ўхшаб зайтун ҳам пастки новдаларидан яна янги новдалар ҳосил қилади. Зайтуннинг намга бўлган талаби дастлабки 4-6 йили юқори бўлади, шунинг учун кўчатларни тез-тез суғориб туриш лозим. Мевага кириши бироз кечроқ бўлгани учун дастлабки йилларда етарли нам билан таъминлаш мақсадида қатор ораларига сабзавотлар экиш керак. Унинг илдизлари чуқур кетиб пастки қатламлардаги намни ўзлаштиради. Зайтун дарахти тупроққа талабчан эмас, аммо ер ости сувлари яқин, намлиги юқори, соз тупроқлар яроқсиз ҳисобланади. Боғ ташкил қилишда экиладиган дарахтлар қиялик кам бўлган томонга қараб жойлаштирилади ва суғориш ишлари шарқдан ғарбга қараб бажарилади. Боғ майдонидаги дарахтлар шамол келадиган томонга қараб жойлаштирилади. Ўсимлик уруғидан, қаламчасидан, бачкилари ва пайвандлаш йўли билан кўпайтирилади. Кўчатларни экишда камида 2 та ё 3 та навни бирга экиш лозим. Ҳар бир нав алоҳида 4 қаторга экилади ва яна навбатлашади. Далада фақат бир навни экканда ўсимликнинг чангланиши юқори бўлмайди, шунинг учун бошқа бир навни чанглатувчи нав сифатида қўшиб экиш зарур. Кўчатлар сентябрь ва октябрь ойларида, мартнинг бошидан майнинг охиригача экилади. Кўчат илдизи бегона ўтлар ва касалликлардан холи  соғлом тупроқда 35 см баландликда жойлашиши керак. Чуқурлар кўчат экишдан 1 кун олдин суғорилмайди. Зайтун бошқа мевали дарахтлар каби бир йил юқори ҳосил берса, иккинчи йили кам ҳосил беради. 

    Зайтун Ўзбекистон шароитида ўсади. Таниқли олима Дилором Ёрматова бу борада тажриба ўтказиб, катта ютуқларга эришди. Олима яратган янги нав ҳозирда Андижон, Самарқанд вилоятларида синовдан ўтмоқда. Галдаги мақолаларимизда олима билан бўлган суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.  

                                  


Улашиш: