Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Очиқ майдонда помидор етиштириш бўйича тавсиялар

21/Noyabr/2024 18:54
  2060

Кўчат танлаш. Помидор кўчатлари 40–45 кунлик, пояси ва илдизлари дуркун ривожланган, барглари тўқ яшил тусда, соғлом бўлиши лозим.

Ер тайёрлаш. Помидор экиш режалаштирилган ерларни тайёрлаш ишлари куз ойларидан бошланиб, ҳосилдан бўшаган майдондаги йирик ўсимликлар қолдиқларидан тазаланиб, маҳаллий ўғит сочиб чиқилади. Берилиши лозим бўлган маданий ўғитлар миқдорини бир қисми қўлда сочиб чиқилиб, кейин майдон 28–30 см чуқурликда юмшатилади. Экишга тайёрлашни кейинги тадбирлари экишдан олдин бажарилиб, майдонлар 14–16 см чуқурликда юмшатилади. Йирик кесаклар хаскаш ёрдамида майдаланиб бир йўла ер текислаб олинади ва 70 ёки 90 см см қатор оралиғида экиш эгатлари тортиб чиқилади.

Экиш муддати ва схемаси. Жанубий вилоятларда эртаги навлар мартнинг III ўн кунлигида, ўрта ва кечпишар навлар апрелнинг I–II ўн кунлигида; марказий минтақада жойлашган вилоятларда эртапишар навлар апрелнинг I ўн кунлигида, ўрта ва кечпишарлари апрелнинг II–III ўн кунлигида ҳамда майнинг I–II ўн кунлигида, уруғ билан очиқ майдонга апрелнинг I ўн кунлигида; шимолий минтақаларда эртапишар навлар апрелнинг II ўн кунлигида, ўрта ва кечпишарлари апрелнинг III ўн кунлигида, майнинг I ўн кунлигида ва уруғ билан очиқ майдонга апрелнинг II ўн кунлигида экилади.

Помидорнинг эртапишар ва ўртапишар навлари у қадар нишаб бўлмаган далаларда 70×25 см, текис майдонларда 90×25 см, узун палакли навлар 90×40 см схемада экилади. Экилгандан кейин кўчатларни албатта суғориш зарур. 1 сотих майдонга экиш схемасига қараб 280–570 та кўчат сарфланади.

Парваришлаш. Ўсимликларга биринчи ишлов бериш кўчатлар тутиб олгач, яъни экилгач 10–12 кундан кейин бошланади. Бунда эгат ичи, пушта ва қатордаги кўчатлар орасининг тупроғи юмшатилади. Биринчи парваришлашдан 12–15 кун ўтгач, иккинчи сув берилади. Тупроқ етилгандан сўнг яна бир бор чопиқ қилинади. Бунда ер бегона ўтлардан тозаланади, юмшатилади, тупроқ помидор кўчатининг атрофига босилади. Помидор ўсимлиги яхши ривожланиб, мўл ҳосил бериши учун унинг илдизи жойлашган қатлам ҳаво билан таъминланган бўлиши керак. Бунинг учун сув эгат оралатиб қўйилгани маъқул.

Ўғитлаш. Помидор етиштиришда тук ҳолда 1 сотих майдонга 7,6 кг сульфат аммоний, 2,6 кг аммофос, 1,6 кг калий хлор ўғитлари берилади. Помидор сувга талабчан ўсимлик бўлиб, сизот суви чуқур жойлашган ерларда ўсув даври мобайнида суғоришда ҳар гал 1 сотихга 5–6 м3 ҳисобидан 18–20, сизот суви юза ўтлоқ ва ўтлоқи-ботқоқ тупроқли ерларда 12–15 марта суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча ҳар 8–12 кунда, ҳосил ёппасига пишганда эса 5–7 кунда суғорилади. Куз бошлангандан кейин экин камроқ суғорилади. Помидор қийғос пишганда ёрилиб кетмаслиги учун навбатдаги ҳосил териб олингандан кейин сув берилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Агротехник тадбирлар алмашлаб экишни қўллаш, ўсимлик қолдиқларини йўқотиш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашиш; вирус касаллигига чидамли помидор навларини экишдан иборат. Уруғни экишга тайёрлашда мажбурий тадбирлардан бири уларни вирусли ва бактериал касалликлардан холи қилишдир. Уруғ экишдан олдин вирус касалликларига қарши 48 соат довомида 50–52 оС ва 24 соат 80 оС қиздирилади, кейин 3 минут 5 фоизли шўр сувда сараланади.

Инфекция ва касаллик қўзғатувчиларни йўқотиш учун экишдан 5–15 кун олдин уруғларни фунгидцидлар (34% Витавакснинг 2 фоизли, 60,7% Превикурнинг 1,5 фоизли эритмаси) билан дорилаб экиш тавсия этилади. Иссиқхоналарда оққанотни тарқалишига йўл қўймаслик, алмашлаб экишни қўллаш, ерни чуқур ҳайдаш ва бошқа технологик чораларни ўз вақтида қўллаш зарур.

Иссиқхоналарда оққанот тарқалишига йўл қўймаслик, алмашлаб экишни қўллаш, ерни чуқур ҳайдаш ва бошқа технологик чораларни ўз вақтида қўллаш зарур.

Биологик усулда кузги тунлам ва ғўза тунлами тухумига қарши трихограмма (ҳар бир авлодга 1 г. дан 3 марта); қуртларига қарши (бракон 100 дона), сўрувчи зараркунандаларга қарши олтинкўз, оққанотга қарши энкарзия, макролофис энтомофаглари қўлланилади. Занг канага қарши олтинкўз энтомофаги яхши самара беради.

Помидорда асосий зараркунандаларидан шира, оққанот, трипс, занг канага қарши 10 сотихга Талстар 10% эм.к. (30–40 мл), Конфидор 20% эм.к. (25–30 мл), Моспилан 20% н.кук. (25–30 г) ва ғўза тунламга Аваунт 15% эм.к. (40 мл), Тайшин с.д.г. (10–12 г) препаратлари қўлланилади.

Касалликлардан меваларнинг учидан чириши, бактериал қора доғ, фитофтороза, ун шудринг, фузариоз ва вертициллиоз сўлиш, мозаика, столбур учрайди. Ун шудрингга қарши Байлетон 25% н.кук. (100–200 г), фитофтороз, альтернариозга Превикур 72,2% с.э.к. (150 мл) ёки Курзат Р н.кук. (200–250 г), Рирдомил голд 68% с.д.г. (200–250 г) ёки 1 фоизли Бордо суюқлигини қўллаш мумкин. 60–70 литр сувда тайёрланган аралашма ишлатилади. Бу кимёвий препаратларни сабзавоткор мутахассислар билан маслаҳатлашиб қўллаш зарур.

Ҳосилни йиғиштириш. Помидор мевалари поясида тўлиқ пишган, лекин ҳали қаттиқ бўлганда етилган ҳисобланади. Оч ёки тўқ қизил рангга кирган меваларни авайлаб, пояга шикаст етказмасдан синдириб олиш мумкин. Терилган помидорларни салқин жойга қўйиш лозим. Баъзида кўк помидорларни биринчи қаттиқ совуқ тушишидан олдин териб олиш ва салқин нам жойда сақлашга қўйилади. Пишган помидор вақтида териб олинмаса поясидан оқиб тушади.

    Р.Ҳакимов, Б.Азимов 


Улашиш: