Чиннигул етиштириш бўйича тавсиялар
Экиш учун тавсия этилган навлар: Гренадин, Туркия, Голланд, Хитой ва ҳ.к.
Кўчат тайёрлаш. Чиннигул илдиз орқали ердан ундириб ёки уруғ сепиш орқали кўпайтирилади. Чиннигул кўп йиллик гул тури бўлгани учун илдизлари орқали ёнидан куртак чиқариб кўпайиш хусусиятига эга.
Уруғ сепиб кўпайтиришда соғлом, яъни пишган уруғ танлаб олинади. Қуритилган уруғ сувга бўктирилган ерга сепилади ва уруғ усти тупроқ билан юпқа қилиб ёпиб чиқилади. Сепилган уруғ 10–15 кунда униб чиқади. Униб чиққандан кейин 50–60 кунда экишга тайёр бўлади.
Экиш учун жой танлаш ва ерни тайёрлаш. Чиннигул тупроқ танламайди, лекин таркибида бир оз оҳак бўлган, соғ, унумдор ва донадор тупроқли ерни кўпроқ ёқтиради. Тупроқ ҳар квадрат метрига 4–5 кг гўнг ва 400–500 г қум қўшиб чопилади Агар тупроқ қумли, юмшоқ бўлса, ҳар квадрат метрга 3–4 кг гўнг солиб чопилади.
Очиқ майдонларда 50–60 см. ли қаторлар тайёрланади. Йирик гулли чиннигул етиштириш учун иккидан бир қисм соз тупроқ ва яна иккидан бир қисми чириган баргдан иборат аралашма тайёрланиб, бунга тупроқнинг қай даражада зичланганига қараб, қум қўшилади.
Экиш. Чиннигулни турлари ва навларига қараб май-июнь ойидан то август ойларигача чала офтобли жойга ўтқазиш мумкин. Очиқ майдонларда 25–30 см. ли қаторчалар тайёрланади. Сўнгра 10–15 см. ли чуқурчалар тайёрланади. Намликни сақлаш мақсадида туп айланасига 2–3 см қалинликда ёғоч қириндиси сепилади. Доимий жойга гул кўчатини экишда 50×30 ёки 60×25 см. ли схемалар танланади. Чиннигулга суюқ ўғит яхши таъсир қилади. Суюқ ўғитни тайёрлаш учун 10 л сувга 20 г мол гўнги қўшилади.
Яхши ачиганидан кейин ўсимлик дастлаб ҳар олти кунда бир марта, бир оз вақт ўтгач – икки марта ана шу суюқ гўнг билан суғорилади. Суюқ ўғит фақат ғунчалар ҳосил бўла бошлаганда солинади. Бундай ўғит солингандан кейин ўсимликлар бир ёки бир неча марта тоза сув билан суғорилади. Тўғри агротехник чора тадбирлари олиб борилганда ўсимлик тупидан 6–8 та гул олиш мумкин
Суғориш. Чиннигул ёз кунларида ҳар 10–15 кунда 2–3 маротаба захлатмасдан суғорилади.
Ўғитлаш. Чиннигул асосан май, июн ойларида чириган гўнг билан озиқлантирилади.
Қатор оралиғига ишлов бериш. Тупроқни юмшатиш дастлабки йиллари 6–8 маротабагача ўтказилади. Қатор оралари қўл кучи ёрдамида 10–12 см чуқурликда кетмон билан чопиқ қилинади. Бу ишлар суғорилгандан 2–4 кундан сўнг амалга оширилади. Гулзор доимо бегона ўтлардан тозаланади.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Чиннигул асосан оқ пашша ва занг касалликларига мойил. Бу касалликларга қарши асосан олтингугурт ва бошқа кимёвий дорилар сепилади.