Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қорағатдан қандай қилиб мўл ҳосил олиш мумкин?

21/Noyabr/2024 23:51
  1238

Қорағат (смородина) кўп йиллик бутасимон ўсимлик бўлиб, бир ерда 15-20 йилгача яхши ўсиб ҳосил беради. Қорағатзорга эрта баҳорда соф ҳолда 120-150 кг азотли ўғит солиниб, қатор ораси 25-30 см чуқурликда ҳайдалиб, туп атрофлари юмшатилади. Кўп йиллик бутасимон ўсимлик бўлганлиги боис ҳар йили янги новдалар ўсиб чиқиш хусусиятига эга. Новдалари иккинчи йилдан ҳосил бера бошлаб, 3-йилдан 5-йилгача новдада ҳосил ортиб боради. 5-йилдан кейин ҳосил камайиб, меваси майдалашади. Шунинг учун баҳорда 5 ёшдан ошган новдалар ҳамда нимжон бир йиллик новдалар кесиб ташланиб, улар ўрнига бир йиллик яхши ривожланган новдалардан 5-6 таси қолдирилади, қолганлари кесиб ташланади. Бир туп қорағатда 20-25 та ҳар хил ёшдаги новдалар бўлиши таъминланса, мўл ва сифатли ҳосил олинади. 

Қорағат тупроқ намлиги ва механик таркибига мувофиқ вегетация даврида олти маротабадан ўн икки маротабагача суғорилади. Намлик сақлаш хусусияти яхши бўлган ерларда суғориш миқдори 500-800 м3/га. ни ташкил қилади. Биринчи суғориш гуллаш даврида, мева тугиш бошида эса эгатлар сув билан тўла намлангунча суғорилади. Мева тугиш ва етилиш давомида (май-июнь) суғориш сони оширилади ҳамда 10-15 кунда бир сув берилади. Ҳосил йиғиб-териб олингандан сўнг (июль-август) гулкуртак шаклланадиган давр бошланади. Бу даврда ерлар нам ва юмшоқ ҳолатда бўлиши керак. Сентябрда қорағатни қишловга тайёрлашдан олдин бир маротаба суғорилади, кейин тупроқда намликни сақлаб қолиш мақсадида қатор оралари юмшатилади. Агар тупроқ қурий бошласа, ер ёрилади, илдизлари узилади, ўсимлик ўсишдан тўхтаб, барглари сарғаяди, бунга йўл қўймаслик керак. 

Х.Абдуллаева


Улашиш: