Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Кузги буғдой ва жавдарни ўғитлаш

21/Noyabr/2024 15:41
  1244

Кузги дон экинлар юқори ҳосилдорликка эга бўлиб, ўғитларга ҳам талабчандир. Кузги буғдой жавдарга қараганда мўътадил муҳит ва тупроқ унумдорлигига бир мунча талабчан. Паст ҳароратга чидамсиз. Тупроқдаги қийин эрийдиган бирикмаларни суст ўзлаштиради. 25 ц дон ва 60 ц сомон шакллантириш учун кузги буғдой 105 кг азот, 35 кг фосфор ва 70 кг калий сарфлайди. Айни миқдорда ҳосил бериш учун кузги жавдарга 80 кг азот, 35 кг фосфор ва 75 кг калий зарур.

Кузги дон экинлари тупланиш давригача озиқ моддаларини унча кўп талаб қилмайди, лекин фосфорнинг танқислигига ўта сезгирдир. Найчалашдан бош оқ тортишгача ўтадиган даврда ва гуллаш олдидан озиқ моддаларни кўп миқдорда талаб қилади (1-жадвал). Уруғ униб чиққандан токи ниҳоллар қишловга киргунча энг масъулиятли давр ҳисобланиб, бу даврда тупроқда етарли миқдорда озиқ моддалар бўлиши тақозо этилади.

1-жадвал. Кузги дон экинларнинг озиқ моддаларга талаби: энг юқори талабга нисбатан %

(В. А. Демин, 1989)

Ўсув даври

Азот

Фосфор

Калий

 

Кузги жавдар

 

Найчалаш

76

58

82

Гуллаш

93

78

99

Мум пишиш

100

100

100

 

Кузги буғдой

 

Кузда ва эрта баҳорда

47

30

48

Бошоқлаш

69

65

68

Гуллаш

90

93

95

Сут пишиш

98

97

100

Тўла пишиш

100

100

100

Ниҳоллар яхши ривожланиши ва қишлаши учун кузда фосфорли-калийли ўғитларни кўпроқ, азотли ўғитларни камроқ қўллаш керак. Айни ҳол ўсимликларнинг яхши тупланишига, бақувват илдиз отишига, кўп миқдорда қанд моддалар тўплашига ва оқибатда совуққа чидамлилиги ошишига ёрдам беради.

Кузги дон экинларни асосий ўғитлаш кўп жиҳатдан ўтмишдош экин турига, ўғит меъёри ва тупроқ унумдорлигига боғлиқ. Бу хил экинлар эрта баҳордан жадал ўса бошлайди. Шу боис уларнинг азотли ўғитларга бўлган талаби бу даврда кучаяди. Маълумки, эрта баҳорда тупроқда азотнинг минерал шаклдаги бирикмалари жуда кам бўлади. Фосфорли-калийли ўғитлар билан қўшимча озиқлантиришнинг самараси шудгор остига қўллагандагига қараганда анча кам бўлади.

Кузги дон экинларига ўғитлаш меъёрини белгилашда улардан олинадиган ҳосил, ўтмишдош экин, тупроқ-иқлим шароитлари ва суғоришга алоҳида эътибор қаратилади.

Яхши маданийлашган, ўтмишдош экин меъёрида ўғитланган ва кўп йиллик ўтлардан бўшаган майдонларда етиштирнладиган кузги дон экинларига фосфорли-калийли ўғитлар тўлалигича, азотли ўғитларнинг бир қисми кузда киритилади. Кузги дон экинларга гўнг ёки компост қўллаш яхши самара беради. Экишдан олдин тупроққа гўнг киритилган бўлса, кузда азотли ва калийли ўғитлар киритилмаса ҳам бўлади (енгил механикавий таркибли, кам унумли тупроқлар бундан мустасно).

Ўсимликларни ривожланишнинг илк даврларида озиқ моддалар билан таъминланишини яхшилаш учун экишгача оз миқдорда азотли-фосфорли мураккаб ўғит қўллаш лозим.

Серкарбонат тупроқларда азотли, фосфорли ва калийли ўғитларни ўртача меъёрда киритиш гектаридан 4-7,0 ц қўшимча ҳосил олишни таъминлайди. Суғориладиган деҳқончилик шароитларида кузги экинларга қўлланиладиган ўғитларнинг самарадорлиги янада юқори бўлади. Қўлланиладиган бир кг NPK ҳисобига 7-8 кг дон олинади.

Суғориладиган тупроқдарда донли экинларнинг калийга бўлган талаби асосан тупроқдаги калий заҳираси ҳисобига қондирилади. Лекин имкон қадар калийли ўғитларни ҳам қўллаш лозим.

Манба:

Б. Мусаев (2001). Агрокимё. Тошкент: Шарқ.

Улашиш: