Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тупроқ-иқлим шароитларининг маҳаллий ва минерал ўғитлар самрадорлигига таъсири

23/Noyabr/2024 00:06
  1902

Тупроқ унумдорлиги ва сув билан таъминланганлиги ўғитлар самарадорлигига кучли таъсир кўрсатади. Суғорма деҳқончилик амалга ошириладиган шароитларда азотли ўғитларнинг самарадорлиги анча юқори. Азотнинг самарадорлигига тупроқнинг ҳаракатчан фосфор ва калий билан таъминланганлик даражаси ҳам таъсир кўрсатади. Бу моддалар тупроқда кам бўлган ҳолда азотнинг ўзлаштирилиши кескин камаяди. Тупроқ ҳаракатчан фосфор билан қанча паст даражада таъминланса (бўз тупроқлар ҳам шундай тупроқлар жумласига киради), қўлланиладиган фосфорли ўғитлар самарадорлигининг юқори бўлиши кузатилади.

Калийли ўғитлар механикавий таркиби енгил (қумли ва қумлоқ) тупроқларда яхши самара беради. Ўрта ва оғир қумоқли ҳамда соз тупроқлар калий билан юқори даражада таъминланганлиги сабабли уларда калийли ўғитлардан олинадиган иқтисодий самара бир мунча кучсиз намоён бўлади.

Маҳаллий ўғитлар, хусусан гўнг, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда ўзига хос аҳамият касб этади. Тупроқ ҳарорати юқори, намлик етарли бўлган шароитларда гўнг яхши самара беради.

Ўғитлардан фойдаланишда жорий йил билан бир қаторда ўтган йиллардаги иқлим шароитларини ҳам ҳисобга олиш лозим. Куз фаслида ёғин-сочин кам бўлса, азотли ўғитларнинг самарадорлиги камаяди ва аксинча, фосфорли ўғитларнинг самарадорлиги ошади. Ўғитлар, айниқса маҳаллий ўғитлар, тупроқдаги сув сарфини 10—20 % га камайтиради. Ўз навбатида суғориш ҳам ўғитлар самарадорлигини оширади.

Ўсув даврининг илк босқичларидаги паст ҳарорат ўсимликларнинг азот ва фосфор билан меъёрида озиқланишига салбий таъсир кўрсатади. Ҳаддан ташқари юқори ҳароратларда ҳам ўсимликларнинг меъёрида озиқланиш жараёни бузилади. Ўғитларнинг самарадорлигига тупроқларнинг микробиологик фаолияти ҳам ўзига хос таъсир кўрсатади.

Манба:

Б. Мусаев (2001). Агрокимё. Тошкент: Шарқ.

Улашиш: