Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тупроқ эрозияси ва ўғитларнинг исроф бўлиши қандай юз беради?

24/Noyabr/2024 05:11
  1950

Озиқ моддаларнинг тупроқдан мосуво бўлишида сув ва шамол эрозияларининг таъсири катта. Қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришда агротехникавий тадбирларга тўла амал қилмаслик тупроқ эрозиясини юзага келтиради, қайсики фақат тупроқ таркибидаги эмас, балки ўғит билан киритилгандан озиқ моддаларнинг ҳам асосий қисмини йўқолишига олиб келади.

Сув эрозияси натижасида ҳосил бўладиган жарларнинг ўзи йилига 200—300 га унумли экинзорларни қишлоқ хўжалик ўрамидан чиқаради. Жарларга нисбатан тупроқларнинг юза ювилиши кенг тарқалган бўлиб, унинг таъсирида тупроқ унумдорлиги кескин пасаяди, экинзорлар зарарланади, ҳосилнинг 10—70% нобуд булади.

Юза ва чизиқсимон эрозия натижасида ҳар га майдондан 10—30 т гумусли қатлам ювилади (жалалар чоғида бу кўрсатгич 75—120 т/га ни ташкил қилади). Ювилган тупроқ таркибидаги азот, фосфор ва калий миқдори жуда катта рақамларни ташкил қилади.

Шамол эрозияси етказадиган зарар сув эрозиясидан қолишмайди. Дефляция натижасида буғдой ва сорго ҳосили гектарига мос равишда 2,7 ва 3,1 ц /га камаяди.

Тупроққа ўғит киритиш озиқ моддаларни янада кўпроқ ювилишига сабаб бўлади. Айрим маълумотларга кўра, ўғит киритилмаган пайкалдаги райграс остидан 3 кг/га азот ювилган бўлса, гектарига 200—300 кг азотли ўғит ишлатилганда, бу кўрсаткич 2,5—3,0 марта кўпаяди.

Тупрокдаги калийнинг ювилишига пайкалнинг ўсимлик билан банд ёки банд эмаслиги кучли таъсир кўрсатади. Чунончи, шудгор қилиб ташлаб қўйилган майдоннинг бир гектаридан 160 кг калий ювилса, кўп йиллик ўтлар билан банд пайкалдан атиги 3,0 кг калий ювилади.

Тупроқ эрозияси таъсирида озиқ моддалар йўқолишининг олдини олиш учун қуйидаги чора-тадбирларни қўллаш мақсадга мувофиқдир:

·        тупроқ эрозиясига қарши ишлаш тизими (ағдаргичсиз плуглардан фойдаланиш, ишлов сонини камайтириш, чизеллашни сифатли ўтказиш ва ҳ.к.)ни йўлга қўйиш;

·        нишаблиги юқори бўлган майдонларни «супача» ва «йўлакча» усулида ҳайдаш, эрозияга қарши алмашлаб экишни жорий қилиш;

·        пайкалларни экинлар билан банд қилиш;

·        эрозияга мойил пайкалларга кўп йиллик ўтлар уруғини экиш;

·        ўғит турларини тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда мақбул меъёр, муддат ва чукурликда қўллаш;

·        структура ҳосил қилувчи полимерлардан унумли фойдаланиш.

941389421445001-87453254-95632478652.jpg (84 KB)

1-расм. Тупроқ эрозияси кўринишлари

Манба:

Б. Мусаев (2001). Агрокимё. Тошкент: Шарқ.

Улашиш: