Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Доривор мойчечак ўсимлиги: доривор хусусиятлари ва ўстириш технологияси

21/Noyabr/2024 19:46
  1243

Табобатда ишлатилиши. Мойчечак ичакларнинг ёпишиб қолиши (ичаклар спазми) га, микробларга, аллергияга ва яллиғланишга қарши ҳамда яраларни даволовчи таъсирга эга. Шунинг учун унинг доривор препаратлари меъда-ичак (ичак ёпишиб қолганда ва ич кетганда) ва гинекологик касалликларни даволашда ҳамда тер ва ел ҳайдовчи дори сифатида ишлатилади. Булардан ташқари, мойчечак гули юмшатувчи, антисептик ва яллиғланишга қарши (оғиз, томоқни чайқашда, шифобахш ванна ҳамда клизма қилишда) восита сифатида қўлланилади.

Мойчечак гули таркибидаги кимёвий бирикмалар комплекси (хамазулен, матрицин, апигенин, герниарин ва бошқалар) таъсир этувчи қисм ҳисобланади. Хамазулен тинчлантирувчи хоссага ҳамда ичакларнинг ёпишиб қолиши, аллергияга ва яллиғланишига қарши таъсирга эга. Апигенин, апиин ва герниаринлар ҳам ичакларнинг ёпишиб қолишига қарши таъсир қилади.

Доривор препаратлари. Мойчечак гулидан (саватчалардан) дамлама тайёрланади. Саватчалар меъда касалликларида, томоқ чайқашда ишлатиладиган ва юмшатувчи йиғмалар — чойлар таркибига ҳам киради.

Ниҳолларни биологик хусусиятлари: мойчечак уруғларини униши 6-7°С дан бошланса-да, оптимал ҳарорат 20-25°С ҳисобланади. Агар уруғлар экилгандан сўнг намлик етарли бўлмаса, уруғлар узоқ вақтгача унмаслиги мумкин. Бу вақтда уруғ экилган майдонлар суғорилади.

Ниҳоллар униб чиққандан сўнг (намлик ва ҳавонинг ҳарорати нормал даражада бўлганда) 20-40 кунда ҳар бир ниҳолда 6-10 тадан розетка барглари ўсиб чиқади. Кузда экилган ниҳоллар шу ҳолда қишлайди.

Эрта баҳорда экилган ниҳоллардан апрель ойининг биринчи ўн кунлигида 7-9 тадан розетка барглари ўсиб чиқади. Март-апрель ойи даврида баҳорнинг сел ёмғир келиши натижасида розетка барглари тез ўсиши ва йириклашиши натижасида ўсимлик ўртасида пояни ўсиб чиқиши ва шохланиши кузатилади. Ўсимликнинг намлик билан яхши таъминлаб борилса, ҳаво ҳароратининг кўтарилиб бориши натижасида май ойининг биринчи ўн кунлигида дастлабки гуллар очилади. Умуман олганда баҳорда экилган уруғлардан 30-50 кунда дастлабки гулларни очилишини кўрамиз. Кузатишлар шуни кўрсатдики, ўсимлик пояларида эндигина пайдо бўлган гунчалардан 10-12 кунда гуллар очилиши мумкин. Шубҳасиз бунга ҳавонинг ҳарорати, тупроқ намлиги ва тупроқдаги озиқа элементлар муҳим роль ўйнайди.

Кунларнинг иссиқлиги ва тупроқ намлигига қараб, ўсимликдаги битта саватча 5-6 кун очилиб туриши мумкин. Ҳавонинг ҳарорати ўртача 19-21°С бўлганда гулларни яхши очилиши кузатилган. Ҳароратнинг 30°С дан ортиши гулларнинг очилишига салбий таъсир этиши билан бирга уларнинг майдалашишига олиб келади. Гулларни очилишида ёруғлик ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳавонинг булутсиз очиқ бўлиб туриши гулларни тез очилишига ёрдам беради.

Ўстириш усуллари. Мойчечак ёруғ севар, нам севар ва уни унумдор ерларда ўстириш мақсадга мувофиқдир. Шу сабабли аввало уруғларни сепишдан олдин ҳар гектар ерга 20-25 тоннадан маҳаллий ўғит (гўнг) ва суперфосфат солиб, тупроқ 25-30 см чуқурликда ҳайдалади. Ўсимлик ўсиши ва ривожланиши учун тупроқда минерал моддалар етарли бўлиши керак. Мойчечак ўсимлигини 2-3 йил экиб, сўнг ўрнига бошқа доривор ёки қишлоқ хўжалик ўсимликларини экиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Акс ҳолда йил сайин ҳосилдорлик пасайиб бориши мумкин. Мойчечак баҳорги-ёзги ўсимлик бўлгани сабабли, июль ва август ойларида ундан бўшаган майдонларга кечки экинлар экиб улардан қўшимча ҳосил олиш ҳам мумкин.

Мойчечак экиладиган майдонлар иложи борича ёруғлик яхши тушадиган, дарахтзорлар бўлмаган ва унумдор тупроқ бўлгани маъқул.

Ниҳоллар ўсиш даврида бегона ўтларни кўпайиб кетишини ҳисобга олган ҳолда 4-6 см чуқурликда культивация ўтказилиши, бегона ўтларни йўқолишига сабаб бўлади. Ўсимликни йиғиштириб олгандан кейин ҳам тезлик билан шудгор қилиниши, шу майдонларни бегона ўтлардан тозаланишига, ўсимлик қолдиқларини тупроқ остида чиришига ёрдам беради.

Мойчечак ўсимлигини ўғитлаш тизими. Мойчечак ўсимлиги Европа давлатларида ва Россия Федерацияси ҳудудларида ўстирилганлиги сабабли бу ўсимликнинг биологияси ва ўғитлаш тизими қисман ўрганилган. Ўзбекистонда доривор ўсимликларни деҳқончилиги энг ёш йўналиш бўлганлиги сабабли барча доривор ўсимликлар каби мойчечак ўсимлигининг биологияси ва ўғитлаш тизими бизнинг шароитда тўлиқ ўрганилмаган.

Мойчечак экиладиган ерларни механик таркиби, ўртача шўрланиш даражаси жуда паст бўлиши лозим. Ўсимлик экиладиган майдонлар кузда гектарига 25-30 тонна гўнг ва фосфорли ўғитларни йиллик нормасини 70% солиниб ҳайдалиши керак.

Мойчкечакни ўсиб ривожланиши давомида икки марта: биринчиси - майса ҳосил бўлган даврда (март ойининг биринчи ўн кунлигида), иккинчиси ғунчалаш даврида (апрель ойининг учинчи ўн кунлигида) гектарига 30-40 кг ҳисобида азотли ўғитлар берилади. Азотли ўғитларни ўсимликни суғоришдан олдин берилади. Ўсимликни азотли, фосфорли ва органик ўғитлар билан яхши озиқлантирилганда мойчечак гулларини гектарига 1,5-3,0 центнерга ошганлиги аниқланган.

Касалликга қарши курашиш. Мойчечак ўсимлиги вегетация давомида барча маданий ўсимликлар каби ун шудринг касаллиги билан касалланиши мумкин. Айниқса соя ерда экилган ўсимликлар тез касалланади. Ун шудринг касаллигини олдини олиш ва даволаш мақсадида фунгицидлардан - топас препаратидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Касалликни олдини олиш мақсадида 100 литр сувга 25 мл топасни эритиб пуркалади. Касаллик белгилари пайдо бўлганда эса 100 литр сувга 30 мл дан препарат эритилиб пуркалади. Профилактика мақсадида май ва июнь ойида бир мартадан пуркалса, касалликни даволашда 7-14 кун оралиғида такрорлаб турилади.

Ердаги кўпчилик ҳашарот личинкалари ва лавлаги узунбурун, колорадо қўнғизи, каналар ва қўнғизларни йўқотиш мақсадида каратэ препаратини пуркаш ёки унинг ўрнига 3 кг/га хлорофос препаратидан ҳам фойдаланиш мумкин.

Бу хилдаги препаратларни иложи борича март ойи охири ва апрель ойида ўтказган маъқул.

Замбуруғ касалликларига асосан грозан препарати, айрим ҳолларда ун шудринг касаллигига қарши олтингугурт қўлланилади.

Касаллик ва зарарли ҳашаротларга қарши курашнинг яна бирдан бир йўли алмашиб экишни йўлга қўйиш билан бирга бегона ўтларга қарши курашишдир.

Маҳсулот тайёрлаш. Маҳсулот ўсимлик қийғос гуллаганда тайёрланади. Саватчалардаги гуллар гуллай бошлаганда тилсимон гуллар юқорига қараган бўлиб, тўлиқ гуллаган даврида горизонтал ҳолатга ўтади. Гуллаб бўлгандан сўнг тилсимон гуллар пастга қараб йўналади. Айни шу вақтда найчасимон гулларда мева ҳосил бўла бошлайди. Саватчалардаги гуллар қийғос гуллаган даврда, яъни тилсимон гуллар горизонтал ҳолатга ўтган вақтида саватчалар таркибида эфир мойи энг кўп йиғилади. Шунинг учун маҳсулотни шу даврда тайёрлаш тавсия этилади. Саватчалар қўл билан юлиб ёки халтачали махсус қайчи билан қирқиб, ёки халтали махсус хокандозга ўхшаган тароқ ёрдамида юлиб олинади. Йиғилган саватчалар аралашмадан тозалангандан сўнг соя ерда ёки қуритгичларда 40 дан ошиқ бўлмаган ҳароратда қуритилади.

Манба: moodle.pharmi.uz

Улашиш: