Паррандачиликда парранда гриппини олдини олиш

10-02-2019 19:11
  216
Паррандачиликда парранда гриппини олдини олиш

Қушлар орасида айланиб юрадиган юқумли касалликлардан H5N1 вируси одамлар учун хавфли ҳисобланади. Бугунги кунга қадар мавжуд бўлган маълумотларга қараганда, одамларнинг грипп вируси инфекциясининг асосий манбаи ўлик ёки касал қушлар билан яқиндан алоқа қилиши эканлиги кўрсатилган.

Паррандачилик фермаларида парранда гриппининг самарали олдини олишга тавсия этилган қоидаларга қаттиқ риоя қилиш билан мумкин. Ушбу қоидаларга мувофиқ паррандачилик фермаси ёпиқ тартибда ишлаши керак. Бегона кишиларни парранда фермаларига кириши қатъиян ман этилади. Шунингдек, профилактика чоралари қуйидагилардан иборат:

1. Автотранспорт воситаларига махсус дезинфекцияли воситалар билан ишлов бериш.

2. Ходимларни фақат махсус жиҳозланган хоналардан (санитария назорати хонаси) орқали кириши ва чиқиши.

3. Парранларнинг ҳолати тўғрисида даврий ветеринария назорати жорий этилиши.

4. Паррандачилик фермасининг алоҳида биносига кириш олдида дезоматларнинг доимо мавжуд бўлиши.

5. Ҳаво алмаштириш тизимини махсус фильтрли ускуналар билан жиҳозлаш.

6. Ферма ходимларининг мунтазам тиббий кўрикдан ўтиши.

7. Дезинфекция, дезинсекция, дератизация тадбирларини доимий ўтказиш.

8. Уй ва ёввойи ҳайвонлар паррандачилик хўжалиги ҳудудида бўлишига йўл қўймаслик.

9. Паррандалар гуруҳларининг бир-биридан алоқасини (контакт) узиш.

10. Озуқа цехи ва омборларга ҳар хил ёввойи паррандаларнинг учиб киришига йўл қўймаслик.

11. Теварак атрофдаги хўжаликларнинг ушбу касаллик бўйича эпизоотик ҳолатини ўрганиб бориш.

12. Ферма ичкарисига бегона кишиларнинг киришига йўл қўймаслик.

13. Паррандаларни хўжалик ичида ветеринария врачи руҳсатисиз аралаштирмаслик, ундан паррандалар, тухум ва бошқа парранда маҳсулотлари ҳамда асбоб-ускуналар, жиҳозлар, гўнгларни олиб чиқмаслик талаб этилади.

Шунингдек, паррандачилик хўжаликларида парранда гриппининг олдини олиш учун ходимлар билан тушунтириш ишларини бажариш назарда тутилади. Шахсий гигиенага қатъий риоя этиш талаб этилади. Ёввойи қушларни фермага келишига ва ҳайвонларни (ит, мушук) киришига йўл қўйилмайди. Дезинфекция учун иссиқ (70-800 С) 3% ли ўювчи натрий , 2% ли формальдегид, 3-5% ли фаол хлорли оҳак, 1% ли сирка кислота қўлланилади (аэрозол дезинфекция 15-20 мл/м3).

Паррандалар гриппидан тузалган товуқларда иммунитет 6 ой давом этади. Махсус профилактика учун вируснинг А1 турига қарши суюқ ва қуруқ фаолсизлантирилган ГОА эмбрион вакциналар қўлланилади. Вакциналар профилактик мақсадда ёки ушбу касаллик бўйича хавфли ҳудудларда 45 кунлик жўжаларга ишлатилади. 14-21 кундан сўнг иммунитет ҳосил бўлади ва у 6 ой сақланади.

Хабибулло Хамдамов

ЕХХТ ветеринария ва чорвачилик бўйича консультанти

Туркумлар