Ёнғоқ боғини барпо этишдан олдин тупроққа ишлов бериш

09-02-2019 12:50
  78
Ёнғоқ боғини барпо этишдан олдин тупроққа ишлов бериш

Грек ёнғоғини яхши ўсиши учун керакли тупроқни сифатли тайёрлаш энг асосий омиллардан биридир. Ўзбекистонда ёнғоқзор учун кўпчилик майдонлар тоғ олди ва тоғ минтақасида жойлашган. Эрозия жараёни бошланмаслиги учун тупроқни тайёрлашда эхтиёткорлик чоралари кўрилиши лозим, бунда қияликларни катта – кичиклигига эътибор қаратилади. Тупроқ ялпи равишда қияликка кўндаланг йўналишда ҳайдалади, 8 дан 12 градусли қияликларда террасалар (зинапоялар) қурилади, бунинг учун ер плуг ёрдамида ҳайдалади, 12 дан то 20-25 градусгача бўлган қияликларда скамейкасимон террасалар қурилади. Террасаларнинг эни 4 м гача бўлиши зарур.

Суғориладиган жойларда боғ барпо этилишида (ва 12 градусли қияликларда) ерни ҳайдашдан олдин бульдозер, террасер-юмшатгич ёрдамида текисланади ва ундан сўнг махсус ишлаб чиқилган лойиҳа бўйича тадбирлар амалга оширилади.

Тупроғи ювилмаган ёки кучсиз ювилган жойларда плантаж плуги билан 40-45 см чуқурликда ер ҳайдалади, кучли ювилган, чириндиси кам бўлган майдонларда, 25-27 см чукурликда ҳайдалади ва 40 см гача яна юмшатилади. Баҳорда экиш учун тупроқ кузда ҳайдалади.

Боғни барпо этишдан олдин тупроқни унимдорлигини ошириш муҳим тадбирлардан биридир. Бунинг учун тупроқ экишга тайёрлангандан сўнг гўнг ва фосфор-калийли ўғитлар солинади, боғ барпо этилгандан кейин эса сидерал экинлар экилади ва ёзда тупроқни ҳайдаб аралаштирилади. Гўнг 80-100 т/га миқдорида берилади, тупроқ бойроқ жойларда эса – 50-60 т/га. Гўнг бўлмаган тақдирда сидератлар икки йил давомида экиб тупроқ ҳайдалади. Сидерат сифатида беда, шобдор ва бошқа дуккаклиларни ишлатиш мумкин, улар катта миқдорда яшил массани ҳосил қиладилар.

Тупроқни фосфор ва калий билан бойитиш учун 600-700 кг/га суперфосфат ва 120-180 кг/га калийли туз берилади.

Фосфор ва калий ўғитлари ерни ҳайдашдан олдин, органик ўғитлар эса кейин сочиб юборилади.

Органик ўғитларни тупроққа солиш учун боғни барпо этишдан олдин тупроқ 27-30 см чуқурликда ҳайдалади, йирик кесакларни майдалаш, намликни сақлаш ва боғни режа бўйича жойлаштириш учун борона қилинади. Қияликларда шудгорлаш усули билан барпо этилган террасалар (12° гача) трактор ёрдамида 4-6 марта ҳайдалади. 15 дан 20-25°С гача бўлган қияликларда зинапоясимон террасалар булдозер ёки террасёр-юмшатгич ёдрамида барпо этилади. Террасалаш жараёнида улар оралиғидаги дарахтлар олиб ташланади (ёнғоқларга соя бермаслиги учун). Фақат буталарни қолдириш мумкин. Барча ҳолатда террасани кенглиги 4 м бўлиши лозим. Лалми боғлар учун террасалар горизонтал бўйича жойлаштирилиши лозим ва террасанинг тескари қиялиги 5-8 градусни ташкил қилиши лозим. Скамейкасимон террасаларни қуриб бўлгандан кейин тупроқнинг материк қисми ағдармасдан чукур юмшатилиши лозим бўлади.

Манба:

Бутков Е.А. (2009). Ўзбекистонда ёнғоқни боғ типида плантацияларини барпо қилиш бўйича тавсиялар. Тошкент.

Туркумлар