Тупроқнинг ҳаво режимини бошқариш

10-01-2019 14:26
  367
Тупроқнинг ҳаво режимини бошқариш

Ҳар қандай тупроқда ҳамма вақт маълум миқдорда ҳаво бўлиб, ундаги бўшликдарни тўлдириб туради.

Маълум вақт ичида тупроққа ҳаво кириши ва унинг миқдори ҳамда таркибини ўзгариши ҳаво режими дейилади.

Тупроқда атмосферадан кирган ҳаво ва тупроқдаги ҳар хил биокимёвий процесслар натижасида ҳосил  бўлган газлар учрайди. Атмосфера ҳавосининг таркиби тупроқ ҳавосининг таркибидан анчагина фарқ қилади. Атмосфера ҳавосида N (азот) 78,8%, О2(кислород) 20,95%, СО2(корбонат ангидрид) 0,03%, тупроқ ҳавосида эса N 78-80%, О2 19-21%, СО2 0,1-1,0% бўлади. Тупроқ ҳавоси унда яшайдиган айрим микроорганизмлар учун зарур, чунки тупроқда ҳаво етишмаса, аэроб микроорганизмлар ҳаёт кечира олмайди. Натижада органик колдиқлар яхши чиримасдан, ўсимликлар ўзлаштира оладиган озиқ моддалар ҳосил  бўлиши учун шароит бўлмайди.

Тупроқ ҳавоси таркибидаги кислород тупроқдаги ҳар хил минерал ва органик моддаларни оксидлайди. Натижада оксидланган баъзи элементлар эрувчан ҳолатга ўтса, айримлари аксинча, ҳаво етарли бўлмаган тупроқда ўсимликлар ҳаёти учун зарарли бўлган ҳар хил кимёвий бирикмалар ҳосил қилади. Ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланиши зарур ҳисобланган азот анаэроб шароитда газ ҳолдаги бирикмаларга ўтиб, тупроқдан атмосферага эркин ҳолда чиқиб кетади. Демак тупроқнинг унумдорлиги учун ҳавонинг аҳамияти ҳам муҳим ҳисобланади.

Ўсимликлар ҳаётида ҳаво бошқа омиллар билан тенг аҳамиятга эга. Чунки ўсимликлар карбонат ангидридни ўзлаштирганда нафас олиш жараёни содир бўлиб, бунда кислородни ҳам сингдиради ва маълум миқдорда иссиқлик ажралиб чиқади. Ўсимликлар илдизи нафас олганда ажралиб чиқадиган СО2 бир қанча минерал моддаларнинг эрувчанлигини оширади. Бу ўсимликларнинг яхши озиқланишига ёрдам беради.

Ўсимликларда нафас олишга қараганда фотосинтез жараёни бир неча бор фаолроқ ўтади. Шунинг учун ҳам ўсимликларда органик моддалар тўпланади. Фотосинтез жараёнида ўсимликлар атмосферада 1 т углерод ўзлаштирса, айни вақтда 2 т эркин кислород ажралиб чиқади.

Тупроқ ҳавосининг таркиби вақти-вақти билан ўзгариб туради. Тупроқ ҳавоси таркибидаги СО2 миқдорининг ортиши билан О2 миқдори камаяди. Кислород тупроқ типига қараб, 2-3% гача камаяди, СО2 миқдори эса 10% гача ортади.

Тупроқ ҳавосининг таркиби ва миқдори экинлар турига, ҳароратга, намликка ва унинг аэрациясига боғлиқ. Атмосфера ва тупроқ ҳавосининг алмашиниши тезлигига экинларни парвариш қилиш агротехникаси таъсир этади. Ерларни ўз вақтида ҳайдаш, суғориш, экин қатор ораларини ишлаш тупроқда ҳаво алмашинишини тезлаштиради. Ўсимлик илдизининг нафас олишида ва аэроб микроорганизмлар фаолиятида тупроқ ҳавосидаги кислород ниҳоятда зарур.

Изланишлар шуни кўрсатадики, тупроқ умумий ғоваклигини 25-40% и ҳаво ва 75-60% и сув билан банд бўлганда маданий ўсимликлар яхши ўсади. Ўсимликларнинг нормал ўсиши ва ривожланишига тупроқ ҳавосининг таркиби ҳам таъсир этади. Масалан, тупроқ ҳавосида кислород етишмай, карбонат ангидрид миқдори ортиқроқ бўлса, ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланиши сустлашади, айрим вақтда эса қурийди. Тажриба маълумотларига қараганда, тупроққа кислород бемалол кириб тургандагина нитрофикация жараёни фаол кечади ва азотобактерияларнинг тупроқда азот тўплаши учун шароит вужудга келади. Кислород микроорганизмлар учун жуда зарур.

Тупроқнинг ҳаво ўтказувчанлиги унинг механик таркибига, донадорлигига ва тузилишига боғлиқ. Донадор ғоваксимон ва юмшоқ тузилишга эга бўлган тупроқлар ҳавони яхши ўтказади. Структурасиз, зич тупроқлар ҳавони ёмон ўтказади.

Тупроқнинг ўзида маълум миқдорда ҳаво ушлаб туриш қобилияти унинг ҳаво сиғими дейилади. У асосан тупроқнинг ғоваклигига ва намланиш даражасига боғлиқ бўлади.

Экинлардан юқори ҳосил олишда тупроқда қулай ҳаво режимини яратиш зарур тадбирлардан бири ҳисобланади. Бунинг учун ерни чуқур ва сифатли шудгорлаш, чизеллаш, бороналаш ва культивациялаш каби агротехник тадбирлардан кенг фойдаланиш, тупроқдаги намликни меъёридан ошиб кетишига йўл қўймаслик зарур.

Манба:

С.А. Азимбоев (2006). Деҳқончилик, тупроқшунослик ва агрокимё асослари. Тошкент: Iqtisod-Moliya.

Туркумлар