Ток қаламчаларидан кўчат етиштириш

05-12-2018 13:21
  90
Ток қаламчаларидан кўчат етиштириш

Ток қаламчалари асосан кузда, баъзан баҳорда шира ҳаракати бошланмасдан олдин ҳам тайёрланиши мумкин. Ток туплари қишда кўмиладиган ерларда кузда ток кесиш билан бир вақтда, кўмилмайдиган ерларда эса эрта баҳорда тайёрланади. Қаламчаларнинг узунлиги одатда 50-60 см, йўғонлиги эса кучли ўсадиган хўраки ва кишмишбоп навларда (Хусайни, Тойифи, Каттақўрғон, Нимранг, Қизил ҳурмони, Қора кишмиш, Оқ кишмиш ва ҳ.к) 6-13 мм, ўртача ва кучсиз ўсувчи винобоп навлар (Саперави, Баян ширей, Пушти мускат, Асл қора, Ркацители, Венгер мускати, Кульджинский ва ҳ.к.) да 5-10 мм, бўғим оралиги эса 5-15 см бўлиши керак. Новдаларнинг юқориги, жуда ингичка, пишиб етилмаган қисмларидан қаламча тайёрланмайди. Говлаган, ҳосилсиз новдалар қаламчаларидан етиштирилган кўчатлар эса талабга жавоб бермайди.Тайёрланган қаламчалар жингалак, бачки навдалардан тозаланади ва юқори учини бир томонга, пастки учини бошқа томонга қилиб 100 ёки 200 тадан икки томонидан боғланади. Ҳар бир боғламга оддий қора қалам билан навнинг номи ва қаламчаларнинг сони ёзилган ёрлиқ боглаб қўйилади.Тайёрланган қаламчаларни очиқда қолдирмаслик лозим, акс ҳолда улар намини йўқотиб, экилгач тутмаслиги мумкин. Шунинг учун тайёрланган қаламчалар баҳорда экилгунгача ҳандақларда (траншеяларда) сақланади. Ҳандақларга жойлаштиришдан олдин, улар замбуруғ касалликларига чалинмаслиги учун 5 соат давомида 0,5% ли хинозол эритмасида сақланади. Ҳандақларнинг чуқурлиги 65-70 см, эни 120-150 см, бўйи эса қаламчалар сонига қараб белгиланади (1 м2 жойга 2,5 минг қаламча ҳисобидан). Қаламчалар узоқ сақланган сари таркибидаги озиқ моддаларнинг камайиб бориши ҳисобига улар баҳорда суст ривожланиши, илдиз чиқариш қобилияти пасайиб кетиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун ҳандаклардаги намлик даражаси мўътадил, ҳарорат эса 4-6°С дан ошмаслиги лозим. Устига 35-40 см қалинликда тупроқ тортилади. Қаламчалар махсус совутгичларда сақланадиган бўлса ҳарорат 0-4°С, намлик эса 80-85% атрофида ушланади. Баҳорда қаламчаларнинг сифати текширилади, соғломлари экиш учун ажратилади. Қаламчаларни узоқроқ жойга ташишда улар нам похол ёки полиэтилен плёнкага ўралади ёки брезент билан ёпилади. Ток кўчатлари учун текис, унумдор, суғориш имконятлари яхши, бегона ўтлардан ҳоли ерлар танланади. Кўчатзордан фойдаланиш қулай бўлиши учун у катта йўлга яқин бўлгани маъқул. Тупроқ унумдорлигини яхшилаш мақсадида алмашлаб экиш жорий қилинади. Ўтмишдош ўсимликлар сифатида беда, эртаги сабзавот экинларидан фойдаланилади. Асосан 5 далали алмашлаб экиш тизими тавсия қилиниб, иккита дала бедага, иккита дала кўчатзор учун ва битта дала сабзавот экинларини экишга ажратилади. Майдон кузда плантаж плуги ёрдамида 50-60 см гача ёки оддий плуг билан 30-35 см чуқурликда ҳайдалади. Ер ҳайдашдан олдин гектар ҳисобига 20-25 т чириган гўнг, соф ҳолда 120 кг азот, 90 кг фосфор ва 40-45 кг калий солинади. Экишга қадар ер сатҳи текисланиб бороналанади.

Қаламчаларнинг яхши тутиб кетиши ва ривожланиши учун уларга ўтқазишдан олдин ишлов берилади. Асосий мақсад экилган қаламчаларда илдиз ҳосил бўлишини тезлаштиришдир. Ҳеч қандай ишлов берилмай ўтқазилган қаламчаларнинг бир қисми тутмаслиги, яна бир қисми дастлаб барг ва новда чиқариб кейин қуриб қолиши мумкин. Бунга сабаб, асосан илдизнинг ҳали яхши шаклланмаганлигидир. Қаламчаларнинг дастлабки ўсиши уларда ўтган йил тўпланган озиқ моддалар ва намлик ҳисобига бўлади. Илдиз ҳосил бўлиш билан янги новдаларнинг ўсиши ўртасидаги мутаносиблик бузилса, яъни илдиз кечроқ шаклланса қаламча қурийди. Амалий токчиликда қаламчаларда илдиз ҳосил бўлишини тезлаштиришнинг бир қатор усулларидан фойдаланилади.

Қаламчаларни кильчёвкалашни ўтказиш мақсадида эрта баҳор (март охири-апрел бошлари)да қаламчаларни экишдан 20-25 кун олдин улар кўмилган жойидан ковлаб олинади.Уларнинг ҳолати текширилгач, соғломлари пастки куртаги остидан (агар кесилган жойида оқиш бўртамалар- каллюс пайдо бўлмаган бўлса) кесиб янгиланади ва бир-икки кун сувга солиб қўйилади, сўнгра кильчёвкалаш учун боғ-боғ қилиб боғланган қаламчалар пастки учини юқорига қаратиб махсус чуқурга (чуқурлиги 60-70 см; кенглиги 1-1,5 м) бир текис қилиб жойланади, оралари юмшоқ тупроқ билан тўлдирилади, устига эса 7-8 см қалинликда нам ва юмшоқ тупроқ солинади.

905p162-151269-3041.jpg (176 KB)

1-расм. Кильчёвкаланган қаламча 

Кильчёвкалаш жараёнини жадаллаштириш мақсадида тупроқ устига қум, чириган гўнг ёки қипиқ ва ёки похол солиб, парник ромлари билан ёпиб қўйилади. Қаламчалардаги юқори куртакларнинг уйғонишини кечиктириш мақсадида кильчёвка учун тайёрланган чуқурлар тубига қор босиш ҳам мумкин. Тупроқ остида ҳароратнинг 18-20°С гача исиши натижасида қаламчаларнинг пастки кесилган жойида сарғиш-оқ бўртик (қадоқ) - каллюслар ҳосил бўлади. Бу жараён икки ҳафта давом этади. Агар қаламчалар бундан ортиқ туриб қолса, пайдо бўлаётган илдизчалар нобуд бўлиши мумкин. Кильчёвкаланган қаламчалар дарҳол кўчат етиштириладиган жойга ўтқазилиши лозим. Шунингдек, илдизчалар пайдо бўлишини тезлаштиришда ўстирувчи моддалардан ҳам фойдаланилади. Бунда қаламчаларнинг тупроққа экиладиган қисми гетероауксининг 0,15-0,20% ли эритмасига 1-2 сутка солиб қўйилади. Қаламчаларни экишга тайёрлашда оддий усуллардан ҳам фойдаланилади. Бунинг учун қаламчаларнинг ерга кўмиладиган учи пичоқ ёки бошқа мослама ёрдамида бўйламасига 3-4 жойидан тилинади ёки бўлмаса қаламчадаги иккита юқориги куртакдан бошқа қолган барча куртаклар ўткир пичоқ билан олиб ташланади. Бу усуллар ҳам қаламчаларда илдиз пайдо бўлишини тезлаштиради. Кильчёвкаланган қаламчалар куртаклар бўрта бошлаган вақтида, апрелнинг биринчи ярмида, кильчёвка қилинмаганлари эртароқ - март охирларида экилади. Ток кўчатларини етиштиришда пайвандлаш усулидан ҳам фойдаланиш мумкин. Бунда пайвантаг ва пайвандўст қаламчалар махсус технология асосида олдиндан тайёрланиб қўлда ёки машина (мослама) ёрдамида март ва апрел ойларида тилчали ҳамда ёрма усулларда пайвандланади.

Экишдан олдин ишлов берилган қаламчалардан етиштирилган кўчатларнинг кўкарувчанлиги, ишлов бериш усулларига боғлиқ. Ток қаламчалари экишдан олдин кильчёвка қилиб экилганда энг кўп кўчат етиштириш имкониятини беради.

Манба:

С. Х. Абдураманова (2017). Ток қаламчаларини тайёрлаш ва кўчатини кўпайтириш усуллари. Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда мева-сабзавот ҳамда узумчилик соҳасининг роли ва аҳамияти мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман. Тошкент.

Туркумлар