Буғдой етиштириш технологияси (2-мақола)

04-12-2018 13:15
  64
Буғдой етиштириш технологияси (2-мақола)

Ўғитлаш. Кузги буғдой ернинг унумдорлигига талабчан бўлади. Режалаштирилган ҳосилни олиш учун ерга солинадиган ўғитлар меъёри агрокимёвий картограмма маълумотларига асосан ерлардан ҳосил билан чиқиб кетадиган озиқ моддалар, экин ўзлаштирадиган озиқ элементлар ва ерга солинган ўғитмиқдорига қараб аниқланади. Кузги буғдой азотга жуда талабчан бўлади. У най ўраш ва бошоқланиш даврида азотни, ўсишнинг дастлабки 1-5- ҳафтасида фосфорни ва ўсув даврининг бошидан гуллагунга қадар, калийни кўп талаб қилади. Фосфорли ва калийли ўғитлар кузги буғдойнинг қишга чидамлилигини оширади, доннинг етилишини тезлаштиради. Поянинг ётиб қолишидан ва турли замбуруғ касалликларидан сақлайди.

Кўп миқдорда азотли ўғитлар солинганда тупланиш муддати узайиб, поялардаги бошоқлар бир вақтда етилмайди.

Ўзбекистон «Ғалла» илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси маълумотларига қараганда кузги донли экинларга суғориладиган ерларда қуйидаги миқдорда ўғит берилиши керак: азот - 180 кг/га, фосфор — 90 ва калий  60 кг/га. Лекин, унумдорлиги паст бўлган тупроқларда бу миқдор 10-15% га кўпайтирилади. Кўрсатилган йиллик миқдор бир неча муддатларда — экишдан олдин ва ўсимликларнинг ўсиш даврида озиқлинтиришда берилади. Суғориладиган ерларда экишдан олдин 30 кг/га азот, 90 кг/га фосфор ва 60 кг/га калий берилади. Шу билан бир вақтда гектарига 10-12 т/ га гўнг солинади.

Экиш даврида ўғит солинмаган майдонларда азот, фосфор ва калий қисқа муддат ичида экишдан кейин ёки майса ҳосил қилганда, умуман ўғитлар феврал ойидан кечиктирилмасдан солиниши керак. Қолган ўғитларни тенг иккига бўлиб, икки марта озиқлантиришда солинади.  Биринчи озиқлантириш эртаги муддатларда, яъни ўсимликларнинг тупланиш даврида  берилиши керак. Бу муддат ўсимликларнинг ривожланишига қараб кузги-қишки ёки қишки-баҳори муддатларга тўғри келиши мумкин. Иккинчи озиқлантириш ўсимликларнинг най ўраш даврига тўғри келади. Озиқлантиришдан кейин майдонларни суғориш зapyp. Ўғитларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида уларни оптимал муддатларда, юқори сифатли ўтказиш зарур.

Экиш  муддати. Кузги буғдойни мақбул муддатларда экиш катта аҳамиятга эга. Кузги буғдойни суғориладиган ерларда лалми ерларга нисбатан эртаги муддатларда экиш керак. Чунки бундай ерлар сув билан таъминланган бўлиб ypyғ экилгандан сўнг, суғориш натижасида майсаларни ундириб олиш мумкин. Эртаги муддатларда экилган буғдой кузда майса ҳосил қилади, совуқ тушгунга қадар ўсимликлар тупланиб улгуради. Бундай ўсимликлар совуққа чидамли бўлади. Шунинг учун кузда буғдойнинг октябр ойида майсаланиши ва октябр, ноябр ойларининг охиригача тупланиши ва шу ривожланиш даврида қишлаши кўзда тутилиши керак.

Шуни ҳисобга олган ҳолда кузги буғдойнинг экиш учун қулай муддатлари шимолий вилоятлар Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти учун сентябр ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунлиги,  марказий вилоятлар учун сентябрнинг cўнги ўн кунлик октябр ойининг бошлари ва жанубий вилоятлир учун эса октябрнинг иккинчи ўн кунлиги ҳисобланади.

Лалмикор ерларда кузги дон экинлар кузги ёғингарчиликлардан олдин, яъни аксарият вилоятларда октябр ойининг иккинчи яримларида экилиши керак.

Уруғни экишга тайёрлаш. Сифатли уруғлик юқори ҳосил етиштиришда энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади, уруғлик буғдой юқори ҳосилли уруғлик участкаларидан олинади. Асосан йирик, оғирроқ, текис, қобиғи шикастланмаган ва униб чиқиш даражаси юқори бўлган уруғлар экилади. Экиладиган уруғлик  махсус Petrus  дон тозалагич цехларида тозаланиб, сараланади ва дорилаб қопланади. Сўнгра фермер хўжаликларига дон қабул қилиш шахобчалари орқали тарқатилади.

Экиш учун ишлатиладиган буғдой уруғлари давлат андозасига жавоб бериши керак. Бу андоза бўйича 1 класс уруғларнинг унувчанлиги 95% дан паст бўлмаслиги, тозалиги 99% бўлиши керак. Иккинчи класс уруғларнинг эса унувчанлиги 92% ва тозалиги 98,5% бўлиши керак. Экиш учун 1 ва 2 класс уруғларни ишлатиш керак. Тозаланган  ва сараланган уруғлик экишдан олдин қоракуя ва фузариоз касалликларига қарши 2 литр деразел 3 литр сувда эритилиб дориланади.

Экиш усуллари, уруғ экиш меъёри ва чуқурлиги. Кузги буғдой асосан тор қаторлаб даланинг бир томонга, яъни суғориш йўлига қараб экилиши керак. Шундагина ўсимлик ёруғлик, сув ва озиқ моддалардан тенг фойдаланади. Бу усулда трактор ғилдираклари жойланиш масофасида 1-2 та сеялканинг сошниклари беркитиб, шу сошниклардан уруғ экилмайди. Кейинчалик шу  қолдирилган қаторлар орқали буғдой суғорилади. Ўғит ва гербицид солинганда тракторнинг шу қаторлардан юриши таъминланади.

Бундан ташқари, кузги буғдойни даланинг ҳам бўйига ҳам кўндалангига қараб икки марта экиш мумкин. Лекин, бу усулда ортиқча уруғлик ва ёнилғи мойлаш материаллари сарфланади, суғориш ва трактор юриши учун қолдирилган эгатлардан даланинг кўндаланига экилган ўсимликлар нобуд бўлади ва экиш кечиктириб юборилади. Бу усулни лалми ерларнинг текислик зоналарида қўллаш мумкин.

Ўзбекистон «Ғалла» илмий ишлаб чиқариш бирлашмасининг олимлари томонидан ишлаб чиқилган ғўзапоя орасига ғалла экиш технологияси ҳам самарали усул ҳисобланади. Бу технология бўйича ғўзапоя қатор орасига ғалла экиладиган майдонларда пахта 1-2 марта терим машиналари ёрдамида териб олингандан сўнг ғўза қатор оралари культивациялар ёрдамида юмшатилади. Юмшатилган қатор оралиғига HРУ-0,5 маркали осма ўғит сепгичлар ёрдамида ғалла уруғи сепилади, сўнгра уруғ культиватор ёки махсус мосламалар ёрдамида тупроққа кўмилади. Бу усулнинг афзаллиги шундан иборатки, ғўзапоя  ғалла майсаларини совуқдан ва ётиб қолишдан ҳимоя қилади.

Манба:

Адилов М.М. ва бошқалар (2013). Қишлоқ хўжалик экинлари етиштиришда инновацион технологиялар. Қўлланма.

Туркумлар