Қорамолларда қичима (псороптоз) касаллиги

01-12-2018 11:42
  48
Қорамолларда қичима (псороптоз) касаллиги

Катталиги 0,5—0,8 мм бўлган қичима каналари томонидан қўзғатиладиган касаллик. Урғочиси 50-60 нафар тухум қўйиб, улар эпидермис тангаларига ёпишиб оладилар. Ҳар 15-20 кунда бир авлод каналар вояга етади. Касаллик касал ҳайвондан соғ ҳайвонга контакт орқали, касал ҳайвон суркалган предметга текканда ва тўшамалар орқали ҳамда ишчилар кийимидан юқиши мумкин.

Псороптоз мавсумий характерга эга касалликдир. Куз-қиш мавсумларида намлик юқори бўлган пайтда терида доғлар тарқалиши тезлашиши кузатилади. Ҳайвонларда қичима бошланади ва тор молхоналарда сақланадиган ҳайвонларда тун пайти қичима кучаяди. Ҳайвоннинг бўйин, яғрин ва думғаза қисмлари айниқса қаттиқ зарарланади ва шу жойларида жун тўкилиши, тери дағаллашиши кузатилади ва қорамол озиб кетади.

Даволаш. Бир вақтнинг ўзида ивермектин инъекциясидан ва тери устига 3% ли илиқ креолин эритмасини суркашдан фойдаланиш яхши натижа беради. Ивермектин инъекциясидан 7 кун танаффус билан камида икки маротаба фойдаланиш зарур. Дозасини ветеринар врач аниқлаб беради, лекин таҳминан қуйидагича ҳисоб китоб бўйича амалга оширишингиз мумкин: тирик вазннинг ҳар 50 килограмми учун 1 мл (бу ерда ҳайвон берадиган гўшт оғирлиги билан чалкаштирманг). Креолинни пластик бутилкада (баклашкада) сув билан аралаштириш мақсадга мувофиқ. 3%ли эмульсия ҳосил қилиш учун 1,5 литр сувли бутилкада 45 г креолинни суюлтириш керак. Бутилка қапқоғида кичик тешиклар очиб терининг керакли қисмларига сепиб чиқиш мумкин. Бу бутилкада суюқликни 30-400 С гача илитиш ҳам қулай. Зарарланган жойларга суюқликни сепиб чиққандан сўнг креолин суюқлигини намланган латта билан артиб чиқиш яхши натижа беради.

Хабибулло Хамдамов,

ЕХХТ ветеринария ва чорвачилик бўйича консультанти

Туркумлар