Лимон ҳосилини териш ва сақлаш

14-11-2018 07:44
  79
Лимон ҳосилини териш ва сақлаш

Лимон кўчатлари агротехника талабларига мувофиқ парвариш қилинса, экилгандан кейин учинчи йили мева бера бошлаши, 5–6 йили тўлиқ ҳосилга кириши мумкин. Тўлиқ ҳосилга кирган йили ҳар тупидан ўртача 250–300 донадан лимон олинади.

Траншеяда ўстирилганда Мейер лимонининг ҳар тупидан йилига ўртача қуйидагича ҳосил олишни режалаштириш тавсия этилади: экилгандан кейин 3-йили 35–40 дона ёки 3–4 кг, 4-йили 70–80 дона ёки 7–8 кг, 5-йили 130–150 дона ёки 20–22 кг, 6-йили 200–220 дона ёки 20–22 кг, кейинги йиллари, яъни тўлиқ ҳосилга кирган даврда 250–300 дона, яъни 25–30 кг. Иссиқхоналарда траншеядагидан кўпроқ ҳосил олинади.

Мейир лимони октябрнинг иккинчи ярмида пиша бошлайди. Ноябрнинг биринчи ярмида мевалари ёппасига сарғаяди. Сўнгра тўлиқ етила бошлайди – қизғиш товланади. Сарғайганда териб олинади. Бошқа навларнинг меваси кечроқ – ноябрнинг иккинчи ярми-декабрда терилад. Етилган мевалар тупида узоқ қолиши мақсадга мувофиқ эмас, ҳатто зарарлидир.

Мевалар ўз вақтида териб олинмаса, тупи толиқиб (кучсизланиб) қолади, гуллаб, ҳосилга кириши кечикади, мева тугилиши шароити ёмонлашади, бу эса кейинги йилги ҳосилдорлигига салбий таъсир этади. Бундан ташқари, ҳосил жуда кеч терилса, меваларнинг сифати пасаяди, пўсти қалинлашиб, дағалашиб, эти кам сув бўлиб қолади.

Лимон ҳосили 2–3 марта терилади. Дастлабки икки теримда ўртача ва йирик мевалари узилади. Охирги теримда ёппасига узилади.

Мевалари секатор билан бандидан кесиб олинади, бунда пўсти шикастланмаслиги керак. Терилган меваларни саватга ёки челакка солиб, саралаш жойига ташилади. У ерда сараланиб, яшикларга эҳтиётлаб жойланади.

Лимон мевалари диаметрига кўра 5 та: 31–40, 41–50, 51–60, 61–70, 70 миллиметрли ва ундан йирик мевалар гуруҳига ажратилди. Механик шикастланмаган майда мевалар ностандарт ҳисобланади ва қайта ишлаш учун фойдаланилади.

Лимонни ичига қоғоз тўшалган стандарт яшикаларга жойлашда босмасдан, ҳар бир гуруҳ алоҳида яшикка жойланади. Лимон жойлаш учун (2 қатор қилиб жойлашганда) ўртача йирикликдаги 140–150 та лимон сиғадиган 60×35×13 см ҳажмдаги яшиклар ишлатилади. Мевалар ташишда рефрижераторлардан фойдаланиш керак.

Цитрус мевалар уюлган ҳолда ёки катта яшикларда сақланса, сўлинқираб қолаб, товарбоплик сифатини йўқотади. Шунинг учун терилган меваларни сараланмаган ва жойланмаган ҳолда бир кундан ортиқ сақлаш мумкин эмас.

Цитрус меваларининг қанчалик яхши ва узоқ сақланиши ҳароратга боғлиқ. Лимонни сақлаш учун 6–8оС, апельсин учун 4– оС, мандарин учун 2–3оС ли ҳарорат нормал ҳисобланади. Бундай шароитда ноябрнинг иккинчи ярми-декабрнинг бошларида жойлаб қўйилган лимон ва апельсин майгача, ноябрь бошида жойланган мандарин мартгача бузилмасдан яхши сақланади.

Яшикка жойлангач, тахминан бир ойдан кейин меваларнинг ириган-чириганлари олиб ташланади. Сақлаш давомида ҳар ойда ўртача: апельсин ва лимоннинг 1,0–1,2, мандариннинг 1 фоизгача бўлган қисми бузилади. Лимон махсус омборхоналарда сақланади.

Ж. Агзамходжаев

Туркумлар