Тоғли ерлардаги мевачилик текисликдаги мевачиликдан нимаси билан фарқ қилади?

15-04-2019 14:59
  107
Тоғли ерлардаги мевачилик текисликдаги мевачиликдан нимаси билан фарқ қилади?

Ўзбекистоннинг тоғ ва тоғ этаклари табиий шароити жиҳатидан водий қисмидан сезиларли даражада фарқ қилади. Тоғ ва тоғ этакларида ёғин кўп ёғади, қишда ер юзи қор билан қалин қопланади ва узоқ вақтгача қор эримайди. Ҳаво кўпинча булутли, сернам, салқинроқ бўлади. Ўсимликларни ўсув даври қисқароқ бўлиб, баҳор кечроқ бошланади ва ҳоказо. Ёзда (июнь-августда) баъзан эса май ва сентябрда ёғингарчилик умуман бўлмайди. Лекин қолган даврларда ёмғир 1000 мм гача ва ундан ҳам кўпроқ ёғади. Тоққа юқори кўтарилган сари ҳарорат пасая боради. Тоғ ва тоғ этакларидаги ерлар, қоя тошларни ҳисобга олмаганда, бирмунча унумдордир. Аммо сел ва эриган қор сувлари кўпинча бу тупроқни ювиб, оқизиб кетади (тупроқ эрозияси). Тик ёнбағирлардаги ерларга экин экиш қийин. Республикада бундай ерлар неча юз минг гектарни ташкил этади. Бундай ерларнинг бир қисмига лалми (сўғорилмайдиган) экинлар экилади, қолган қисми эса мол боқиш учун фойдаланилади. Денгиз сатҳидан 1000-1500 м ва ундан ҳам баландда жойлашган, ҳар йили мавсумда 500-600 мм дан кўпроқ ёғин тушадиган ерларда мевазор боғлар барпо қилиниши мумкин.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда тоғли ерларда 6000 гектардан зиёд лалми (сўғорилмайдиган) боғлар ва токзорлар барпо қилинди. Бундай шароитдаги боғларнинг ҳосилдорлиги гектаридан ўрта ҳисобда 50-60 ц га етади. Тоғлардаги боғлар текисликлардагига қараганда бир қатор афзалликларга эга. Тоғлардаги боғларни совуқ урмайди, улар водийдагига қараганда кечроқ гуллайди ва қора совуқлардан кам зарарланади. Шунинг учун барвақт гуллайдиган мева дарахтлари (бодом, ўрик), кўпинча, ҳар йили ҳосил қилади.

Тоғлар ва тоғ этакларидаги лалмикор ерларда ҳам, ҳудди текисликлардаги сингари, барча мева турлари билан бирга анжир, анор, унаби (жийда) ўстириш мумкин. Бу ерларда бодом, ёнғоқ, пекан, ўрик, йирик мевали дўлана, унаби ва писта ўстириш айниқса самаралидир.

Тоғдаги боғлар шартли (1-2 марта) сўғориладиган ва сувли ерларда юқори ҳосил беради. Тоғ шароитида ўстирилган мевалар, текисликларда етиштирилганига қараганда анча сершира (олмаларники 2-3 % кўп), яна ҳам яхши рангдор, узоқ турадиган ва витаминга бой бўлади.

Манба:

А. Мерганов (2015). Мевачилик. Маърузалар матни. Наманган.

Туркумлар