Ёш отларнинг ўсиши ва ривожланиш қонуниятлари

14-04-2019 21:04
  62
Ёш отларнинг ўсиши ва ривожланиш қонуниятлари
Фото: animalzoom.ru

Организмнинг тирик вазнини ортишига ўсиш дейилади, ундаги сифат ўзгаришларига, организм функция ва структурасининг мураккаблашиб, такомиллашувига ривожланиш дейилади. Яхши шароитда ҳомиладаги ота-онадан ўтган ирсий хусусиятлар вақтнинг ўтиши билан ривожланиб боради.

Ўсиш ва ривожланиш процессида ёш от организми кўп ўзгаришларни кечиради. Туғилганда уларни тирик вазни ўз онаси тирик вазнининг 10% ини ташкил қилади. Туғилгандан 1-2 соат вақт ўтар-ўтмасдан у мустақил ҳаракат қила бошлайди. Ёш отлар танасини тузилиши билан катта ёшдаги отлардан кескин фарқ қилади: оёқлари узун, гавдаси тор ва калта, кўкраги чуқур эмас. Агар буғоз биялар ёмон озиқлантирилса, ҳомилани ўсиши сустлашади, трубкасимон суяклар ўсишдан тўхтайди, натижада қулунлар оёқлари калта бўлиб туғилади ва ҳаётини охиригача бу нуқсон сақланиб қолади (эмбрионализм).

Қулун туғилгандан сўнг унинг организми дастлабки 2-3 ой мобайнида қайта тиклана бошлайди. Бу даврда қулун кенгликка, узунликка ва баландликка ўса бошлайди. Бу даврда улар тўйимли озиқлар билан озиқлантирилмаса, уларнинг ўқ скелети яхши ўсмайди, ривожланмайди, натижада улар катталашганда оёқлари баланд, орқаси тор, гавдаси калта, кўкраги тор бўлиб шаклланади. Бунда отлар гавда тузилиши жиҳатдан ёш отларни эслатади (инфантилизм).

Ёш қулунларда тана температураси, нафас олиши ва пулси юқори бўлади, 2-3 ойдан сўнг бу кўрсаткичлар пасая бошлайди.

Ёш отларни ривожланмай қолиши улар ҳаётининг турли даврларида тўлиқ озиқланмаслиги натижасида келиб чиқади. Озиқа шароитини яхшилаш билан айрим камчиликларни тузатиш мумкин, лекин уларни тўлиқ равишда тузатиб бўлмайди. Ташқи шароит ва ирсий хусусиятларнинг таъсири натижасида организмнинг турли ривожланиш даврларида қулуннинг ёши ошиб бориши билан унинг ўсиш интенсивлиги пасайиб боради. Бунда танада турли бўлакларининг ўсиш тезлиги турлича сусаяди, чунки айрим орган ва тўқималар эмбрионал даврда турли вақтларда ташкил топади ва турлича тезлик билан ривожланади. Ёшининг ошиб бориши билан, ўсиш ва ривожланиш тезлиги сусайиб, қонининг морфологик таркиби ўзгаради, эритроцитлар сони ва гемоглобин концентрацияси пасаяди.

Ёш отларнинг жинсий етилиши 6—8 ойлигидан 12— 18 ойлигигача бўлган даврда содир бўлади. Жинсий етилишининг дастлабки даврида ёш отлар танасининг тез катталашуви кузатилади: кўкраги кенгаяди, гавдаси узунлашади ва баландликка ўсади. Етилиш даври охирида ўсиш тезлиги, нафас олиши ва пульси сустлашади, тана температураси пасаяди, қондаги эритроцитлар ва гемоглобин миқдори ошади.

Отларнинг ўсиши 4—5 ёшгача давом этади, бу даврда гавда тўлишади, физиологик кўрсаткичлар нормага келади, ҳамма сут тишлари доимий тишлар билан алмашинади.

Ёш тойларни ўсиш ва ривожланишига бияларнинг қулунлаш мавсуми ҳам таъсир кўрсатади. Эрта туғилган қулунлар (февраль, март, апрель) яхши ривожланади, кеч туғилган қулунлар (июль, август) қишгача яхши ривожлана олмайди ва қиш даврида ҳам яхши ўсмайди. Шунинг учун ҳам йилқичиликда қочириш компаниясини шундай ташкил этиш керакки, бияларнинг қулунлаши қишнинг охири ва баҳорнинг бошларига тўғри келсин.

Ёш тойларни интенсив озиқлантириш уларнинг хўжалик ва физиологик етилишини тезлаштиради, бу айниқса гўшт йўналишидаги йилқичиликда катта аҳамиятга эга.

Ёш тойларда жинсий етилиш даврига қадар моддалар алмашинув процесси жуда кучли боради. Озиқа шароитини ўзгартириш билан жинсий етилиш даврини тезлаштириш ёки сусайтириш мумкин. Етилиш даврини тезлаштириш от оёқларининг узунликка ўсишини тезлаштиради.

Етишувчанлиги бўйича турли зотлар бир-бирларидан кескин фарқ қилади. Нормал озиқлантириш шароитида соф қонли салт минилувчи, оғир юк тортувчи, рус ва орлов йўртоқи зотлари бошқа зотларга нисбатан тез етилади. 3,5 ёшга етганда улар катта ёшдаги отларнинг вазнини эгаллайди. Шу даврда уларнинг иш қобилияти энг юқори чўққига етади. Лекин шуни ҳам айтиш керакки, бу зот отларнинг организми озиқа ва ташқи шароитга қараб тез ўзгаради. Озиқа шароити ва асраш шароити ёмон бўлса, улар ўсиш ва ривожланишда орқада қолади, хўжалик ва наслдорлик хусусиятини йўқотади. Маҳаллий от зотлари (қозоқ, бурят, бошқирд, якут, қорабайир ва бошқалар) кеч етишувчан ҳисобланади, уларнинг тўлиқ шаклланиши 5— 6 ёшда тугайди. Лекин сут даврида (6—7 ойликкача) ёш қулунларининг ўсиши тез етилувчан зотларнинг қулунлариникидан тез бориши мумкин.

Ёш отларнинг ўсиш ва ривожланиш тезлиги уларнинг жинсига ҳам боғлиқ бўлади: айғирчалар биячаларга нисбатан суст ўсади ва ривожланади. Чунки айғирчалар биячаларга нисбатан жинсий томондан анча кеч етилади.

Шунингдек, айғирчалар биячаларга нисбатан она қорнида 3—4 кун кўп ётади ва шунга кўра биячаларга нисбатан оғирроқ туғилади. Жинсий етилиш давридан сўнг айғирчалар ва биячалар экстерьерида кескин ўзгаришлар юз беради. Айғирчалар 1,5 ёшда экстерьерининг ҳамма кўрсаткичлари (тирик вазни, тана ўлчамлари) бўйича биячалардан ўзиб кетади.

Ёш отларнинг ўсиш ва ривожланиш тезлигига жинсий безларнинг таъсири катта бўлади. Буни ахта қилинган тойларда ташқи тузилишининг ўзгариши ва хулқидан билиш мумкин. Тойлар қанчалик ёш ахта қилинса, улар ахта қилинмаган айғирчалардан шунчалик кескин фарқланадилар. Наслдорлик аҳамиятига эга бўлмаган айғирчалар одатда 2 ёшлигида, баҳорда, яйловга ҳайдаш олдидан ахта қилинади.

Қулунларни ўсиш ва ривожланишини назорат қилиб бориш учун туғилганидан сўнг 3-кундан бошлаб тарозида тортилади ва танасининг айрим ўлчовлари олинади. Сўнгра 6 ойлигида, 1; 1,5; 2; 2,5; 3 ва 4 ёшлигида тортиб кўрилади. Олинган кўрсаткичлар ҳар бир зот учун ишлаб чиқилган «ёш отларнинг ўсиш шкаласи»га солиштирилади. Уларнинг ўсиш тезлиги тирик вазнига ва тана ўлчамларига қараб аниқланади.

Абсолют (мутлоқ) ва нисбий ўсишлар фарқ қилинади. Мутлоқ ўсиш деб маълум давр ичида тирик вазнининг ошишига, нисбий ўсиш деб мутлоқ ўсишнинг умумий тирик вазнига бўлган нисбатига айтилиб процентларда ифодаланади.

Дастлабки ойда қулуннинг тирик вазни суткасига 1-2 кг дан (зотига қараб) ошиб боради. Уч ойлигида қулуннинг тирик вазни туғилгандагига қараганда 3 марта ортади, 6 ойлигида бу кўрсаткич катта ёшдаги отлар вазнининг 45% ини, 1 ёшда эса 62— 65% ини ва 2 ёшлигида 85—90% ини ташкил қилади.

Сут даврида қулун тирик вазнини 1 кг ошиши учун 10 л сут истеъмол қилади. Дастлабки кунларда қулун онасини сутка давомида 50 мартагача эмади. Шунинг учун қулун ҳаётининг дастлабки ойида интенсив ўсиб, озиқа моддасига бўлган талаби онасининг сути ҳисобига қопланади.

Манба:

З.Т. Тўрақулов, А.З. Мухторов, Д.Х. Холмирзаев (1985). Йилқичилик. Қайта ишланган 2-нашри. Тошкент: Меҳнат.

Туркумлар