Cув танқислиги шароитида узумдан юқори ҳосил олиш технологияси (1-мақола)

11-04-2019 14:38
  481
Cув танқислиги шароитида узумдан юқори ҳосил олиш технологияси  (1-мақола)
Фото: agroxxi.ru

1. Шўрхок тупроқларда намликни сақлаш. Тупроғи шўрланган Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё ва Марказий Фарғона шароитида суғориладиган сувда тузларнинг кўпайиб кетиши натижасида ўсимликнинг илдиз тизимининг куйиши ва баргларнинг сарғайиб кетишига алоҳида эътибор бериш зарур. Бунинг олдини олиш учун тупроқда намликни сақлаш ва йиғиш чора-тадбирларини кўриш керак. Бу ҳудудларда суғориш билан биргаликда тупроқда чуқур культивация ўтказилиши, тупроқда намликни ушлаб қолиш, тупроқ – ҳаво алмашинувини яхшилаб, илдиз тизимининг сақланишини ва яхши ривожланишини ер устки қисмининг ўсишини, меваларнинг яхши етилишини таъминлайди.

Шағалли ва қумли тупроқларда намликни сақлашга алоҳида эътибор бериш зарур, чунки уларда сувни сақлаб қолиш хусусияти кучсиз бўлганлиги боис тупроқ қизиб кетиши мумкин.

Шағалли ва қумли тупроқларда айниқса, Фарғона водийсининг шағал ва қум билан қопланган тупроқларида, Бухоро ва Самарқанд вилоятининг баъзи туманлари ва воҳаларида тупроқда намлик камлиги натижасида тупроқ кучли қизиб кетиб, ўсимлик ўсишидан тўхтаб, қуриб қолиши ва меваларининг ривожланиши муддатидан олдин тўхтаб, тўкилиб кетиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун бу ҳудудларда намликни сақлаш мақсадида 1–2 маротаба қўшимча суғориш ва кетма-кет культивация ўтказиш зарур.

2.  Минерал ўғитлар билан озиқлантириш. Тупроқда намлик етарли даражада бўлганида минерал ўғитларни солиш яхши натижа беради. Шунинг учун намлик кам бўлган шароитда ўғитларни тупроққа чуқур солиш зарур, бу самарадорликни оширади.

3. Тупроқда намни сақлашда мульчалашнинг аҳамияти. Тупроқда намликни сақлаш учун тупроқни мульчалаш айниқса, қумли, шағалли, шўрланган ҳамда шартли суғориладиган тупроқларда яхши самара беради. Бундан ташқари, шўрланган тупроқларда мульчалаш тузни камайишига ёрдам қилади. Мульча сифатида похол, қипиқ, чириган гўнг, ўрилган ўт, шоли қипиғидан фойдаланиш мумкин. Мульча 10–12 см қалинликда ва 100 см энликда (радиус) солинади. Тупроқни мульчалаганда – 70 м3/га сув иқтисод қилинади.

Токзорларда сувдан унумли ва самарали фойдаланиб, бир текисда намликка эришиш учун суғориш ариқларининг узунлигини қисқартириш зарур.

Сувни кучсиз ўтказадиган оғир тупроқларга нисбатан шағалли ва қумли тупроқларда суғориш ариқларининг узунлиги 100–120 м дан ошмаслиги керак. Агарда узунлиги ошиб кетса, сув сарфи кўпайиб кетади. Суғориш ариқларини қисқартириш натижасида сувнинг иқтисоди 105 м3/га ни ташкил этади.

Жанубий ҳудудлар ҳамда Тошкент, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларининг лалми ерлари, тоғ ва тоғолди туманларида намликни сақлаш катта аҳамиятга эга. Ушбу ҳудудларда намликни сақлаш ишларини эрта бошлаб, шўрланган ерларнинг шўрини ювиш зарур.

Сув танқислиги шароитида бор имкониятлардан – булоқ сувидан, сойлардаги сувларни насослар орқали чиқариб суғоришдан фойдаланиш зарур. Ҳар бир суғоришдан сўнг тупроқда намликни сақлаш мақсадида албатта культивация ўтказиш керак.

Суғориш имконияти йўқ туманларда, айниқса, ёш ва ҳосилли токзорларда культивация ўтказиб, тупроқни албатта мульчалаш керак. Культивация тупроқ структурасини яхшилайди ва 80 м3/га ҳажмда намликни йиғиш ва сақлашга имкон яратади.

Ёш токзорларда тупдан 60 см узоқликда ўсимликнинг икки томонидан олинган ариқларнинг иккала ариғи орқали суғорилади. Ҳосилли токзорларда қатор орасидан битта 40 см чуқурликда ариқ олиниб, (имкон бўлса канавокопательда) суғорилади. Бу қисқа вақт ичида асосий илдиз тизими жойлашган тупроқнинг пастки горизонтларининг намланишига имкон беради.

Сув иқтисоди 30% гача ёки 210 м3/га ни ташкил этади.

Сув таъминоти етарли бўлмаган ҳудудларда сентябргача имкониятга қараб, 1–2 маротаба суғоришни ўтказиш керак.

Манба:

Абдуллаев Р. ва бошқалар (2013) Узум етиштириш ва майиз қуритишнинг замонавий технологияси. Тошкент, «Sharq».

Туркумлар