Отларнинг ёшини аниқлаш (2-мақола)

07-04-2019 13:31
  534
Отларнинг ёшини аниқлаш (2-мақола)

Отларнинг ёши курак тишларнинг ўзгаришига қараб аниқланади. Бу ўзгариш қуйидаги бешта босқичдан иборат:

1.     Куртак сут тишларининг чиқиши;

2.     Курак сут тишларининг едирилиши;

3.     Доимий курак тишларнинг чиқиши;

4.     Доимий курак тишлар косачаларининг едирилиши;

5.     Доимий курак тишлар юзаси шаклининг ўзгариши. Курак сут тишлар доимий курак тишларга қараганда икки марта кичик, ранги оқроқ, устки қисми ялпоқроқ, устидаги косачалари кичик ва юза бўлади.

Пастки жағдаги доимий курак тишлар косачасининг чуқурлиги 6 мм, юқори жағ курак тишлари косачасининг чуқурлиги эса 12 мм. Шунинг учун ҳам аввал пастки тиш косачалари, кейинчалик юқориги тиш косачалари едирилади. Едирилиш қозиқ тишдан бошланиб, сўнгра курак тишларга ўтади. Ҳар қайси жуфт тиш косачасининг едирилиш муддати тахминан 12 ойни ташкил этади.

Қулунлар одатда тишсиз турилади. Икки ҳафтадан сўнг бир жуфт сут курак тишлар, 4 ҳафталигида иккинчи жуфт сут курак тишлар, 6—7 ойлигида учинчи жуфт сут курак тишлар чиқади.

Отнинг 2,5 ёшида сут омбир тишлари тушиб, доимий омбир тишлар чиқади ва 3 ёшда вояга етади. 3,5 ёшда урта сут тишлари тушиб, доимий ўрта тишлар чиқади ва 4 ёшда вояга етади. 4,5 ёшда четки сут тишлари тушиб, доимий четки тишлар чиқади ва 5 ёшда вояга етади.

Отларнинг зотига, индивидуал хусусиятларига ва яшаш шароитига қараб сут тишлар билан доимий тишларнинг чиқиши ҳар хил бўлади. Кеч етилувчан ва яхши ривожланмаган отларда тишлар бир оз кечикиб чиқиши мумкин.

Доимий курак тишлар косачаларининг ейилиши пастки жағдан бошланиб, кейинчалик юқори жағга ўтади. 6 ёшда биринчи жуфт курак тиш, 7 ёшда иккинчи жуфт курак тиш ва 8 ёшда учинчи жуфт курак тишнинг косачалари едириладн. 9 дан 12 ёшгача юқори жағ доимий курак тишларининг косачалари едирилади.

ntled2132015-652159845-65321259.png (555 KB)

Ёшига қараб отлар тишининг ўзгариши:

1—ярим ёш; 2 —бир ёш; 3—бир ярим ёш ; 4—икки ярим ёш; 5 —уч ярим ёш; 6—тўрт ярим ёш; 7—беш ёш; 8—олти ёш; 9 - етти ёш; 10—саккиз ёш; 11—ўн икки ёш; 12— ўн беш ёш; 13—ўн саккиз ёш; 14—йигирма ёш; 15—йигирма беш ёш. Бу расмларда 1,2—омбир тишлар; 3-4—ўрта тишлар; 5,6—четки тишлар; 7,8—йиртқич тишлар.

Лекин шуни айтиш керакки, юқори жағ курак тишларнинг едирилиш жараёни пастки жағ курак тишларнинг едирилиши каби реал кечмайди. Шунинг учун отлар ёшини жағ курак тишларнинг едирилишига қараб аниқлаб бўлмайди.

Тишларнинг косачалари едирилиб бўлгандан сўнг уларнинг «излари» қолади, бу «излар» тиш сатҳидан сал баландроқ бўлиб, тишнинг едирила бориши билан шаклан ўзгариб боради, у аввал тухум шаклида бўлиб, кейинчалик доира шаклини олади. От 14-15 ёшга етганида пастки жағ курак тишларидаги «излар» бутунлай йўқолиб кетиши мумкин.

Шуни айтиш керакки, тишнинг ейилиб бориши туфайли дентин моддаси билан тўлган илдиз канали очилиб қолади. Илдиз каналининг ранги сарғишроқ бўлиб, у баъзан «илдиз юлдузча» си деб ҳам аталади. «Илдиз юлдузча»сининг ранги тиш ейилган сари қорамтир тус олиб, 7-9 ёшда из шаклида, 10-12 ёшда калта ва кенг из шаклида, 13-14 ёшда тухум шаклида, 15 ёшдан кейин эса доира шаклида бўлади.

Тиш тана шакли ва кенглигининг ўзгариб бориши от ёшининг ўтиб боришига боғлиқ. Ёш отларнинг юқори ва пастки жағ курак тишлари ярим доира шаклида едирилади, қариган сари тишларнинг ёпилиш зичлиги камая боради.

Эркак отларнинг қозиқ тишлари 4,5 ёшида чиқиб, 5 ёшида вояга етади. Қозиқ тишлар пастки жағда 2-3 ой олдин чиқади.

Козиқ ва жағ тишларнинг чиқиши, едирилиши отлар ёшини аниқлашда амалий аҳамиятга эга эмас.

Тишларнинг тузилишида учрайдиган қуйидаги ҳолатлар отларнинг ёшини тўғри аниқлашда қийинчилик туғдиради.

Буғоз бияларда тишларнинг алмашиниши 6-12 ойга кечикиши мумкин; қуруқ ва иссиқ иқлим шароити тишларнинг алмашинишини тезлаштиради; хашакни кўплаб истеъмол қилган (йилқида юрган) отлар тишининг едирилиши тез кечади; дентин моддасининг қаттиқ ёки юмшоқ бўлиши тишнинг кеч ёки барвақт ейилишига сабаб булиши мумкин; курак тишлар тўғри едирилмайди.

Тишига қараб отларнинг ёшини аниқлашда юқорида кўрсатиб ўтилган усуллардан оқилона фойдаланиш тавсия этилади.

 

Манба:

З.Т. Тўрақулов, А.З. Мухторов, Д.Х. Холмирзаев (1985). Йилқичилик. Қайта ишланган 2-нашри. Тошкент: Меҳнат.

Туркумлар