Отларнинг ёшини аниқлаш (1-мақола)

04-04-2019 18:17
  71
Отларнинг ёшини аниқлаш (1-мақола)
Фото: konovod.com

Отларнинг иш қобилиятига, маҳсулдорлигига, экстерьер ва конституциясига, наслдорлик қимматига туғри баҳо бериш мақсадида уларнинг ёшини аниқлаш катта аҳамиятга эга.

Отларнинг уртача ёши одатда 10— 12 йил ҳисобланади, лекин яшаш муддати 40—60 йил булиши мумкин. Пони ва бошқа типдаги майда отлар катта отларга нисбатан кўпроқ яшайди.

Отларнинг ёши ташқи тузилишига, тишига ва ёзув ҳужжатларига қараб аниқланади.

Ташқи тузилишига қараб отларнинг ёшини аниқлашда 6—8 ойлик сут эмадиганлари қулун, 8 ойликдан 1,5 ёшгача бўлганлари той, 1,5—2,5 ёшлилари ғўнан, 2,5—3,5 ёшлилари дўнан, 3,5—5 ёшлилари оси, 5— 12 ёшлилари ўрта ёшли отлар, 12— 18 ёшдагилари катта ёшли отлар, 18 ёшдан юқориси қари отлар дейилади.

Ёш отлар оёқлари узун, дўнг пешона, калта ва тик ёлли, қарчиғайи паст, ривожланмаган; қари отларнинг эса пешонасида, чеккасида оқ жунлари кўз ости чуқурчаси чуқур, лаблари осилган, жағ қирралари ўткир (гўшти қочган) бўлади.

Аниқ ёзув ҳужжатлари — от заводларида, наслчилик хўжаликларида отларнинг ёшини аниқлашда қўлланилади. Бу энг аниқ усул ҳисобланса-да, лекин ҳамма хўжаликларда хам қўлланиш маълум даражада қийинчиликлар туғдиради.

Тишига қараб ёшини аниқлаш ишлаб чиқариш шароитида энг кўп қўлланиладиган усулдир. Шуни айтиш керакки, ўтлайдиган ва ошқозони бир камерали ҳайвонлар ичида тиши кўп ва мураккаб тузилгани от ҳисобланади. Айғирларда 40 та, бияларда 36 та тиш бўлиб, улар курак (қирқувчи) тиш, қозиқ (йиртқич) тиш, жағ тиш ва катта жағ тиш деб юритилади.

Курак тишлар пастки ва юқори жағнинг олдинги қисмида жойлашиб, ўтни ердан қирқиб олиш учун хизмат қилади. У ҳар қайси жағда 3 жуфтдан, қаммаси бўлиб олти жуфт бўлади.

Козиқ тиш фақат айғирларда бўлиб, у ҳимоя ва хужум қилиш вазифасини ўтайди. У ҳар қайси жағда 2 та дан, хаммаси бўлиб, 4 та, улар жағ тишлар билан курак тишлар ораларида жойлашади.

Жағ тишлар пастки ва юқориги жағда 12 та дан, ҳаммаси бўлиб 24 та бўлади. Уларнинг олдинги 12 таси сут жағ тишлар бўлиб, улар кейинчалик доимий жағ тишларга алмашинади. Кейинги 12 таси доимий жағ тишлар ҳисобланиб, улар алмашинмайди.

Ҳар қайси тиш махсус тиш чуқурчасида жойлашади. Юқори тиш чуқурчалари пастки тиш чуқурчасига нисбатан кенгроқ бўлади.

Тишни шартли равишда уч қисмга: тана, бўйин ва илдиз қисмга бўлиш мумкин. Тиш танасининг устида тил ва лаб томонлари бўлиб, уларнинг ўртасидаги чуқурча тиш косачаси деб аталади.

Отларнинг тиши бошқа ҳайвонларнинг тишларига ўхшамайди. Тишлари таҳминан йилига 2 мм едирилса, 2 мм ўсиб чиқади. Шунинг учун ҳам қари отларнинг тиши қуй ва қорамолларники каби ўтмас бўлиб қолмайди.

Манба:

З.Т. Тўрақулов, А.З. Мухторов, Д.Х. Холмирзаев (1985). Йилқичилик. Қайта ишланган 2-нашри. Тошкент: Меҳнат.

Туркумлар