Полиз экинларини суғориш

12-03-2019 14:28
  113
Полиз экинларини суғориш

Полиз экинлари Ўзбекистон иссиқ иқлимли шароитида кўп марта суғоришни талаб этади. Аммо тупроқда намнинг ортиқча бўлиши ва етишмаслиги ҳосилдорликни камайтириб, мева таркибидаги қанд миқдорини пасайтириб юборади.

Ўзбекистон сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти мамлакатимизнинг турли минтақаларида полиз экинларини қуйидаги тартибда суғоришни тавсия этади.

Марказий минтақада 1 га экилган қовундан 20-25 тонна ҳосил олиш учун уни 5-6 марта суғориб ҳар суғоришда гектарига 600-700 м3, жанубий минтақада 6-7 марта суғориб, гектарига 700-800 м3 ва шимолий минтақада эса 4-5 марта суғориб, гектарига 500-600 м3 миқдорида сув беришни тавсия этади. Эртапишар навларга сув 1-2 марта кам берилади.

Марказий минтақада тарвуздан 30-35 тонна ҳосил етиштириш учун гектарига 600-700 м3 сув берилиб 6-7 марта, жанубий минтақада 700-800 м3 сув берилиб, 7-8 марта суғорилади. Шимолий минтақада эса 5-6 марта суғорилиб, гектарига 600-650 м3 сув берилади. Эртаги навлар 1-2 марта кам суғорилади.

Қовоқларга марказий минтақада 7-8 марта 650-750 м3 дан сув, жанубда 8-9 марта 700-800 м3 дан ва шимолда 6-7 марта 600-650 м3 дан сув қуйилади.

Полиз экинлари асосан эгатлар орқали сув оқизиб суғорилади. Эгатлар узунлиги ва чуқурлиги тупроқнинг сув ўтказувчанлик хусусиятига боғлиқ. Суғориш эгатлари оралиғидаги масофа 1,8-3,6 м бўлиб, суғориш вақтида пушталарсекин-аста захлайди. Шунинг учун полиз экинлари текис ерда етиштирилганида 2 кеча-кундуз ва қия (нишаб) ерларда эса 3 кеча-кундуз мобайнида суғорилади. Полиз экинлари экилган майдон шу усулда суғорилса, тупроқнинг 60 см қалинликдаги қатлами яхши захлайди.

Манба:

В.И. Зуев ва бошқалар (2009). Сабзавотчилик ва полизчилик. Тошкент.

Туркумлар