Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Украинада қайси қишлоқ хўжалик маҳсулотларимиз юксак баҳоланади?

28/Mart/2024 22:39
  610

Бу йил Ўзбекистонда етиштирилган мевалар Украина бозорларида ҳақиқий бурилиш ясади. Зеро, юртимиздан ушбу давлатга узум ва ўрик, шунингдек, полиз экинлари экспорти сезиларли даражада ошди. Пировардида бундай неъматлар нафақат илгаридагидек украин бозорлари расталари, балки супермаркет тармоқларига ҳам кенг кириб борди. Мазкур жиддий ўсиш янги мавсумда ҳам украин бозорига сархил мевалар етказиб беришни янада кенгайтириш учун ўзига хос кўприк бўла оладими? - деб ёзади «Халқ сўзи» газетаси.

Таниқли EastFruit портали мутахассислари шу савол билан Украинадаги импортчилар ҳамда супермаркет тармоқлари вакилларига мурожаат қилди.

Хўш, бу ерда ўзбек мевалари, узумлари ва полиз экинлари келажакда қай даражада рақобатбардош бўла олади? Аввало, айтиб ўтиш керак, бундай маҳсулотларни танлашда, истеъмол қилишда таъблар ҳар хил, шунга яраша танлов ҳам турлича бўлади. Кимдир уларнинг таъмига, яна кимдир кўринишига, бошқаси сархиллигига, биров нархига кўпроқ эътибор қаратади. Юқоридаги саволга жавобларда ҳам шу каби ёндашувлар ўз аксини топди.

Эътиборлиси, Украина аҳолиси ичида ўзбек узумлари ва қовунларининг мазаси ва сифатини юксак баҳолайдиганлар жуда кўп экан. Уларнинг асосий қисми маҳсулот танлашда тажрибали ва қайсар бўлган ёши улуғ инсонлардир.

Бироқ масаланинг бошқа томони ҳам бор: 35 ёшдан кичик бўлган харидорлар ўртасида мамлакатимизда етилган мевалар ҳақида унча хабари йўқлар ҳам учраши маълум бўлди. Улар дўкон ёки бозорга кирганда, Ўзбекистондан келтирилган, нархи нисбатан қиммат бўлган маҳсулотларни эмас, аксинча, уларга нисбатан қиймати ҳам, сифати анча пастроқларини танлаши аниқланган.

Нима учун ўзбек мевалари у тарафларда қиммат дерсиз?

Украиналик импортчилар ва дўкондорларнинг фикрича, ўзбек узуми, ўриги ва бошқа сархил мевалар нархидаги бундай тафовут жуда мураккаб, қиммат ва узоқ масофани ўз ичига олган логистика тизими билан боғлиқ. Бундай йўл ўз-ўзидан транспорт харажатлари ва табиийки, товар қийматининг ҳам ошиб кетишига олиб келади. Ўз навбатида, узоқ муддат талаб этадиган ташиш пайтида маҳсулотларнинг маълум қисмига зарар етади. Сотувчиларнинг айтишича, айниган, сўлиган ёки қисман лат еган мевани қиммат нархга сотиш жуда қийин.

Юқоридаги портал шу йил сентябрь ойи бошида Украина бозорларида узум билан боғлиқ рўй берган вазиятни бунга мисол қилиб келтиради. Ўзбек узумининг 1 килоси нархи чакана савдода 4,3 АҚШ долларига тенг бўлган. Айни чоғда 1 кило украин узуми 1,2-1,6 доллар, итальян узуми 2,5-2,9 доллар, туркларнинг кишмиши эса 1,4 доллардан таклиф қилинган. Қолаверса, Украинанинг жанубий минтақаларидаги фермерлардан узумнинг бир килосини улгуржи нархда 0,38 – 0,45 доллардан харид қилиш мумкин.

Шунга қарамай, Украинада ўзбек мевалари, узумлари, полиз экинлари ҳақиқий шинавандалар томонидан ҳамон талашиб-тортишиб сотиб олинмоқда. Масалан, ўтган йилда ушбу мамлакат Ўзбекистондан 50 тоннага яқин узум, 2016 йилга нисбатан тўрт баробар кўп, яъни 453 тонна қовун харид қилди.

Эътиборлиси, ўтган йили Ўзбекистон Украинага қовун етказиб бериш бўйича етакчига айланди. Бу турдаги полиз маҳсулотининг 60 фоизини айнан бизнинг мамлакат экспорт қилгани шундан далолат беради. 2018 йилда ҳам шу бўйича рекорд ўрнатилиш мумкин. Гарчи Украина дунёдаги йирик қовун экспортчиси бўлса-да, украиналик истеъмолчиларнинг ўзлари шириндан-шакар ўзбек қовунларини доим қадрлаб келишади, суйиб истеъмол қилишади.

Эслатиб ўтамиз, Украинада Мирзачўл қовунлари, айниқса, юқори баҳоланади. Уни маҳаллий халқ “торпедо” ёки баъзан узунлиги бир метрга етгани учун “метровка” деб ҳам атайди. Бу турдаги қовун узоқ масофаларга ҳам сархиллигича етиб боради ва музлатгичда яхши сақланади.

Манба: www.xs.uz

Улашиш: