Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг натижалари

23/Noyabr/2024 12:15
  1163

Юртимизда бозор муносабатларини тўлиқ қарор топтириш, иқтисодиёт тармоқларига инвестицияларни жалб қилиш, инновацияларни кенг кўламда жорий этиш орқали соҳаларни ривожлантиришга қаратилган таркибий ўзгартиришлар ва кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигида “Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг истиқболли йўналишлари” мавзусида ўтказилган конференцияда Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 9 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги ҳодимлари куни” муносабати билан ташкил этилган тадбирдаги маърузасида ва 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш бўйича белгилаб берилган вазифаларни ижроси бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар, кейинги икки йилдаги туб ўзгаришлар ҳақида сўз борди.

Унда Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Абдимухтор Эргашев, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитовларнинг маърузалари тингланди.

- Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини диверсификация қилиш асосида мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва тармоқ экспорт салоҳиятини юксалтириш бўйича амалга ошириладиган ишларга тўхталадиган бўлсак, 2016 йилда қабул қилинган дастурга мувофиқ 2016-2018 йилларда жами 140,5 минг гектар, шунингдек ҳукуматнинг тегишли қарори билан 99,4 минг гектар ёки умумий ҳисобда 240 минг гектар паст ҳосилли пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилди.

Ушбу майдонларга жорий йилда юқори даромадли, экспортбоп ва озиқ-овқат экинлари, жумладан 73,5 минг гектар сабзавот, 19 минг гектар картошка, 15,1 минг гектар полиз, 37,5 минг гектар дуккакли экинлар, 15,7 минг гектар соя, 3 минг гектар шоли, 44,3 минг гектар озуқа экинлар жойлаштирилди ҳамда 23 минг гектар интенсив боғ, 8,3 минг гектар токзор ва 600 гектар замонавий иссиқхоналар барпо этилди.

Республикада ноанъанавий, импорт ўрнини босувчи ва ташқи бозорда рақобатбардош бўлган ўсимликчилик ва чорвачилик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, кейинги йилларда республика бўйича жами 22,5 минг гектар аччиқ қалампир, 8,1 минг гектар қизилмия плантациялари барпо этилди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда инновацион ва интенсив технологияларни жорий қилиш ҳисобига маҳсулот ҳажмини ошириш юқори натижа бермоқда.

Республика бўйича 2011-2017 йилларда 36,6 минг гектар интенсив боғлар ташкил этилган бўлса, жорий йилнинг ўзида 7,8 минг гектар замонавий интенсив боғлар барпо қилинди.

Мисол учун, замонавий технологиялар асосида яратилаётган пакана ва ярим пакана интенсив мевали боғлардан 1 гектаридан ҳосилдорлик ўртача 20-25 тоннани ташкил этмоқда, бу эса анъанавий боғларга нисбатан 2-3 баробар кўпроқни ташкил этмоқда.

Экспортбоп мева ва узум маҳсулотлари етиштириш учун тоғ, тоғолди, адирлик ва лалми ерларни ўзлаштириб, бу ерларга интенсив мевали боғ ва токзорлар барпо этишга, уларни томчилатиб суғориш усулида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, - деди А.Эргашев.

Шунингдек конференцияда фермерлик харакати ва кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш ва рағбатлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ишлаб чиқариш бидлан илм-фан интеграциясини чуқурлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳслотлари экспорт ҳажмини ошириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, буларни амалга ошириш учун зарур қонунчилик базаси каби масалалар, соҳа мутахассислари, қонун ижодкорлари ва олимлар иштирокида муҳокама қилинди.

Манба: agro.uz

Улашиш: