Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Олма ҳосили нима учун тўкиляпти?

23/Noyabr/2024 12:15
  1240

Сўнгги йилларда мамлакатимизда юқори ҳосилдорликка ҳамда ширин таъмга эга, эртапишар пакана ва ярим пакана дарахтларни экиш орқали интенсив боғдорчиликни ривожлантириш, дунё бозорларида харидоргир, экспортбоп меваларни етиштириш ҳажмини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу ҳақида «Қашқадарё» газетаси хабар беради.

Бунинг натижасида барча ҳудудларда интенсив боғлар майдони ошиб бораяпти.

Қамаши туманидаги “Хўжаобод” фермер хўжалиги раҳбари Санжар Сиддиқов ҳам 2012 йилда хўжалик тасарруфидаги 5 гектар майдонда боғ ташкил этиб, унинг 3 гектарига ярим пакана, 2 гектарига эса  пакана олма дарахти кўчатларини ўтқазган эди. Айни пайтда боғ қийғос ҳосилга кирган, сархил олмалар пишиб етилмоқда.

- Бизнинг шароитда интенсив боғдорчиликнинг қандай самара беришига ўзим ҳам қизиқиб юргандим, - дейди фермер. – Боғимиз мисолида кўрдимки, агар агротехник тадбирлар ўз вақтида ва тўғри амалга оширилса, интенсив боғдан маҳаллийсига қараганда яхши ҳосил олиш мумкин. Ҳозирги пайтда пакана дарахтларнинг ҳар бирида камида 50 дан ошиқ сара мева бор.  Бу дастлабки йиллар учун ёмон натижа эмас. Лекин, бу борада айрим муаммолар ҳам кўзга ташланди. Мисол учун, меваларнинг бир қисми ҳали пишмасиданоқ ерга тўкилаяпти. Бу масала юзасидан мутахассислар билан маслаҳатлашдим. Уларнинг айтишича, бу турдаги олма дарахтлари биздаги ёзнинг иссиқ ҳароратига дош бериши қийин экан. Шу боис дарахтлар меваларини тўлиқ сақлаб қола олмаяпти. Аммо бунинг чораси бор...

Фермер эндиликда ушбу чорани қўллаш, яъни боғ устига иссиқнинг бир қисмини қайтаришда қўл келадиган махсус ипли тўр тортишни режалаштирмоқда. Демак, қаловини топса бўлади.

Манба: qashqadaryogz.uz

Улашиш: