Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Барча фермер ва деҳқон хўжаликларининг ягона электрон ахборот маркази ташкил этилмоқда

27/Mart/2024 10:56
  699

Вазирлар Маҳкамасининг 10.08.2018 йилдаги 645-сон қарори билан қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш чора-тадбирлари тасдиқланди. Бу ҳақда norma.uz ахборот-ҳуқуқий портали хабар қилди.

У Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда фаолият юритади.

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланган:

·        контрактация шартномалари, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ажратилган кредитлар, фермер хўжаликларига етказиб берилган ресурсларнинг мониторингини юритиш;

·        фермер хўжаликларига минерал ўғитлар, ЁММни етказиб беришнинг кафолатланган ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базасини юритиш;

·        туман ҳокимининг экин ерларини узоқ муддатли ижарага бериш тўғрисидаги қарори, ер ижара шартномаси, контрактация, хизмат кўрсатиш шартномалари реестрини юритиш ва ҳ.к.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўзпахтасаноат», «Ўздонмаҳсулот», «Ўзагрокимёҳимоя», «Ўзнефтмаҳсулот», «Ўзагротехсаноатхолдинг», «Агробанк», Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари тузилган шартномалар, ажратилган кредитлар тўғрисидаги барча зарур ахборот Марказга тақдим этилишини таъминлайди.

Шунингдек қишлоқ хўжалиги корхоналари учун Марказ доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг электрон савдо майдончаси бепул ташкил этилади.

Барча қишлоқ хўжалиги корхоналари – ягона базада, иш юритиш автоматлаштирилади.

Жорий йил 1 октябрга қадар фермер ва деҳқон хўжаликлари, шунингдек қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ягона электрон базаси шакллантирилади (СТИР ва контур кесимида) ҳамда унинг тизимли янгиланиб борилиши таъминланади.

2019 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ хўжалиги корхоналари Марказ тизими орқали электрон иш юритишга тўлиқ ўтадилар. Ҳужжатлар электрон рақамли имзо ёрдамида тасдиқланади.

Қишлоқ хўжалигига АКТни жорий этиш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди

Унинг асосий йўналишлари:

·        етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, унинг ҳажмлари ва турлари тўғрисида ягона электрон маълумотлар базасини яратиш;

·        қишлоқ хўжалиги соҳасида аgroonline.uz (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги), oziq-ovqat.uz («Ўзбекозиқовқатхолдинг»), agromart.uz (Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши) сингари миллий веб-сайтлар ишини такомиллаштириш;

·        тайёрловчи, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини биржа савдоларида электрон ахборот тизимлари ёрдамида сотиб олишларини таъминлаш.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.08.2018 йилдан кучга кирди.

Манба: norma.uz

Улашиш: