Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Юртимизда канопчилик қайтадан жонланмоқда

23/Noyabr/2024 19:32
  1336

Каноп ўсимлиги қимматбаҳо толали экин ҳисобланиб, ундан ишланган маҳсулотлар намликни ўзига тортиши ва тез ўтказиш хусусиятлари билан бошқа техник ўсимликлардан устун туради.

Каноп толасидан олинадиган иплар электрокабель ва гилам тўқиш саноатларида, халқ хўжалигида брезент, арқон, ўт ўчириш учун ишлатиладиган эгилувчан шланглар, мебель матолари тайёрлашда хомашё сифатида унумли қўлланилади. Ундан тайёрланган қопларда кофе ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари сақланса, ўз хусусиятини ўзгартирмаган ҳолда анчагача туриши мумкин. Мазкур ўсимлик Ўзбекистонда аввалдан етиштириб келинган. Бироқ яқин йиллар ичида унга бўлган эътибор бир оз сусайган эди. Давлат раҳбарининг Тошкент вилоятига қилган ташрифида берилган топшириқлар юзасидан яна каноп ўсимлигини етиштириш билан шуғулланиш лозимлигига катта урғу берилиб, унинг илк ижроси сифатида вилоятнинг Қуйичирчиқ туманига экилиши лозимлиги белгиланди. “Каноптола” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шавкат Миролиев мазкур йўналишдаги кўп йиллик тажрибасини амалда тадбиқ этган ҳолда, Қуйичирчиқ тумани Улуғбек ҳудудидаги “Мингчинор” маҳалласида 50 гектарлик ер майдонига каноп экиб, унинг уруғлигини етиштириш билан шуғулланмоқда.

Каноп — ғўзадошлар оиласига мансуб, намга, ҳарорат ҳамда ёруғликка талабчан ўсимлик. Шу боис уни республикамизнинг деярли барча вилоятида етиштириш мумкин. Ўсиш даври 124 — 145 кун бўлиб, гектаридан ўртача 100 — 120 центнер кўк поя, 4-5 центнер уруғ беради. Юртимиз тупроқ-иқлим шароитида 150 — 180 центнер кўк поя, 8-9 центнер уруғ олиш мумкин. Илғор агротехнологиялар қўлланилса, ушбу кўрсаткичлар янада яхшиланиши, шубҳасиз.

Маълумотларга қараганда, каноп ўсимлиги Тошкент вилоятида 1939 йилдан саноат миқёсида етиштирила бошланган. Масалан, ўтган асрнинг 80-йилларида 22 минг гектар ер майдонида парваришланиб, 350 минг тоннадан зиёд каноп хом ашёси тайёрланган. Ўз навбатида, хом ашё қайта ишланиб, 37 минг тонна тола олинган. Шундан 75 — 80 фоизи Россия, Болтиқбўйи, Украина, Қирғизистон, Қозоғистон Республикаларига хом ашё сифатида жўнатилган. Бундан ташқари, Куба, Буюк Британия, Бельгия, Болгария, Польша каби давлатларга экспорт қилинган. Қолган қисмигина ўзимизда чуқур қайта ишланиб, тайёр маҳсулотлар олинган.

Дарвоқе, каноп нафақат қимматбаҳо тола олиш, балки уруғи учун ҳам етиштирилади. Чунки ўсимлик уруғи таркибида 20 фоизгача техник мой бўлиб, у лок-бўёқ саноати, совун ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади.

Канопни бирламчи қайта ишлашда ҳосил бўладиган чиқиндиси ҳам кони фойда. Ундан қурилиш плиталари, гидролиз саноатида эса пектин, спирт, фурфурола каби кимёвий моддалар олишда фойдаланилади. Шуларнинг ўзи канопнинг иқтисодиётдаги аҳамияти нечоғли катта эканлигини кўрсатиб турибди.

Манба:

1. Тошкент вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

2. "Халқ сўзи" газетаси

3. Кун.уз

Улашиш: