Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тўрт тармоқда фаолият юритаётган фермер

27/Mart/2024 10:56
  742

Вилоят статистика бошқармаси маълумотига кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида ҳудуд қишлоқ хўжалиги соҳасида маҳсулдорлик 2 триллион 930,7 миллиард сўмни ташкил этган. Бу борада аввалги мос даврга қараганда 2,3 фоиз ўсишга эришилган.

Айтиш жоизки, ҳудудда деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотлари етиштиришда фермер хўжаликларининг улуши айниқса салмоқли. Ўтган ярим йилликда улар томонидан 742,9 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалиги ноз-неъматлари (умумий миқдорнинг 25,8 фоизи) ишлаб чиқарилган.

Бугун юртимизда фермерлик ҳаракати ривожини янада жадаллаштириш, соҳада сифат ўзгаришлари ясаш мақсадида кенг саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйиш қишлоқ мулкдорлари учун асосий талаб этиб белгиланди. Бундан эса фермернинг ўз ишидан манфаатдорлигини, даромадини ошириш, шу тариқа қишлоқ жойларда бандликни таъминлаш, замонавий инфратузилмани равнақ топтириш кўзланган. Ғузор туманидаги “Жамила Жасмина” фермер хўжалиги раҳбари Зубайда Жўраева ҳам шу соҳанинг аксар вакиллари қатори ўз ишини мазкур талаб асосида ташкил этишга ҳаракат қилмоқда. У фермерлик йўналишида катта тажрибага эга, янги тармоқларни йўлга қўйишга, мавжудларида янгиликларни жорий этишга жиддий бел боғлаган.

-Тўрт йўналиш – қорамолчилик, қўйчилик-эчкичилик, асаларичилик, паррандачилик тармоқларида иш олиб бораяпмиз, - дейди ишбилармон аёл. – 43 гектар ер майдонимиз бор.  Ҳозирда карпат зотига мансуб 220 асалари оиласи, 200 бошга яқин қўй-эчки, 28 бош йирик қорамол, 1000 та товуқ парвариш қилаяпмиз. Асал, сут, гўшт, тухум ишлаб чиқараяпмиз.

Фермер келгусида бу тармоқлар ёнига куркачиликни ҳам қўшишни мақсад қилганини таъкидлайди. У ўзи учун ноодатий бўлган янги йўналишга ҳам қўл урмоқчи. Қишлоқ ҳудудида янги тиббий диагностика маркази барпо этишни мўлжал қилаяпти, аллақачон шу мақсадда фойдаланиладиган бино қурилиши ишларига киришилган. Лойиҳа амалга ошгач, 10 нафарга яқин киши иш билан таъминланса, қишлоқ аҳли замонавий тиббий хизматдан кенг фойдаланиш имконига эга бўлади.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, 2018 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, вилоятимизда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан йирик шохли қорамоллар сони 1,7 фоизга (1 миллион 490 минг бошга етган) кўпайган.

Шу жумладан, сигирлар 489 минг бошдан ошган. Воҳамизда 4 миллион 448 минг бош қўй ва эчки боқилмоқда. Чорва бош сони кўпайиши чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўлами ортишига ҳам ўз таъсирини ўтказган. Барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 139,6 минг тонна гўшт (ўсиш – 6,9 фоиз), 515,2 минг тонна сут (ўсиш – 3,7 фоиз), 217,6 миллион дона тухум (маҳсулдорлик – 9,5 фоиз) етиштирилган.

Муаллиф: М. Жўраев. Манба: qashqadaryogz.uz

Улашиш: