Хивада қовун сайли
Қадимий ва ҳамиша навқирон Хива шаҳрида ўтказилган қовун сайли “Гурвак – Хоразм қовунчилиги рамзи” деб номланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Сайилда вилоятнинг полиз маҳсулотлари ва мева етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари ўзлари етиштирган табиат неъматларини намойиш этди. Унга мамлакатимиз ва хорижик сайёҳлик фирмалари вакиллари ҳамда чет эллик меҳмонлар таклиф этилди.
Юртимизда азалдан тилими тилни ёрадиган, оғизда эриб кетадиган қовунлар етиштириб келинган. Ҳатто қишда ҳам бозорларимизда тилимлаб қовун сотилган. Археологик тадқиқотлар чоғида Хоразм заминидан топилган милоднинг III асрига оид маданий қовун уруғлари аждодларимиз эрамиздан аввал ҳам қовунчилик билан шуғулланганидан далолат беради. Хоразмда полизчилар қадимдан шарафли касб эгалари ҳисобланиб, уларга юксак эҳтиром кўрсатилган. Улар етиштирган шириндан-шакар қовунлар ичида энг машҳури Гурвак қовунидир.
– Қовун етиштириш борасида кўп асрлик тажрибаларни қўллаш билан бирга, замонавий агротехнологиялардан ҳам кенг фойдаланмоқдамиз, – дейди Урганч туманидаги “Давлат-Раҳматулла” фермер хўжалиги раҳбари Озод Раҳматуллаев. – Ушбу кўргазмага даламизда етиштирилган “Ширин печак”, “Бўрикалла”, “Гурвак”, “Қари қиз”, “Кўкча”, “Кўк гурвак” каби 12 турдаги қовун билан иштирок этмоқдамиз. Кўп йиллардан буён қовун турларини чатиштириш орқали унинг янги навларини яратиб келамиз. Мана, бир неча йилдан буён қовунни музлатиб, музқаймоқ кўринишида хорижга экспорт қилмоқдамиз. Сайилда қовунларимизни татиб кўрган хорижликлар уларнинг таъмига жуда юқори баҳо беришди.
Қовун сайли доирасида “Ширин қовун” танлови ўтказилди. Унда миришкор деҳқонлар қатнашиб, мазкур соҳадаги билими, уруғ танлаш, қовун кесиш, қоқи қилиш маҳорати, уни қиш мавсумида сақлаш тартиб-қоидалари бўйича ўзаро баҳслашди. Танловнинг якуний натижаларига кўра, Урганч тумани деҳқонлари биринчи ўринни эгаллади. Ҳазорасплик полиз усталари иккинчи, гурланлик фермерлар учинчи ўринга сазовор бўлди.
Шунингдек, танловда қовунчиликни ривожлантириш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнатлари, илғор агротехник тадбирларни соҳага жорий этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, қовуннинг йўқолиб бораётган навларини қайта тиклаш, янгиларини экиб кўпайтириш устида иш олиб бораётган уста деҳқонлар ҳам диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Қовун сайли муносабати билан ташкил этилган тадбирда Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Ф.Эрманов сўзга чиқди.
Муаллиф: Аҳмаджон Шокиров. Манба: ЎзА