Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Бухоро фермерлари ўлкамизда биринчи бўлиб давлатга дон сотиш шартнома режасини бажаришди

04/Fevral/2023 10:55
  583

Ўртача ҳосилдорлик 60 центнерни ташкил этди. Буғдой майдонлари ўтган йилга қараганда бир мунча қисқарган бўлса-да, ялпи хирмон салмоқли бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ўтган йил кузда вилоят ғаллакорлари 63,1 минг гектар ерда маҳаллий иқлим ва тупроқ шароитига мос “Краснодар – 99”, "Васса”, “Гром” каби эртапишар ва серҳосил навли уруғларни оби-тобида экиб, ундириб олди. Экинлар замонавий технологиялар асосида парвариш қилиниши самарасида баравж ривожланган майса тупларида бошоқлар бўлиқлиги таъминланиб, кутилган ҳосил етиштирилди.

Вилоятда дон ўрим-йиғимига пухта тайёргарлик кўрилди. Ҳосилни нест-нобуд қилмай, қисқа фурсатларда йиғиштириб олиш учун 384 оператор ва унинг ёрдамчиси хизмат кўрсатадиган 192 отряд ташкил этилди. Далалар ўримга пухта тайёрлангани ва ишнинг оқилона ташкил этилгани комбайнларнинг унумли ишлашини таъминламоқда.

Бу йил ўтган мавсумдагидан анча қисқа, яъни ўн етти кунда шартнома режаси бажарилди. Бунда Вобкент, Пешку, Ромитан, Жондор, Қоровулбозор каби туманларнинг ҳиссаси катта бўлди. Ўриб олинган 24 минг 530 гектардан зиёд майдонда ўртача ҳосилдорлик 60 центнерни ташкил этди. Пешку туманидаги “Фаттоев”, Жондор туманидаги “Бўстон Назар”, Ромитан туманидаги “Муҳсин”, Вобкент туманидаги “Малик Шариф Шукур”, Шофиркон туманидаги “Шерали Қодир” фермер хўжаликларида бу кўрсаткич 68-93 центнерга етди.  Вилоятдаги ғалла етиштирувчи 3 минг 583 фермер хўжалигининг 2400 га яқини давлатга дон сотиш шартнома режасини ошириб бажарди.

Вилоят ғаллазорларида комбайнлар тўла қувват билан ишламоқда. Улар яна 37 минг гектардан зиёд майдондаги ҳосилни яқин кунларда йиғиштириб олишни ниҳоясига етказади. Буғдойдан бўшаган майдонларнинг бир қисмига мош, ловия ҳамда озуқабоп экинлар экилмоқда.

Улашиш: