Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қимматбаҳо заъфарон Ўзбекистонда етиштириладими?..

18/Aprel/2024 09:44
  878

Дунёда шундай ўсимликлар борки, ўта ноёб ва камёблиги билан ажралиб туради. Заъфарон мана шундай ўсимликлар сирасидан. У хушбўйлиги, таъми ва даволаш хусусияти билан ўсимликлар орасида тенгсиз ҳисобланади.

"Заъфарон" арабча сўз бўлиб, "сариқ" деган маънони билдиради. Бу ноёб зиравор ўсимликдан қадимда бўёқ тайёрланган. Ҳозирги даврда эса асосан тиббиётда ва ошхонада ишлатилади. Ер юзида йилига 300 тонна заъфарон етиштирилади. Маълумотларга қараганда, шифобахш ўсимликнинг 175 тоннаси Эронда етиштирилиб, унинг 120 тоннаси экспорт қилинади. Бугунги кунда жаҳон бозорида 1 килограмм заъфароннинг нархи 400 доллардан 1000 долларгача баҳоланади. 1 килограмм гули 5000 долларгача сотилади.

Заъфароннинг бир қанча ўхшаш турлари бор. Масалан, Озарбойжонда “имеритинский шафран”ни, Мексикада “махсар гуллари”ни, Ҳиндистонда “куркума”ни заъфарон деб сотишади. Бизнинг бозорларимизда ҳам “махсар гуллари”ни заъфарон, деб сотиш ҳолатлари учраб туради. Бу ўсимликлар ҳам заъфарон билан бир оилага мансуб. Аммо хусусияти бошқача.

Заъфарон шарқда илгари “қизил олтин” деб номланган. У ўрта асрлардан буён баҳоси ва қадри тушмай келаётган ягона зиравордир. Ўша даврда бир қадоқ (450 грамм) заъфаронни 1 та зотли араб чопқир отига айирбошлаш мумкин бўлган.

Заъфарон нима учун қиммат? Биринчидан, уни етиштириш жуда машаққатли иш, иккинчидан, хушбўйлиги, таъми ва даволаш хусусияти билан бу ўсимлик зираворлар орасида тенгсиздир.

Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматованинг айтишича, заъфарон иссиқлик ва ёруғликни севади, у экилган тупроқ сувни яхши ўтказади. Бу ўсимлик биологик хусусиятига кўра, тупроқда нам бўлган пайтларда ўсиб-ривожланади. Ёз келиши билан вегетациясини тўхтатади, экилган жойда намлик миқдори юқори бўлса, илдиз пиёзлари чириб кетади. Шунинг учун ёз пайтлари қуруқ тупроқда яхши сақланади. Унинг бир йилда икки марта гуллаши учун ўзига хос ҳаво ҳарорати зарур. Кузда гуллаши учун ҳавонинг иссиқлиги 12 градус бўлиши ва навларини тўғри танлаш лозим.

Кўп ҳолларда эрта баҳорда яхши гуллайди, бошқа ўсимликлардан фарқи бирданига барг ва гулининг ғунчаларини ҳосил қилишдадир. Бўйи паст бўлиб, 10-12 сантиметрни ташкил этади.

Заъфарон бутун организм ҳужайраларини озиқлантиради, терини силлиқ қилади, рангни тиниқлаштиради, хотира ва ақлий фаолиятни яхшилайди, кайфиятни кўтаради. 100 дан ортиқ хасталикларни даволовчи шифобахш хусусиятга эга.

Бу ўсимликнинг салбий жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Меъёрдан кўп овқатга қўшилган заъфарон таомни бузишдан ташқари сезги органларини қаттиқ зўриқтиради, энг асосийси, инсон организмининг заҳарланишига ҳам олиб келиши мумкин.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бош мутахассиси Мансурбек Сатимбоевнинг айтишича, бу ўсимлик юртимиз тупроқ-иқлим шароитига тўлиқ мос бўлиб, уни Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Жиззах вилоятларида етиштириш имконияти мавжуд. Бу ўсимликнинг биологияси ва етиштириш агротехникаси пухта ўзлаштирилиб, фермерлар жалб этилса, даромадли соҳага асос солиш мумкин. Зеро, бир гектар плантациядан биринчи йил ўртача 4 килограмм, иккинчи йили 7-8, кейинги йилларда 15-16 килограмм ҳосил олинади.

Ўзбекистонда заъфарон етиштириш ва плантацияларини ташкил этиш фармацевтика, парфюмерия ва озиқ-овқат саноатини маҳаллий хомашё билан таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 2017-2019 йилларда ўрмон фонди ерлари ва фермер хўжаликларида доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш лойиҳасига кўра, Ўзбекистоннинг 23 туманида 50 гектардан зиёд майдонда заъфарон плантацияларини ташкил этиш, унинг хомашёсидан фармацевтика саноатида фойдаланиш, маҳсулотни экспортга йўналтириш режалаштирилган, деб ёзади ЎзА.

Манба: www.uza.uz.   Муаллиф: Даврон Суннатов

Улашиш: