Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Сурхондарё: вилоятда биринчи марта кластер усулини қўлланиши

29/Mart/2024 11:47
  572

Жорий йилда Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидаги «Angor Surxon G'ururi» масъулияти чекланган жамияти биринчи марта кластер усулида пахта хомашёси етиштирди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Тадбиркорларнинг вилоятда ҳосилни парваришлашдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқични ўз ичига қамраб олган янги лойиҳани амалга ошириши учун ўтган йил кузда тумандаги “Шароф Рашидов”, “Қорасув” ва “Навшаҳар” массивларидан ҳосилдорлиги паст, шўрланган ер майдони ажратиб берилган эди. Бу ерда улар энг замонавий аграр талабларга жавоб берадиган ривожланган давлатлар тажрибаси асосида пахта етиштиришни йўлга қўйди.

Илғор инновацион ғояларни жорий этиб, ҳосилдорликни 20-25 центнердан 50-60 центнерга етказишни мўлжаллаган тадбиркорлар ерга эгалик қилгач, мавжуд майдонларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сифатли шудгорлаш ва зараркунандалар кўпайишининг олдини олишга алоҳида аҳамият қаратди. Шу мақсадда экин майдони атрофидаги каналлар, ариқ-зовурлар лой, қамиш ва бошқа зарарли ўтлардан тозаланди. Ерни тез ва чуқур шудгорлаш учун 220 ва ундан юқори от кучига эга тракторлар, замонавий технологик чизеллардан фойдаланилди.

– Бу жараёнда узоқ йиллардан буён ернинг “без” қатлами бўлиб келган ва шунинг оқибатида ҳосилдорликни пасайтириб юборган қатқалоқни янчиш агротехнологияси қўлланилиб, чизель билан 60 сантиметр чуқурликда ҳайдалди, – дейди «Angor Surxon G'ururi» МЧЖ агрономи А.Тўраев. – Унумдор тупроқ ва минерал ўғитлар билан бойитилди. Бир гектар экин майдонига 300 килограмм аммофос, 100 килограмм калий, 50 килограмм азот берилди. Бу экин илдизини 50-60 сантиметр ер қатламига етказиб, сувнинг 70-80 сантиметр чуқурликка сингишига пухта замин яратди. Ҳосилдорликни икки баробаргача оширди. Бу юмушларга хорижлик тажрибали мутахассислар жалб этилгани ҳам ютуқлар омили бўлди.

Замонавий инновацион усуллар асосида пахта етиштириш ва уни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи ўзлаштиришга аҳд қилган ишбилармонлар эрта баҳорда 5 минг 800 гектар майдонга “Сурхон-14”, “Сурхон-16”, “Наманган-77”, “Иолатан-14 А 1” ва “Жарқўрғон” навли чигит уруғларини хориж тажрибаси асосида бир текис ундириб олди. Ниҳоллар қатор орасини юмшатиш, культивациялаш, ягана қилиш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилди. Бу юмушларни тез ва сифатли бажариш учун хориждан келтирилган техникалар кучидан самарали фойдаланилди. Меъёридан анча иссиқ бўлган ёз фаслида ғўзани шарбат усулида тунги суғориш йўлга қўйилгани, маҳаллий ва минерал ўғитлар билан ўз вақтида озиқлантирилгани, бегона ўтлардан тозаланиб, белгиланган муддатларда чеканка қилингани ҳам ўтган йилларга нисбатан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда муҳим аҳамият касб этди.

Манба: www.uza.uz

Улашиш: