Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ғўза парваришида зарбдор ойлик

29/Mart/2024 16:24
  742

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 29 май куни экспорт-импорт, маҳаллий бюджетга қўшимча тушумларни таъминлаш, қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш каби муҳим тадбирларни самарали ўтказиш билан боғлиқ бугунги кунда ғоят долзарб бўлиб турган масалаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда бу йил баҳор ойларининг салқин ва қуруқ келиши пахта етиштиришда жиддий муаммоларни келтириб чиқараётгани, натижада ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ғўза ривожланиши анча орқада қолаётгани, бу эса унинг парваришига жиддий эътибор қаратишни тақозо этиши ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди. Айниқса, бундай оғир шароитда культиваторлардан юқори даражада самарали фойдаланиш, тупроқни чуқур юмшатиш, сувдан тезамкорлик билан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларга қарши тизимли курашиш ва назорат ишларига ўта масъулият билан ёндашишни талаб этиши қайд этилиб, ғўза парваришида зарбдор ойлик эълон қилинди.

Жорий йил баҳорнинг салқин ва қуруқ келиши натижасида ғўза ривожининг орқада қолиши, зараркунанда ҳашаротларнинг кўпайиб, жиддий зиён етказиш хавфи ортиши сабабли ғўзани парваришлашда июнь ойидаги каби июль ойида бажариладиган ишларни ҳам жадал ўтказиш ва янги инновацион технологияларни кенг жорий этишни талаб қилмоқда. Бунда ғўзани суғоришда сувдан тежаб тергаб фойдаланиш, қатор орларига кўпроқ ишлов бериш, ўсишни созловчи моддалар ва биостимуляторларни қўллаш ҳамда чилпиш ишларига ҳар йилгидагидан ҳам жиддийроқ эътибор бериш мақсадга муофиқдир.

1-июндан 1-июлгача зарбдор ойида ғўза қатор ораларига ишлов беришда энг аввало культиватордаги ишчи органлар сонига ва ишлов бериш чуқурлигига, унинг сифатига алоҳида эътибор қаратилган бўлса, бундай ишлов июль ойида ҳам давом эттирилиши зарур. Қатор ораси 60 см бўлганда культиваторда ишчи органларни тўлиқ таминланган бўлиши лозим. Бундан ташқари чигит эрта экилган майдонларда культивацияни озиқлантириш билан бирга ўтказиш, ривожи кечки майдонларда ниҳолларни шикастлантирмаган ҳолда ишлов бериш лозим. Бунда ўртадаги ишчи органни чуқурроқ ўрнатилса, намлик ва минерал ўғитдан самаралироқ фойдаланилади.

Ғўза ривожини жадаллаштиришда биостимуляторлардан фойдаланиш кейинги йилларда юқори самара бермоқда. Айниқса, жорий йилдаги табиат нинжиқликларига қарамасдан эртаги, юқори ва сифатли пахта етиштириш учун маҳаллий хомашёлардан ишлаб чиқарилган Узгуми, Замин-М, Биоэнергия-М ва бошқа четдан келтирилган юқори самарали Гумми 20, Вл 77, Байкал ЭМ 1 каби биостимуляторларни қўллаш мақсадга мувофиқдир. Жумладан июль ойида ғўзанинг гуллаш-ҳосил тугиш даврида ривожланишини ҳисобга олиб, ушбу стимуляторлар билан 1-2 марта ишлов бериш мумкин. Бунда Узгуми  стимулятори гектарига 0,4-0,5 л, Замин-М 2,0 л, Биоэнергия-М 4-5 л, Гумми 20 1,0-1,5 л, Вл 77 0,5-0,7 л, Байкал ЭМ 1 3,0-3,5 л меъёрларда 205-300 л сувга аралаштирилиб сепилади.

Бу йилги табиий иқлим шароитида ғўзага берилган минерал ўғитларнинг самарасини ошириш, ўсимлик ривожини жадаллаштириш ва мўл ҳосил тўплашда суғоришнинг аҳамияти жуда каттадир. Шу сабабли азотли ўғитлар билан озиқлантирилган майдонларда пешма-пеш суғориш ишлари ташкил этилиши шарт. Бунда жойнинг тупроғи, механик таркиби ва гидромодуль худудларни ҳисобга олиб, суғориш муддати, меъёри ва сони қуйидагича белгиланади: сизот сувлари сатҳи чуқур жойлашган ерларда ғўзанинг гуллаш ва ҳосил тугиш даврида июль ойида суғориш меъёри енгил механик таркибли тупроқларда гектарига 800-900 м3, ўрта ва оғир механик таркибли тупроқларда 900-1000 м3 ни ташкил этса, ғўза етарли намлик билан таъминланади ва сув ортиқча исроф бўлмайди. Агар сизот сувлар сатҳи 2-3 м дан 0,5-2,0 метргача чуқурликда жойлашган тупроқлар бўлса, юқорида кўрсатилган меъёрлар 10-15 фоизга камайтирилиши лозим.

Республикамизнинг барча вилоятларида июль ойи бошларида ғўза асосан гуллаш даврида ривожланади ва бу даврда суғориш давомийлиги механик таркиби енгил тупроқларда 14-16 соат, ўрта ва оғир механик таркибли тупроқларда 16-18 соат, ғўза оммавий гулга кириб, ҳосил тугиш даврида июль ойининг иккинчи ярмидан эса суғориш давомийлиги юқоридаги тупроқ турларига мос равишда 16-18 ва 18-20 соатдан ошмаслиги керак. Таъкидлаш жоизки, ғўза сувга келган даврда гули тепага чиқиб, қаттиқ чанқашига мутлоқа йўл қўйиб бўлмайди. Негаки, ҳаво ҳарорати юқори бўлган бу даврда суғориш ишларини кечиктириш натижасида ғўза паст бўйли бўлиб қолади, ҳосил элементлари шона, гул ва тугунчаларини жуда тезда тўкиб юборади. Тажрибалардан маълумки, суғоришнинг кечиктирилиши ҳисобига ҳосилдорлик гектаридан 4-5 центнерга камайган.

Бу йилги сув танқис шароитда далани бегона ўтлардан тозаламасдан туриб суғориш мутлоқа мумкин эмас, чунки бегона ўтлар ғўзага нисбатан сувни тез ва кўп ўзлаштириши оқибатида ғўза сувга қонмайди, бу эса сувдан фойдаланиш самарасини кескин пасайтириб юборади.

Айниқса, сувдан унумли фойдаланиш учун ғўзани суғоришни кечаю-кундуз амалга оширилиши яхши натижа беради, бунда ғўза сувни қониб ичади, суғориш суви 10-12% тежалади ҳамда ўсимликнинг ўсиш ривожланиши учун мутадил микроиқлим яратилади, ғўза кечаю-кундуз ишлаб ҳосил тўплайди.

Сув тежамкорлигини таъминлашда суғоришнинг шарбат усулидан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади ҳамда ғўзанинг минерал озиқани тўлиқ ўзлаштиришида муҳим аҳамият касб этади. Бунда шарбат учун фойдаланиладиган ярим чириган гўнг ғўза учун зарур озиқа бўлиши билан бирга, мульча вазифасини ҳам бажариб, сувнинг ортиқча буғланишини камайтиради, тупроққа сингишини яхшилайди, намнинг узоқроқ сақланишига олиб келади. Бунинг учун ҳар бир даланинг сув кирадиган жойига махсус хандаклар қазилиб, суғоришдан 5-7 кун олдин 1:1 нисбатда сув билан гўнг аралаштирилиб жижа (гўнгнинг сувда эритилган аралашмаси) тайёрланади. Суғориш суви ушбу хандак орқали ўтказилиб, сувнинг ранги тўқ жигарранг тусга киргунча жижа аралаштирилиб турилади ва сув эгатлар охирига етганда озиқа моддалар оқовага чиқиб кетмаслиги учун сувнинг оқим тезлиги камайтирилади. Далани суғориш учун режалаштирилган меъёрдаги сув берилгандан сўнг суғориш тўхтатилади.

Бу йилги шароитда ғўза қатор оралари 60 см бўлган майдонларда суғоришни эгат оралатиб (бир эгат ташлаб) ўтказиш сувни 15-20 фоизгача тежаш имконини беради.

Суғоришдан кейин ғўза қатор орасидаги тупроқ етилиб, оби-тобига келиши билан енгил культивация қилиниши керак. Ғўзанинг ривожланишига қараб тупроққа ишлов бериш чуқурлиги турлича бўлади. Биринчи культивацияда ишчи органлари (ККО ва норальник) 6-8  ва 8-10 см, ғозпанжа эса эгат ўртасида 12-14 см чуқурликка тушадиган қилиб ўтказилган бўлса. Кейинги культивацияларда эса ишчи органлари чуқурлаштирилиб борилади, ғозпанжа эса 12-14 ва 14-16 см чуқурликка тушадиган қилиб ўрнатилади.

Суғоришдан сўнг культивация кечиктирилса, ғўза қатор ораси ёрилиб, илдизлари шикастланиб, кўплаб кесаклар ҳосил бўлиб, ғўза ривожига салбий таъсир кўрсатиши билан бирга, сувдан самарали фойдаланилмай тўпланган намлик тезда буғланишига олиб келади, шона ва гуллари тўкилиб кетади.

Сувдан сувгача ғўза қатор орасига 2 марта ишлов берилади, бунда суғоришдан кейинги культивация ва суғоришдан олдин эгат олишда механизмларнинг ишчи органларини тўғри ростланишини назорат қилиш зарур. Агар культивация кечикиб ўтказилса, ғўзани ўсиш ривожланиши секинлашади, тез чанқаб қолади.

Июль ойида ғўзани чилпиш энг муҳим ишлардан саналади. Зеро республикамиз пахтачилигида ғўзада чилпиш ўтказмасдан юқори ва эртаги ҳосил етиштириш жуда қийин. Ғўзада чилпиш тадбирини мақбул муддатда сифатли бажариш орқали ўсиши ва ривожланишини жадаллаштириш, ҳосил элементлари тўкилишини камайтириш, йирик кўсаклар сонини кўпайтириш, зараркунанда ҳашаротларнинг зарарини камайтириш, кўсакларнинг очилишини 8-10 кунга тезлаштириш ҳамда ҳосилдорликни гектарига 6-8 центнергача ошириш мумкин.

Бу йилги шароитда ҳам чилпишнинг анъанавий қўлда, механизмлар ёрдамида ва кимёвий усулларидан (Сожеан, Энтожеан, Далпикс каби препаратлар билан ишлов берилиб амалга ошириш) фойдаланиш тавсия этилади.

Агар далада ғўза баравж ўсган бўлса, тупроқдан олаётган озиқа моддалари кўпроқ ўсув шохлари ва баргларга йўналади. Бунда генератив органлар шона, гул ва кўсакларга озиқа камроқ етиб боради ва улар тўкилиб, кўсаклар эса кичрайиб, тўлиқ шаклланмайди, вазни кичраяди, очилиши ортга сурилади, шу сабабли ҳосилдорлик камаяди ва толасининг сифати пасайиб кетади.

Фермер хўжаликлари раҳбар ва мутахассислари унитмаслиги керакки, бу йилги шароитда ғўзани чилпишни ҳар йилгидан эртароқ асосан 10-11 ҳосил шоҳи пайдо бўлган муддатда бошлаш тавсия этилади. Шунда ҳосил салмоғи ортиб, эрта етилишига, сифати ҳам юқори бўлишига олиб келади. Аксинча, чилпишни ғўзада 13-14 ҳосил шохи пайдо бўлганда ва ундан ҳам кечиктириб ўтказиш оқибатида ҳар йилгидан кечки ривожланаётган ғўзани янада кечиктириб, ғовлаб вегетатив массасининг ортиқча кўпайиб кетишига, пахта ҳосилининг кечки ва 15-20 фоиз кам бўлишига сабаб бўлади.

Жорий йилда экилган ғўза навлари хусусиятларига қараб унумдорлиги юқори бўлган тупроқларда 11-12, ўртача унумли тупроқларда 11 ва унумдорлиги паст ерларда 10-11 ҳосил шохи тўпланганда чилпиш ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Қўшқатор экилган ерларда бу тадбир 10-11 шох ҳосил бўлганда ўтказилади.

Чилпиш қўлда ўтказилса, ғўза бош поясининг энг учки 1-2 см қисмини (бироз оқиш рангли бўлади) юлиб, чимдиб олинади ва фартукларга йиғилиб, даладан ташқарига чиқарилиб, кўмиб ташланади. Бундай қўлда чилпишда поянинг уч қисмини чуқур 5-10 см юлиб олинишига йўл қўймаслик керак.

Механик усулда чилпишда махсус чилпиш мосламасини культиватор олдига ўрнатилган ҳолда ғўза қатор ораларига ишлов бериш билан бирга амалга оширилади. Бу жараёнда мосламанинг пичоқлари ўткирланган, мослама асосий пояни ўртача баландлигини ҳисобга олган ҳолда 80-100 см баландликда ростланган бўлиши, бунда имкон қадар ғўзанинг тепа қисмини чуқур кесилиб, 2-3 та шона ва гулнинг йўқотилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш шарт.

Чилпишнинг кимёвий усули ғўзанинг ҳосил тўплаши ва мақбул ўсиши ҳамда эртачи ҳосил етиштириш учун ҳар тарафлама самарали ва қулайдир. Бунда Сожеан, Энтожеан, Далпикс препаратлари суғоришдан 5-7 кун аввал ёки суғоришдан 5-7 кун кейин ОВХ ва бошқа пуркагич мосламаларда 250-300 л/га сувга аралаштирилиб ғўзага сепилади. Улар ғўзанинг барги орқали танасига яхши сингиб, ўсимлик ҳужайраларининг бўлинишини тўхтатади, натижада ғўза бўйига ва ёнига ўсишдан тўхтайди, барглари тўқ яшил рангга киради, ўсимликнинг ривожланиши ва ҳосил тўплаши жадаллашади, тупи ихчам арчасимон шаклга кириб, қаторлар орасида ҳаво алмашинуви ва микроиқлим яхшиланади, ғўзанинг тепа қисмида 3-4 дона бўлиқ кўсаклар пайдо бўлади, ғўзани тепа ва пастки ҳосил шохларидаги кўсаклар бир хил очилиши таъминланади.

Республикамиз вилоятларида ғўзанинг ривожланиш ҳолатига қараб, Сожеан ва Энтожеан препаратлари гектарига 90-100 г, Пикс ва Далпикс 1,5-2,0 л миқдорда қўлланилиши тавсия этилади.

Бу йилги шароитда Сожеан ва Энтожеан препаратларини ғўзанинг ёшлик даврларидан қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади, бунда ғўзанинг пастки шохларидан тепасигача кўсак ҳосил қилади, бўғин оралиқлари қисқаради, сув танқислигига бардошлиги ошади, ҳосил эртаги етилади. Бунинг учун ғўзанинг шоналаш даврида бўйи 20-25 см бўлганда 15 г/га, гуллаш даврида (ғўзани бўйи 50-60 см бўлганда) 35-45 г/га, ғўзада 10-11 ҳосил шохи шаклланганда чилпиш мақсадида 90 г/га меъёрда қўллаш керак.

Август ойида ғўза қатор орасини культивация қилиш ишлари давом эттирилади ва ғўза туплари орасида ҳаво алмашинувини таъминлаш талаб этилади. Шунда кўсакларга иссиқ ҳаво ва шамол тегиб, тез етилади, сифати ҳам меъёрида бўлади, касалликлар хуружи ҳам камаяди. Шу ойда ғўза қатор оралари туташиб-бирлашиб кетмаган далаларда 1-2 марта культивация қилиниши тавсия этилади. Лекин қатор орасида культивация шундай ўтказилиши керакки, ғўза тупларига зиён етказмасин, кўсакларни тўкмасин. Бундай культиватор ишчи органлари яхшилаб, сирти силлиқ қилиб ўралган, ғилдираклар олди суйри қилиб ҳимояланган, ғўза шохлари ва ҳосил элементларига зарар етказмайдиган бўлиши лозим. Мазкур жараёнда тракторнинг тезлиги бир маромда бўлиши талаб этилади.

Бу даврда культивацияни ҳаддан ташқари чуқур ўтказиш ғўзага салбий таъсир этиши мумкин, шунинг учун охирги культивациялар юзароқ ўтказилиши лозим. Юза культивация далани машина теримига яхши тайёрлаш имконини ҳам бериб, пахта териш машиналари бир текис юришини таъминлайди. Август ойида тунлари салқин тушади, ҳаво эса қуруқ ва иссиқ бўлади. Бундай шароитда кўсак қурти, ўргимчаккана, беда қандаласи, шира каби зараркунандалар кўпаяди. Шу сабабали зарарли ҳашоратларга қарши курашни сусайтирмаслик зарур. Чунки озгина эътиборсизлик туфайли тўпланган ҳосилнинг 30 фоизигача бой берилиши мумкин.

Зараркунандаларга қарши курашишда Ўсимликларни ҳимоя қилиш идмий –тадқиқот институти олимлари тавсиясига асосан, биологик кураш усулидан фойдаланиш, зарурият туғилганда кимёвий воситаларни қўллаш лозим.

Айниқса, август ойда ғўзани оби-тобида суғориш жуда муҳимдир.  Яъни, ғўзани чўллатиб ҳам кўллатиб ҳам суғориш ярамайди. Акс ҳолда, ҳосили тўкилиб, мўл ҳосил тўпланмайди, биомассаси ортиб, кўсаклар очилиши кечикиб кетади. Сув тақчил жойларда ғўза қаттиқ чанқатиб қўйилса, гул ва ҳосил тугунчалари тўкилади, кўсаклар кичрайиб, вазни 1-2 г камайиб кетади, толаси яхши етилмайди, чигити пуч бўлиб қолади, оқибатда ҳосил салмоғига путур етади. Борди-ю, далалар кўллатиб юборилса, ғўза бўйига зўр бериб ўсади, бачкилайди ва ғовлаб кетади, бунда ҳам ҳосилини тўкиб юборади, пастки қаватдаги кўсаклари чирийди, қорайиб қолади, сифати пасаяди.

Жорий йилда июль ва август ойи ҳосил тақдирини ҳал этишини инобатга олиб, ҳар бир кунни ғанимат билиб, миришкор деҳқон ва фермерларимиз ғўза парваришини жадаллаштирса, ривожи тезлашиб, ҳосили мўл бўлади.

Пахта селекцияси, уруғчилиги ва

етиштириш агротехнологиялари

илмий-тадқиқот институти.

Улашиш: