Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Андижон вилоятида балиқчилик ривожи

28/Mart/2024 17:17
  842

Мамлакатимизда аҳолининг балиқ маҳсулотига бўлган эҳтиёжини қондириш, тармоқда янги технологияларни жорий этиш, мазкур соҳада фаолият юритаётган хўжаликлар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, деб ёзади ЎзА.

Андижон вилоятида ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилаётир. Балиқчилик йўналишида фаолият олиб бораётган хўжаликлар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Қолаверса, вилоятдаги сув ресурсларидан унумли фойдаланилиб, табиий ва суньий ҳавзалар барпо этилаётир.

Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятдаги 315 балиқчилик хўжаликлари томонидан харидорларга 902 тонна балиқ етказиб берилди.

Вилоятда интенсив балиқчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Хўжалигимизда интенсив усулда балиқ етиштириш йўлга қўйилган, – дейди Избоскан туманидаги “Super modul” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Маҳмудхон Умархўжаев. – Жорий йилда 650 тонна балиқ етиштиришни режалаштирганмиз. Шундан 500 тоннаси интенсив усулда, 150 тоннаси эса ёпиқ сув ҳавзаларида етиштирилади. Ҳозирда юртимиз иқлимига чидамли, тез етиладиган, гўшти ҳам мазали бўлган Африка лаққа балиғини парваришлаяпмиз. Махсус инкубациямизда эса ушбу балиқнинг чавоқлари етиштирилиб, балиқчилик фермер хўжаликларига, балиқ боқиш истагидаги аҳолига етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, 150 минг АҚШ долларига Хитой давлатидан бир кеча кундузда 14 турдаги 5 тонна балиқ озуқаси ишлаб чиқариш қувватига эга махсус ускуна олиб келинди.

Андижон туманидаги “Vallefish” масъулияти чекланган жамияти томонидан 4 гектар майдондаги ҳавзада бир неча турдаги балиқ парваришланиб, белгиланган рацион асосида озиқлантирилмоқда. Хўжалик томонидан жорий йилда савдо дўконлари, шифохона ва болалар боғчаларига 200 тонна балиқ етказиб бериш кўзда тутилган.

Хўжаобод туманидаги "Қора амур” фермер хўжалигида балиқ етиштириш бўйича ўзига хос тажриба шаклланган. Хўжалик тасарруфидаги бир неча ҳовузда 6 турдаги балиқ боқилмоқда.

– Балиқлар учун хўжалигимизнинг ўзида омихта ем тайёрланади, – дейди хўжалик раҳбари Владимир Решетников. – Бу балиқ етиштиришда таннархнинг бирмунча арзон бўлишини таъминлайди. Бундан ташқари, ҳудудимизда дам олиш маскани барпо этганмиз. Бу мижозларимизнинг ўзимиз етиштирган сифатли балиқлардан истеъмол қилиб кўнгилли ҳордиқ чиқаришига хизмат қилади.

Вилоятда амалга оширилаётган бу каби ишлар самарасида вилоят аҳолиси нисбатан арзон ҳамда сифатли балиқ маҳсулоти билан таъминланаётир.

Манба: ЎзА.  Муаллиф:  Фахриддин Убайдуллаев

Улашиш: