Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ўзбек гилоси экспортига путур етадими?

28/Mart/2024 14:36
  850

Kun.uz, «Ўзагроэкспорт» томонидан 2018 йилги мавсумда деҳқонлардан гилос сотиб олиш учун белгиланган нархлар масаласида ўз фикрларини билдирди.

Гилос Ўзбекистон мева расталарининг безаги, деҳқончиликнинг сара ҳосили ҳисобланади. Гилос витаминларга бойлиги билан ҳам мевалар орасида ажралиб туради. Инсон танасида кечувчи моддалар алмашинуви жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлган кальций, темир, магний, фосфор, калий, натрий минералларига ҳам бой, умуман олганда саломатлик учун зарур бўлган неъмат. Гилос хақида кўп маълумотларни ёзишимиз, айтишимиз мумкин. Бироқ бугун бошқа гап бор. (Истисно тариқасида катта ҳарфлар билан ёзамиз) Бу ЭКСПОРТ масаласи!

Ўзбекистон гилос мевасини экспорт қилиш ҳажми бўйича жаҳонда 5-ўринда туради. Ушбу кўрсаткич бир қарашда юқори кўринса-да, азалдан иқлими боғдорчилик учун мос серқуёш ўлка Ўзбекистон учун кам. Мамлакатимиз дунёда гилос экспорти етакчисига айланиш қудратига эга. Таъкидлаш керакки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг бугунги кунда экспорт борасида олиб бораётган амалий ишларидаги катта мақсадларидан бири ҳам шу. Ўзбекистон ўз имкониятлари ва салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда етакчиликни қўлга киритиши лозим. Бу борада керакли топшириқлар ва вазифалар берилган. Шунга кўра, бу йилги натижалардан умид катта. Марралар олис, бироқ мақсад аниқ. Бу йил насиб бўлса, 140 минг тоннадан зиёд ҳосил кутилмоқда. Табиий савол туғилади. Ўзбекистоннинг гилос экспорти бўйича бу йилги позицияси қандай?

Куни кеча «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси таркибидаги «Ўзагроэкспорт» АЖ 2018 йил ҳосили учун фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан етиштирилган гилос мевасини Ўзбекистондан FCA шарти (экспорт божини тўлаган ҳолда сотиб олувчи ўз транспортида товарни Ўзбекистондан олиб чиқади) билан нархларни эълон қилди.

Унга кўра, 11 апрель куни «Ўзагроэкспорт» АЖнинг расмий веб сайтида гилос мевасининг 18+, 24+, 26+ калибрли тоифалари 6 доллардан 12 долларгача қилиб белгиланган. Эшитган қулоқ, кўрган кўз учун дилни яйратадиган нарх. «Деҳқон бобонинг чўнтаги қаппаяркан, ортидан давлатнинг ҳам», - деб пичирлаб қўядиган нарх. Бироқ қўйилган нарх бизни таажжубга солди. Нега десангиз, маркетинг қоида ва талаблари номутаносибдек кўринди. Келинг, мазкур нархларни таҳлил қилиб кўрамиз ва экспорт масаласида кўндаланг турган муаммоларга назар ташлаймиз.

Нархлар «Отнинг калласи»

Жаҳон мева-сабзавот савдоси янгиликлари ва тадқиқотларга мўлжалланган Freshplaza.com ресурсидаги маълумотларга қараганда, 2018 йил мавсумини очиб берувчи ва январь – март ойларида қизғин паллага кирган Хитой ва Корея савдо бозорларидаги нархлар 4 доллардан 8 долларгача қайд этилди. Чин юртига асосан Чили, Аргентина, Австралия ва Америка Қўшма Штатлари гилос экспорт қилади. Бу йилги энг сифатли, яъни 26+ калибрли гилос меваси нархлари барча божлар ва транспорт харажатларини қўшганда, Шанхай ва Гуангжоу улгуржи бозорларида 6 доллардан - 8 долларгача қайд этилди. Маҳаллий гилос навлари эса 4 долларгача бўлган нархда сотилди. Тўғри, бу бизнес ичида юрмаган инсон Хитой ёки Корея супермаркетларидаги 12-15 долларлик нархларни кўриб, шу нарх тўғри бўлса керак, деб ўйлаши ҳам мумкин. Аммо, одатда улгуржи бозордаги нархларга чакана савдо супермаркетларида камида 50-60 фоиз қўшиб нарх белгиланади. Маълумот учун, дунёда гилос импорти бўйича биринчи ўринда турувчи Хитой бозорига ўзбек гилосини экспорт қилиш учун, транспорт харажатларидан ташқари, у ердаги импортер мижоз фирма товарни божхонада расмийлаштириш учун 70 фоиз (!) миқдорида бож тўлаши лозим (Ўзбекистон Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлмагани сабабли, 70 фоиз миқдорида бож тўланиши лозим). Агар «Ўзагроэкспорт» нархларига таянадиган бўлсак, бизнинг гилосимиз Хитой бозорига энг ками 13,6 доллардан 27,2 долларгача бўлган нархлар оралиғида кириб боради. 8 доллардан сотилган Чили ёки Австралия гилоси билан нархдаги фарқ 340 фоизни ташкил қилмоқда.

Ўзбекистон гилоси май ойида пишиб, ҳосилга киради ва асосан Россияга экспорт қилинади. Боз устига, Россия йилига 68 минг тоннагача гилосни Туркия, Сербия, Озарбойжон ва Ўзбекистондан импорт қилади ҳамда дунёда гилос импорти бўйича учинчи ўринни эгаллайди. 2017 йил гилос мавсуми май-июнь ойларида Россия бозорларидаги нархлар катта ҳажмдаги маҳсулот учун 300 рублдан (5,5 доллар) бошланди ва мавсум қизғин пайти 140 рублгача (2,5 доллар) тушди.

Кўриниб турибдики, «Ўзагроэкспорт» томонидан белгиланган нархлар бу йилги ва ўтган йилги биз учун асосий экспорт бозорларида қайд этилган нархлардан кескин баланд. Қолаверса, гилосни экспорт қилиш учун қўшимча ишлов бериш, яъни бир сутка давомида музлатиш, қадоқлаш ва божхона тўлови харажатлари билан, Россия бозорига ўзбек гилоси 7,67 доллардан 14,75 долларгача нархларда кириб боради. Экспорт қилувчилар гилосни Россия бозорига олиб бориб, сотиш учун битта еврофура (ичига 18 тонна мева сиғдирадиган юк машинаси) учун жами 127 минг АҚШ доллари яъни, миллий валютада қарийиб 1 миллиард 32 миллион сўм маблағни сармоя қилиши керак бўлади. Энди айтингчи, ким мана шундай таваккалга тайёр?

Хўш, ўтган йили «Ўзагроэкспорт» нархлари қандай эди? 2017 йилги мавсум апрель ва май ойларида нарх 3 доллардан 3,8 доллар диапазонида белгиланган эди. Шу боисдан бу йилги нархлар бўйича харидорлар «Қайси омиллар ҳисобига нарх 200 фоиз миқдорида кўтарилди?» деган долзарб саволни беришлари аниқ. Айни пайтда россиялик импортёрларимиз бу нархларда Ўзбекистондан катта миқдорда гилос сотиб олишга шартномалар тузишга ўз розилигини бермаётгани ҳақида маълумотлар бор. Расман бу маълумот тасдиқланмаган бўлса-да, бироқ хабар асосли ва мантиқли бўлгани учун унга ишониб тахмин қилса бўлади. Мабодо «Ўзагроэкспорт» акционерлик жамияти гилос мевасини нарх туфайли катта миқдорда Россия бозорига олиб кириш уддасидан чиқа олмаса, бошқа давлатларнинг бозорига киришни режа қилиши мумкин. Масалан, Корея ёки Хитой бозорига. Ишончли манбаларнинг маълумот беришича, «Ўзагроэкспорт» бу йилги мавсумда Корея ва Хитой бозорларига 10 минг тоннадан ортиқ гилос экспорт қилишни режалаштирмоқда. Бироқ, кореялик ёки хитойлик тадбиркорлар ҳам транспорт харажатларини қӯшмаганда (авиатранспорт нархи 1кг.га ўртача ҳисобда 2 доллар) 6 доллардан 12 долларгача бўлган нархларни баланд деб ҳисоблашлари мумкинлигини юқорида асослаб бердик. Ўзингиз хулоса қилишингиз мумкин.

Демак, асосий экспорт бозоримиз бўлган Россиядан бошқа давлатларда ҳам Ўзбекистон гилосига жорий йилдаги нархларимиз билан кириш жуда қийин бўлиши мумкин. Яна бошқа вариантларни кўриб чиқамиз. Гилос сотилмади дейлик. Уни қайта ишлаш мумкин. Бироқ консервалаш корхоналарининг экспорт учун мўлжалланган гилосдан ҳеч бўлмаганда ярмини ҳам қайта ишлашга кучи етадими? Боз устига, гилос консервантига бўлган талаб янги узилган гилосникига қараганда анча кам. Атиги 6 ҳафта давом этадиган гилос меваси мавсумида тезкорлик қилинмаса, 140 тонналик кутилаётган ҳосилдан экспорт учун мўлжалланган 30 минг тоннаси нобуд бўлиши мумкин.

Қозон битта аммо…

Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев барча вилоят ҳокимлари ҳамда мутасадди раҳбарларга экспорт ҳажмини ошириш талабини қўймоқда. Талаб тўғри – 100 фоизга тўғри. Ва ҳақли. Аммо ижро масаласида рақамлар кетидан қувиш ва қоғозларга касал бўлиб қоляпмиз. Натижада, экспортёрлар турли бюрократик тўсиқларга дучор бўлишмоқда.

Фараз қилайлик, мен тадбиркор сифатида Тошкент шаҳридан фирма очганман ва бевосита фаолиятим Тошкент шаҳрида. Гилос мавсумида мен ҳосилни бутун республика бўйлаб сотиб оламан ва уни совутаман, саралайман ва махсус идишларга қадоқлайман. Шундан сўнг, хорижга экспорт қиламан. Муаммо шундаки, агар мен Фарғона вилоятидан гилос сотиб олсам, экспортни фақат Фарғона вилоятидан рўйхатдан ўтган фирма орқалигина экспорт қилишга мажбурман.

Ўтган йили экспортёр тадбиркор дўстим мавсумда 18 тонна гилоси нобуд бўлганини айтганида катта таажжубда қолган эдим. Бу йили ҳам ўша ўша. Эски ҳаммом, эски тос! Тасаввур қилинг, экспортчи тадбиркор ҳар бир вилоятга музлатгич қуриши, ўша вилоятдан фирма очиши, ҳисоб рақам очиши - буларнинг бари кераксиз харажатлар-ку? Қолаверса, хориждаги ҳамкорларга ҳар бир вилоят бўйича 12та шартнома бериш кулгили эмасми? Шу йўсинда ишлаш бўлса, шу кунларда ҳар бир туман ҳокимлиги ҳам бу мантиқсиз талабни қўйса ажабланмаймиз.

Ўзингники ўзагингга уради...

Аксар ҳолларда бозор деган майдонда шартни сотувчи эмас харидор қўяди. «Мижоз ҳар доим ҳақ» деган пурмаъно гап бежиз чиқмаган. Мамлакатимиз экспорт тизимида Вазирлар Маҳкамасининг «Янги узилган, қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисида»ги низомининг 2-бобида қайд этилишича, 100 фоизлик олдиндан тўловларни амалга ошириш шарти мавжуд.

Айтиш керакки, бундай шарт мева етиштирадиган асосий давлатлар ичида фақатгина Ўзбекистонда мавжуд. Хўш, бу нечоғлик тўғри? Ўзбекистон мевалари ширин, витаминга бой, истеъмолбопликда анча-мунчаси ета олмайди. Аммо йўлга дош беришда чидамсиз. Айнан шу нуқтаи назардан ҳам аксар харидорлар 100 фоизлик тўловни олдиндан амалга оширишни хоҳламайди. Чунки, йўлга бардош бера олмаган мевалар қай ҳолатда етиб боришини яхши билишади. Мана неча йилдирки, экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорларимиз катта компаниялар билан ҳамкорлик қилиши мушкул бўлиб келмоқда. Ҳар йили улар катта таваккалчилик билан дунё бозорига чиқишади. Ҳадик билан савдо қилишади. Бундай талабни қўйиш турли фирибгарликлардан ҳимоя қилишини тушунамиз, лекин бир масала ечими ортида иккинчи муаммо келиб чиқмаслиги керак.

Деҳқоннинг қўйнида пуч ёнғоқ!

«Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси ўзбек гилоси экспортида компания таркибидаги «Ўзагроэкспорт» акционерлик жамияти 2018 йил ҳосили учун фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан етиштирилган гилосни фьючерс шартномалари, яъни, олдиндан пул тўлаш орқали харид қилиб олиш бўйича эълон берди ва нархлар белгиланди. Унга кўра, гилос меваси қуйидаги нархларда харид қилинади:

I тоифа: 26 000 минг сўм/кг;

II тоифа: 18 000 минг сўм/кг;

III тоифа: 10 000 минг сўм/кг;

Ўтган йили гилос мавсумида деҳқонларимиз асосий ҳажмни 12 минг сўмдан 15 минг сўмгача сотган. Англаганингиздек, деҳқонларимиз гилосдан ўтган йилга нисбатан икки баробар кўпроқ даромад олишни режа қилиб бўлган. Бироқ, реал бозор бу нархни кўтарадими? Чунки, гилоснинг таннархи янги нарх бўйича 5 долларни ташкил этмоқда. Юқорида айтилганидек, саралаш, совутиш, махсус идишларга жойлаш ва барча тўловлар билан яна 2 доллар қўшилмоқда. Энди экспортчи тадбиркорнинг аҳволини тасаввур қилиб кўринг. Шунингдек, ички бозорга ҳам бу нарх ўз таъсирини ўтказмай қўймайди.

Аслида гилоснинг таннархи 1 килограмига 6-8 минг сўмни ташкил этади. Бироқ «16 минг сўмдан 26 минг сўмгача» деб деҳқонларимизда нотўғри маълумотни шакллантириш, уларнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириш, атиги 40 кун давом этадиган гилос мавсумида тушунарсиз вазиятни юзага келтиради. Ҳақиқий нархни эса бозор белгилайди. Агар тушунарсиз вазият сабаб нархлар бирданига тушиб кетса, буни ўнглаш жуда қийин бўлади ва унга етарли вақт ҳам йўқ.

Божхоначининг бош оғриғи

Айни кунда божхона ходимлари олдида мева экспорти божи учун белгиланган Тн ВЭД кодлари бўйича ҳақиқий бош оғриғи бор. Боиси, меваларнинг кўпларида тоифаси бошқа, нархи бошқа аммо божхона тўлови, Тн ВЭД кодлари бир хил. Масалан, айни мавзуга оид гилосни олайлик. «Ўзагроэкспорт» акционерлик жамияти чиқарган нархларда гилос 3 хил тоифага бўлинган. Яъни, 18, 24,26 калибрли тоифаларига 0809 29 000 0 ТнВЭД коди берилган. Айтинг-чи, божхоначи 3 хил тоифадаги, 3 хил нархдаги гилос мевасини бир хил код билан расмийлаштирадими? Қандай қилиб ҳар бир яшикдаги гилослар калибровкаси амалга оширилади? Хуллас, божхонада яна бош оғриқ.

Гилоснинг бошида пиёзнинг куни!

Юқорида айтиб ўтилган муаммоларнинг ечими ҳам бор. Бунинг учун рақамлар кетидан қувмасдан масала моҳиятига кириб борсак бўлгани. Дарвоқе, Вазирлар Маҳкамасининг «Янги узилган, қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисида»ги НИЗОМнинг 3-бобида «Экспорт контрактлари Халқаро мева-сабзавот ярмаркасининг, мунтазам фаолият кўрсатадиган мева-сабзавот майдони ярмарка савдолари якунлари бўйича юзага келадиган ўртача нархлар ҳисобга олинган ҳолда ҳамда жаҳон бозорларидаги нархлар конъюнктурасидан келиб чиқиб, талаб ва таклифлар асосида шаклланадиган бозор нархлари бўйича тузилади» деб қайд этилган.

Бироқ «Ўзагроэкспорт» акциядорлик жамиятининг 2018 йил учун эълон қилган нархлари қайси ярмарканинг қайси талаб ва таклифлари асосида белгилаганикин, деган савол жавобсиз қолмоқда. Бир сўз билан айтганда гилоснинг бошига пиёзнинг куни келмоқда. Ишқилиб охири бахайр бўлсин. Зеро исрофнинг уволи тутади.

Бу саволлар билан «Ўзозиқовқатхолдинг» АЖ раҳбари Тоҳир Жалиловга ҳам юзланиб, жавоб олишни режалаштирганмиз.

Хуршид Далиев

Манба: Kun.uz

Улашиш: