Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Бруцеллёз (қора оқсоқ) касаллиги

23/Noyabr/2024 17:47
  1312

Бактериал юқумли зооантропоноз (одамларга ва ҳайвонларга хос) касалликлари орасида ўта хавфли юқумли касалликларнинг ўрни алоҳида таъкидланади. Улар қаторига куйдирги, туляремия, салмонеллезлар, листериоз, бруцеллез ва бир қатор бошқа касалликлар киради.

Бруцеллез карантин қўйилиши шарт касалликлар жумласига киради.

Республикамизнинг Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бруцеллез касаллиги бўйича азалдан эндемик ўчоқ хисобланади.

Ҳайвонлар бруцеллёзи (қора оқсоқ) кенг тарқалиш хусусиятига эга бўлиб, оммавий бола ташлаш, қисир қолиш, маҳсулдорликнинг камайиши, ёш молларнинг яшовчанлигининг пасайиши билан, бундан ташқари касалланган ҳайвоннинг олди оёқларидаги бўғимларнинг яллиғланиши кузатилади – брусит. Баъзан эса умуман клиник белгиларисиз кечади.

Касалликнинг қўзғатувчиси бруцелла гуруҳига мансуб микроблар бўлиб, унинг олти типи кўпроқ ўрганилган: қорамоллар бруцелласи, чўчқалар бруцелласи, кемирувчилар бруцелласи, қўчқорлар бруцелласи, итлар бруцелласи ва қўй-эчкилар бруцелласи. Буларнинг ичида инсонлар учун энг хавфлиси қўй-эчкилар бруцелласи ҳисобланади. Кейинги йилларда бруцеллаларнинг кит ва дельфинларда, тюлен ва моржларда учрайдиган янги типлари аниқланган бўлиб, уларнинг хусусиятлари яхши ўрганилмаган.

Бруцеллалар ташқи муҳит шароитида анча чидамлидир: музлатилган гўшт маҳсулотида 1,5 йилгача яшайди, хом ва яхши пиширилмаган гўштда 30 кунгача, бринза ва пишлоқда 15–40 кунгача, сутда 3–4 кунгача ўзининг яшовчанлигини йўқотмайди. 70°С даражали иссиқликда 30 дақиқада зарарсизланади, қайнатилганда дарҳол зарасизлантирилади.

Табиий шароитда ҳайвонлар бруцеллез қўзғатувчиси билан зарарланган ем-хашак, сувни истеъмол қилганда, кўз ва бурун бўшлиғининг шиллиқ пардаси орқали, шунингдек, жароҳатланган тери орқали ҳамда ҳайвонларни уруғлантиришда ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилинмаганда касалланади. Энг хавфлиси, касал моллар бола ташлаш вақтида ўзидан кўп миқдорда бруцелла микробларни ташқи муҳитга ажратади ва ем-хашак, сув, чорвачилик асбоб-ускуналарини зарарлантиради.

Шунинг учун касал моллар ўз вақтида подадан ажратилиши ва касалликка қарши махсус ветеринария-санитария тадбирлари амалга оширилиши зарур.

Ҳайвонларда касалликнинг яширин даври бир ой ва ундан ҳам кўпроқ давом этиб, кўпинча клиник белгисиз ўтади, намоён бўладиган асосий клиник белгиларидан бири-бруцеллез билан касалланган сигир ва ғунажинлар кўпинча 5–7 ойлик буғозлик даврида бола ташлайди, Бундан ташқари буқа ва қўчқорларда орхит белгилари кузатилади.

Бруцеллез билан касалланганлиги аниқланган ҳайвонлар подадан тезда ажратилиб, 15 кун ичида бўрдоқига боқилмасдан, насли, ёши, бўғозлик даври инобатга олинмасдан, махсус санитар қушхонада гўштга сўйилади. Касал молларни соғиш тақиқланади, касаллиги аниқланган сигирлардан олинган бузоқлар ўстиришга қолдирилмайди, тамғаланиб, гўштга сўйилади. Бирон бир шахсий хўжаликда чучқаларда бруцеллез аниқланса, ҳамма чучқалар сўйилади.

Манба: navoivet.uz

Улашиш: