Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тоғ ва тоғолди ҳудудларида хандон писта етиштириш

21/Noyabr/2024 19:25
  1586

Мамлакатимизнинг тупроқ-иқлим шароити хандон писта (Pistacia vera) ўстиришга жуда қулай. Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Наманган, Фарғона, Андижон ва бошқа вилоятларнинг тоғли ва тоғ олди лалмикор ерларида, денгиз сатҳидан 500 м дан 1300 м гача баландликларда (ўртача йиллик ёғин миқдори 300–500 мм) хандон писта етиштириш мумкин. Писта асосан уруғидан экиб кўпайтирилади.

Уруғларни экишга тайёрлаш. Пистазорлар барпо этиш учун мусбат дарахтлардан терилган, сифатли уруғлар танлаб олинади. Хандон пистанинг уруғлари тўлиқ пишиб етилганда, яъни август-сентябрь ойларида терилади. Меваси пўстлоғидан тозаланиб, касалланган, зарарланган ва нимжон уруғлар ажратиб ташланади. Сўнгра соя жойларда қуритилади. Узоқ вақт давомида сақланадиган уруғларнинг намлиги 10–12 фоиздан ошмаслиги керак.

Уруғлар қуруқ, яхши ҳаво алмашланиб турадиган хоналарда 3 йилгача яхши сақланади. Экиш учун уруғлар стратификация қилинади. Бунинг учун уруғлар нам қум билан 1:3 нисбатда (бир қисм уруғ ва уч қисм қум) аралаштирилади ва 10–150С ҳароратда 30–40 кун давомида стратификацияланади. Ҳар 5–6 кунда аралашма яхшилаб аралаштириб турилади ва керак бўлса қўшимча намланади.

Экиш ва парваришлаш ишлари. Писта боғларини барпо этишнинг икки хил усули мавжуд. Биринчи усул – уруғидан барпо этиш. Бунда стратификациядан чиққан уруғлар тўғридан-тўғри доимий жойга экилади. Бунинг учун ер кузда ҳайдалади ёки 1х1 метрли майдонча юмшатиб тайёрланади. Ҳар бир чуқурчага 4–5 тадан уруғ ташланади. Униб чиққан ниҳоллар келгуси йилгача яхшилаб парваришланади. Имконият бўлса ёз ойларида 2–3 марта томчилатиб (баклашка усули) суғорилса, кўкарувчанлиги ортади.

Вегетациянинг иккинчи йили охирида бир-икки туп яхши ривожланган ниҳоллар қолдирилади. Қолган ниҳоллар эса илдиз бўғзининг тагидан кесиб ташланади. Қолдирилган ниҳолларнинг ён новдалари 15–20 см баландликкача кесилади. Учинчи ёки тўртинчи йили уларга истиқболли навлардан куртак пайванд қилинади, яъни маданийлаштирилади. Иккинчи усул – ниҳолидан барпо этиш. Бунда эса уруғлар қиш ойларида (иссиқхона ёки уй шароитида) махсус селофан қопчаларда ўстириб олинади.

Контейнерлар селофан материалдан 5х25 см ҳажмда тайёрланади. Ҳаво алмашиниб туриши учун селофан қопчаларнинг қуйи қисмида майда тешикчалар ҳосил қилинади. Селофан қопчалар тупроқ, қум ва гўнг аралашмаси билан тўлдирилади ва 2–3 см чуқурликда биттадан уруғ экилади. Ўстириб олинган ниҳоллар март-апрель ойларида доимий жойга ўтқазилади. Ниҳолларни экиш вақтида селофан қопча ўткир пичоқча ёки бошқа асбоб билан кесилади ва илдиз атрофи тупроғи бузилмасдан экилади.

Агар илдиз атрофи тупроғи бузилса экилган ниҳоллар кўкармайди. Бу ниҳоллар ҳам ёзда 2–3 марта томчилатиб суғорилса, яхши самара беради. Бу энг самарали усул бўлиб, ниҳолларнинг кўкарувчанлиги юқори, экиш даврининг узоқ бўлиши ва бошқа афзалликлари билан аҳамият касб этади.

Пайвандлаш технологияси. Хандон пистанинг ёш плантациясини маданийлаштириш, яъни яхши навлар ва шаклларни улаш уларнинг ҳосилга киришини тезлаштиради. Ҳосилдорлиги 3–4 маротаба ортади, товар маҳсулоти яхшиланади, эркак ва урғочи ўсимликларнинг керакли нисбати сақланади.

Маданийлаштирилганда 8–10 та урғочи ўсимликка 1–2 та эркак ўсимлик қолдирилади. Улар шамол эсадиган томонда ёки майдоннинг чеккаларида жойлаштирилади. Пайвандлашда пайвандтагнинг пўстлоғи Т шаклида кесилади ва унга яхши нав ёки шаклнинг куртаги қўйилади. Пайвандлаш ёзда, одатда июнь ойнинг охири ва июлнинг бошларида бажарилади. Бунда уланадиган куртак яхши етилган ва пайвандтагнинг териси енгил ажраладиган бўлади. Пайванд учун ажратилган қаламчалар намли шароитда сақланиши шарт. Сақлаш уй ҳароратида 3 кундан ошмаслиги керак.

Қаламчаларни 1–50С да 10 кунгача сақлаш мумкин. Улаш эрталаб ва кечқурун икки киши иштирокида бажарилади. Бири улаш ишини бажаради, иккинчиси уланган куртакларни боғлайди, куртакли пўстлоқни устки қисми билан уланадиган куртакнинг тепа қисмидаги оралиқ 1 мм бўлиши керак. Уланган куртак плёнка билан боғланади. Бунда барча кесилган қисм плёнка билан ёпилади, куртак эса очиқ ҳолда қолдирилади. Полиэтиленли плёнканинг узунлиги 30–35, эни 1–1,5 см бўлиши керак. Куртак уланувчи билан 15–20 кундан сўнг бирлашиб кетади. Шу вақтга келиб ленталар ечилади. Тутиб кетган куртаклар саноқдан ўтказилади.

Плёнкалар кечки вақт ечилгани маъқул. Куртак ўса бошлаши билан пайвандтаг кесилади, бунда уланган куртакдан 15–20 см баландликда уланувчи қисми танаси қолдирилади, 1–2 барглар ҳам қолдирилади, кейинчалик (куртак 30 см бўлиб ўсгандан сўнг) улар кесиб ташланади. Пайванд ишларини бажариш учун қаламчалар битта она дарахтдан икки йилда бир марта олинади, бунда бир йиллик новдаларнинг 1/3 қисми кесиб олинади.

Писта боғларини парваришлаш. Хандон писта боғлари баҳорда (март ойларида) 6х8 метр схемада барпо этилади. Агар писта боғлари текис, техника юра оладиган майдонларда ташкил этилган бўлса, қатор оралари март ойи охирлари ва апрелнинг бошларида 10–15 см чуқурликда культивация қилинади. Иккинчи парвариш баҳорги ёмғирлар тингандан сўнг олиб борилади, яъни қатор оралари 7–10 см чуқурликда юмшатилади. Учинчи ишлов биринчи кузги ёмғир тушгандан сўнг 20–25 см чуқурликда олиб борилади.

Механизация ишлови билан бирга ҳар бир дарахт туби қўлда юмшатиб чиқилади. Боғларда юмшатиш ишларини олиб бориш билан бирга минерал ва органик ўғитлар бериш зарур. Биринчи ўғитлашда (баҳорда) азотли ўғитлар 90, фосфорли ўғитлар 60, калийли ўғитлар 30 кг/га, иккинчи озиқлантиришда эса азотли ўғитлар 120, фосфорли ўғитлар 90, калийли ўғитлар 60 кг/га миқдорда берилади. Бунда 1 м2 жойга 20–40 г азотли, 10–15 г фосфорли, 2–3 г калийли ўғитлар солинади. Боғлар ҳосилга киргандан кейин, яъни 15 ёшдан ошгандан сўнг бериладиган ўғитлар миқдорини икки баробар ошириш мумкин.

Бундан ташқари уч йилда бир марта гектарига 30–40 т ҳисобида гўнг солинади. Ўзбекистонда хандон писта боғларини барпо этиш тоғ ва тоғолди ҳудудларидан унумли фойдаланиш, лалми ва бўз ерларни ўзлаштириш, ёнғоқ мевали дарахт турларни кўпайтириш ва аҳолининг ёнғоқ мевали маҳсулотларга бўлган талабини қондириш имконини беради.

Г. Чернова, А. Ўтаназаров

Улашиш: