Оролнинг қуриган майдонида чучук сув топилди
Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидан 200 километр, Нукусдан 400 километр олисда Возрождение оролининг Шағала деб номланувчи жойи бор. Ўша ҳудуддан – Орол денгизининг қуриган майдонидан чучук сув топилди. Бу ҳақида ЎзА хабар берди.
26 январь куни сув кўзининг топилиши муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Тадбирда қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мўйноқликлар ҳамда Оролнинг қуриган майдонида меҳнат қилаётган ҳашарчилар қатнашди.
Оролнинг қуриган майдонига жорий йилда 500 минг гектар ерга саксовул экиш белгиланди ва ҳозирда республикамизнинг барча ҳудудларидан мингдан ортиқ ишчилар, туман аҳолиси ушбу тадбир билан банд.
Топилган ушбу чучук сув Жанубий Орололди артезиан бассейнининг бор даври ётқизиқларидан, яъни 260-280 метр чуқурликдан топилди. Сув сарфи секундига 7 литрни ташкил қилаётган бу сувнинг минераллашуви 3 грамм, қаттиқлиги 6 миллиграмм эквивалентга тенг.
Чучук сув кўзларининг очилиши Мўйноқда чорвачилик соҳасини ривожлантиришга асос бўлади, – дейди Мўйноқ тумани ҳокими Сайлаубай Данияров. – Шунингдек, экологик вазият яхшиланади. Қушлар, ёввойи ҳайвонлар келади. Биохилмахиллик ривожланади. Пайдо бўлган намликдан эса тузнинг ҳавога кўтарилишига ҳам тўсиқ бўлади.
Оролбўйи дала гидрогеологик экспедицияси томонидан жорий йилда Мўйноқ туманида, яъни Возрождение ороли, Сургил, Ахантай ҳудудларида шу каби 40 та сув кўзларини очишни режалаштирилган. Буниси биринчиси. Сув кўзларининг очилиши Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларида чорвачиликни ривожлантиришга замин яратади. Шунингдек, 2021-2023 йилларда Жанубий Оролнинг қуриб қолган қисмини геологик жиҳатдан ўрганиш ишлари олиб борилиши ҳам алоҳида дастур сифатида қабул қилинган.
Манба: www.uza.uz