Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Цитрус ўсимликларининг кўчатини етиштириш: қаламчадан кўпайтириш

22/Noyabr/2024 02:35
  1259

Цитрус ўсимликлари уруғдан ва вегетатив йўл билан кўпаяди. Пайвандтаг етиштиришда ва селекция ишларида асосан уруғи экиб кўпайтирилади. Навдор кўчатлар вегетатив йўл билан етиштирилади.

Цитрус ўсимликларнинг пайвандланмаган кўчати, одатда экилгандан кейин 8–12-йили ҳосилга киради.

Уруғдан экиб кўпайтирилган ўсимликлар қимматли хўжалик белгилари жиҳатидан бошланғич навга нисбатан сифатсиз бўлади. Ишлаб чиқариш шароитида цитрус мевалари кўчати вегетатив йўл билан – қаламчадан ёки куртак пайванд қилиш орқали етиштирилади.

Вегетатив йўл билан етиштирилган кўчатлар анча эрта ҳосилга киради ва асосий (она) навнинг қимматли белгиларни ўзида сақлаб қолади. Масалан, Мейер нав лимоннинг қаламчадан етиштирилган кўчатлари 2–3-йили ғуж-ғуж мева туга бошлайди. Қаламчадан кўпайтиришда бир йилда, пайванд қилиб кўпайтиришда 2 йил, баъзан 3 йилда стандарт кўчат олиш мумкин. Ўзбекистоннинг корбанатли тупроқли ерларида Мейер лимони мевалар учун яхши пайвандтаг ҳисобланади.

Лимон қаламчасидан осон кўпаяди, апельсин қийин, мандарин ундан ҳам қийин илдиз олади. Мейер нав лимонни қаламчасидан кўпайтириш маъқул. Бунда ўсимликлар унча катта бўлмагани ҳолда ҳосилдорлиги яхши бўлади. Мавжуд лимон навлари (Вилла Франка ва бошқ.) қаламчадан кўпайтирилганда вегетатив новдалар яхши ўсган, ҳосилдорлиги ўртача, гаммоз билан кўп касалланадиган ўсимликлар етишади. Шунинг учун уларни (лимон, апельсин ва мандарин) тегишли пайвандтагларга куртак пайванд қилиб кўпайтириш керак.

Мейер лимонниннг қаламчадан кўпайтирилган 1-2 йиллик кўчатлар мавжуд лимонларнинг сифатли навлари учун яхши пайвандтаг бўлади.

Апельсин бигорадиянинг ёки бошқа апельсин навларининг уруғ-кўчатига куртак пайванд қилиб кўпайтирилади. Мейер лимонининг қаламчадан етиштирилган кўчатлари ҳам яхши пайвандаг ҳисобланади.

Мандарин, одатда ҳар хил пайвандтагларга куртак пайванд қилиб кўпайтирилади. Ўзбекистонда мандарин навлари Мейер лимонидан етиштирилган пайвандтагга куртак пайванд қилинади.

Грейпфрут учун лимон ва апельсин пайвандтаг ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда Мейер лимонниннг қаламча кўчатлари Ўзбекистонда ёпиқ жойда цитрус ўсимликлар ўстиришда энг яхши пайвандтаг ҳисобланади. Мейер лимонига пайванд қилинган ўсимликлар суст ўсиши, эрта ҳосилга кириши, мевалар икки-уч ҳафта олдин пишиши ва гоммозга чидамлилиги билан ажралиб туради.

Қаламчадан кўпайтириш цитрус ўсимликлар иссиқхоналарда қаламчадан кўрайтирилади. Бу ерларда йил бўйи қаламча олиш мумкин, бироқ баҳор (февраль охири-мартнинг бошлари) ва эрта куз пайтида (августнинг иккинчи ярми-сентябрь бошлари) Мейер лимони қаламчадан экиладиган энг яхши нав ҳисобланади. Эрта баҳорда (февраль-мартда) қаламча қилинганда энг кўп – 80–90% тутади. Баҳорда қаламча қилинганда қаламчаларнинг иссиқхоналарда туриш муддати ниҳоятда қисқариб, шунга мувофиқ кўчат етиштиртиш сарф-харажатлари ҳам камаяди.

Баҳорда экиш учун пишган ва чала пишган, пўстлоғи тўқ яшил ва 4–5 миллиметрли ўтган йилги новдалар қаламча қилинади. Ингичка, кучсиз ривожланган, шунингдек, бачки новдалардан қаламча олмаслик керак. Новдалардан ўткир ток қайчи билан 8–10 см узунликдаги қаламча кесилади. Пастда бевосита барг банди тагидан тўғри бурчак остида, юқорида барг бандида 3–5 мм балланддан кесилади. Кесишда пўсти шилиниб кетмаслиги керак. Сўнгра пастки бир-иккита барги олиб ташлаб, қолганларида барг пластинкасининг 1/3 қисми кесилади. Қаламчалар кам сув буғлатиш ва уларни анча қалин экиш учун шундай қилинади.

Новдаларни таёрлаш, қаламча кесиш ва қаламчалар ишлаш вақтида қуриб қолмаслиги учун вақти-вақти билан сув пуркаб туриш ва устини ёпиб қўйиш керак.

Яхши илдиз олиши учун 50–100 донадан боғлаб қўйилган қаламчалар 18–20 соат давомида тиккасига эритмага солиб қўйилади (гидруксининг 0,01 фоизли концентратли эритмаси 1 л сувга 100 мг ҳисобида олинади). Шундан кейин улар иссиқхона стеллажига экилади.

Иссиқхоналарнинг ичи ва стеллажлар қаламча экишдан 2–3 ҳафта олдин профилактик мақсадида касалликка қарши Импак препаратининг 3 фоизли эритмаси, ҳашаротларга қарши – Каратэ, Гаучи ҳамда Вертимэкс препаратларининг 5 фоизли эритмасидан стеллажлар дориланади. Деворлари оҳакка мис купороси (1 л эритмага 100 г) қўшиб оқланади, стеллажлар усти ёпилиб димланади. Қаламчалар махсус тайёрланган тупроқа солинган стеллажларга экилади. Стеллажнинг тагида сув оқиб тушиши учун тешик бўлиб, тубига 15 см қалинликда майдаланган тош (шибёнка) дренаж қатлами ҳосил қилинади. Сўнгра шағал кўмилгунча йирик қум солинади, унинг устига 10–12 см қалинликда 1/3 қисм яхши чим тупроқ, яна шунчадан чириган гўнг ва қумдан иборат аралашма солинади. Бир текис бўлиши ва яхши аралашиши учун тупроқ, гўнг ва қумни олдин элаш керак. Бу аралашма устига яна 5–7 см қалинликда йирик тоза қум солинади. Ҳаммасининг умумий қалинлиги 30–35 см. га етади.

Қаламча экишдан 5–6 олдин қум билан озуқли аралашма 1 м2 майдонга 5 л, касалликка қарши Импак препаратининг 3 фоизли эритмаси ёки хлор оксимед (ХОМ), ҳашаротларга қарши – Каратэ, Гаучи ҳамда Вертимэкс препаратларининг 5 фоизли эритмаси билан ишланади. Яхшиси бу эритмаларни тупроқ солинган стелажларга сепиш керак. Шундан кейин стелажлар рама билан беркитилиб, иссиқхона эшиги ёпиб қўйилади. Қаламча экишдан бир кун олдин устидаги рамалар олиниб, иссиқхоналар шамоллатилади. Қаламчалалар стеллаждаги қумнинг намланган устки қатламига 5×5 см оралиқда экилади. Улар қумга кўпи билан 2–2,5 см кириб туриши керак. Қаламчалар 1 м2 га 400 дона. Қаламчалар яхши тутишига шароит яратиш учун стеллажлар рама билан зич беркитилади, шунда ҳарорат бир хил ва ҳаво намлиги юқори бўлади.

Қумни нам ҳолатда сақлаш зарур, унинг қуриши ёки жуда ҳўл бўлишига йўл қўймаслик керак. Қаламчалар илдиз олгунича кунига 2–3 марта тоза сув пуркалади. Тўкилган ва чириган барглари олиб ташланади. Қаламчани илдиз олиши учун энг қулай ҳарорат 20–25оС ҳисобланади, ана шунда 10–12 кунда каллюс ҳосил бўлади, 3 ҳафтадан кейин ёппасига илдиз ола бошлайди. Илдиз жадал ўсиши учун 1–2 марта озиқлантирилади (стеллажни 2 мга 10 л сувга 25 г аммиакли ўғит аралаштирилиб сепилади).

Қаламчаларни кўпи илдиз олганидан кейин, яъни улар кўчатзорларга экилишидан бир ҳафта олдин рамалар узоқроқ фақат очиб қўйилади, кейинчалик ўсимликлар очиқ ҳавога ўргатилиш учун бутинлай усти очиб қўйилади. Эшик-фортичкалар очилиб, иссиқхона яхшилаб шамоллатилади.

Эрта баҳорда қаламча қилинганда, улар стеллажларга экилгач бир ярим ойдан кейин бақувват илдиз тизимини ҳосил қилади ва очиқ жойга – кўчатзорга экиш учун тайёр бўлади. Кузда қаламча қилинганда, улар баҳоргача иссиқхонада 8–10оС ҳароратда ўстирилади. Илдиз олган қаламчаларни очиқ жойга ўтқазишдан 14–15 кун олдин улар озуқали аралашма тўлдирилган қоғоз стаканчаларга кўчирилади. Стаканчаларда тикланиб олгач, илдиз тизими тупроқнинг маълум ҳажмини эгаллайди. Лимон кўчатлари кўчатзорларга, очиқ жойга ана шу стаканчалари билан экилади.

Агар иссиқхона бўлмаса, кичик, бир томонлама нишаб, чуқурлиги 0,4, эни 1,8 м, бўйи исталганча узунликда бўлган траншеяларда лимон кўчати етиштириш мумкин. Траншелар шарқдан ғарбга томон йўналишидан узун қилиб ковланади, шимолий чеккаси жанубий чеккасига қараганда анча баланд бўлиши керак. Траншея тубига ҳар 1 ммайдон ҳисобига 10 кг дан чиринди ва 1 челакдан қум солиниб, аралаштирилади, сўнг 20 см чуқурликда чопилади. Cўнгра яхшилаб текисланиб, 5 см қалинликда йирик тоза қум солинади. Қаламчалар ана шу қумга экилади.

Лимон кўчатлари кичик траншеяларда етиштириладиган бўлса, ёзнинг охири-кузнинг боши қаламча олинадиган ва экиладиган энг қулай муддат ҳисобланади. Қаламча тайёрлаш ва уни экиш техникаси, шунингдек, уларни кейинги парвариш қилиш ишлари иссиқхонадаги стеллажларга экиш билан бир хил. Траншеяларга қаламча ўтқазилгандан кейин, улар оқланган ойнали рама ёки 5 см йўғонликдаги рейкалардан ясалган ва икки томонига полиэтилен плёнка қопланган рама билан зич беркитилади. Қаламчалар суғорилганда ва бошқа агротехника ишлари бажарилганда, рамалар галма-галдан очилиб, кейин яна зич беркитиб қўйилади. Қаламчалар илдиз олгандан сўнг траншеяларни шамоллатиш ва ҳаво намлигини камайтириш учун рамалар кўтариб қўйилади.

Илдиз олган каламчалар қишда траншеяда ўстирилади. Совуқ вақтда рамалар усти мато ва унинг устидан плёнка билан беркитилади. Илдиз олган қаламчалар баҳорда кунлар исиши билан очиқ жойдаги кўчатзорларга экилади.

Цитрус ўсимликлар кўчатзори барпо этиладиган майдон текис, сув билан таъминланган, суғориш учун қулай, ўртача зичликдаги унумдор тупроқдали, шамолдан, айниқса гаримселдан тўсилган бўлиши керак. Бундай ерларни кузда чуқур шудгорлашда ҳар гектарига 20 тоннагача гўнг ва 5000 кг суперфасфат солинади. Баҳорда ерлар чизелланади ёки отвалсиз плугда ҳайдалади ва бороналанади. Кўчат экишдан олдин 70 см ли эгатлар олиниб, сўнг суғорилади.

Баҳорги қаламчадан етиштирилган кўчатлар май ойидан кечиктирмай, яхшиси, апрелнинг биринчи ярмида, яъни кунлар исиганда кўчатзорга ўтқазилади. Улар илдизи атрофидаги тупроқ билан кўчириб олиниб, туплар орасини 20–25, қаторлар орасини 70 см дан қилиб жойлаштирилади. Кейин қондириб суғорилади.

Кўчатлар кўчириб ўтқазилган дастлабки кунлар ҳар куни суғорилади. Яхши тутиб, ўса бошлангандан кейин суғориш камайтирилади, тупроқ доим нормал нам ҳолатда сақланади. Ҳар бир суғоришдан кейин эгатлар культивацияланади. Ёз давомида қаторлар 2–3 марта юмшатилади. Икки марта қўшимча озиқлантирилади. Бунда ҳар сафар гектарига 60 килограммдан: биринчи марта кўчатлар ўса бошлаганда, иккинчи марта июлнинг охирида азотли ўғит солинади.

Кўчатлар ўтқазилгандан кейинги биринчи ойларда навдалари секин ўсади, вегетация даврининг иккинчи ярмида, яъни илдиз системаси яхши ривожлангандан кейин, ер усти қисми кучли ўсабошлайди, яхши парвариш қилинса, одатда кеч кузгача ўсаверади.

Мавсум охирида кўчатларда, одатда бир нечта биринчи тартиб новдалар, бир қисмида иккинчи тартиб новдалар ўсади. Айрим ўсимликлардан бир ёки иккита новда ўсиб чиқади. Одатда тез ўсадиган бундай новдаларнинг бўйи 25–30 см га етганда уларнинг шохлаши ёки тез ўсиши учун учи кесилади (чилпилади). Шох-шаббасини парвариш қилишда тез ўсадиган новдалари қисқартирилади, илдиз бўйнидан чиққан новдалар кесиб ташланади.

Кўчатзорда етиштирилган кўчатлар, одатда октябрь ойида, кузги совуқлар бошлангунча кўчириб экилади. Уларни ковлаб олишда 1–1,5 ой олдин кўчатзор 2–3 марта суғорилади, лекин ер ишланмайди, чунки кўчатни ковлаб олишда илдиз атрофидаги тупроқ зич ёпишиб туриши керак.

Ковлаб олинган кўчатлар илдизи атрофидаги тупроғи (лойи) билан бирга тезда тайёр траншея ва иссиқхонадаги доимий жойга ўтқазилади. Агар кўчатлар баҳорда экиладиган бўлса, кўчатзордан ковлаб олинганлари қишда сақлаш учун траншеяга ёки яхши ёритилган жойга кўмилиб қўйилади: бу ерда кўчатлар тиним даврини ўташи ва совуқдан сақлаши учун шароит бўлиши керак. Бунда улар қалин қилиб, ер усти қисмини очиқ қолдириб, илдизига қалин тупроқ тортиб кўмилади. Кўчатлар қатори бўйлаб эгат олиниб, уларни кўмиб бўлиш билан (зарур бўлса, қишда ҳам) суғорилади. Тупроқ доим нармал намликда сақланади. Цитрус ўсимликлар кўчати сақланадиган бинолар ёруғ бўлиши ва доим ошамоллатиб турилиши керак.

Манба: agro.uz

Улашиш: