Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Хурмо мевасини сақлаш ва қуритиш

25/Noyabr/2024 03:25
  1285

Қимизак хурмо навлари -1 ва 0 даража ҳарорат орасида сақланганда 4 ой ва ундан ҳам кўпроқ муддат туради. Қимизак бўлмаган Фую нави, одатда, 5 даража ҳароратда сақланади, аммо ҳар бир мева алоҳида қилиб 0,06 мм қалинликдаги полиэтилен халтачаларга жойланса, 0 даража ҳароратда мевалар 5 ойгача бузилмай туриши мумкин. Етилган, қаттиқ қимизак (тахир) навлар эса совуқ хонада камида 1 ой давомида сақланиши мумкин. Бу мевалар музлатилиб, 6–8 ойгача ҳам сақланса бўлади. 1-расмда турли ҳароратда совуқ хонада сақланиб, сўнг олинган хурмо меваларининг ҳолатини кўриш мумкин.

xurmo-saqlash-542fv-65hb.png (362 KB)

1-расм. 4 ҳафта сақланиб, кейин 20° да 3 кун сақланган мевалар

Меваларни  қуритиш: ташқи  шароитда

Хурмо меваларини қуритиш Япония ва Бразилияда кенг тарқалган одатий ҳолат. Пишиб етилган, аммо ҳали юмшаб улгурмаган таранг мевалар узиб олингандан кейин пўстлоғи арчилиб, бандидан осиб қўйилади. Арчилганда мева учки қисмида озгина пўстлоқ қолиши керак, акс ҳолда кўп суюқлик оқиб кетади. Осилган мевалар офтобда 30–50 кун давомида қуритилади. Бир хилда тўқима тузилишига эга бўлиши ва таъми яхшиланиши учун ҳар 4–5 кунда қўлда эзғилаб ишлов бериш керак бўлади. Қуригандан сўнг «терлашлари» учун тўп-тўп қилиб ўраб қўйилади. Натижада, хурмо юзасида шакар кристалл доначалари ҳосил бўлади. Ва ниҳоят, шамолда қуриши учун яна осиб қўйилади.

Япония ва Хитойда «Хачия» нав мевалари таранг ҳолида узиб олинади. Пўстлоқ териси арчилади. Шамоллатиб қуритилиши учун сим дорлар ёки устунларга боғланади.

Уй томлари тагида 30–50 кун давомида қуритилади. Мева терисида шакар кристалл доначалари шаклланади. Мевалар таркиби 50% гача шакардан иборат бўлиши мумкин. Қуритиш қимизакликни йўқотади. Қуритиш учун «Хачия» ва «Хиакуме» навларидан фойдаланинг. Қуритилган мевалар бузилмаслиги учун зич ёпиладиган идишларда сақланиши лозим.

xurmo-quritish-15fjsk-29fkdl.png (1.92 MB)

2-расм. Хурмо мевасини қуритиш усуллари

Манба:

Орипов А., Аброров Ш. (2013). Хурмо етиштириш технологияси. Тошкент: «Sharq»

Улашиш: