Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Отқулоқни тўқсонбости усулида экиш

22/Noyabr/2024 10:16
  1044

Отқулоқ (шовул) - илдизи кўп йиллик ва бир йиллик, пояси ҳар йили ўсиб чиқадиган сабзавот. Отқулоқ экилган йили илдиз бўғзидан тупбарг чиқаради, иккинчи ва ундан кейинги йилларда эса гулпоясини ташлайди.

Отқулоқнинг серҳосил Широколистний нави районлаштирилган. Отқулоқ сояда ҳам ўсаверадиган, совуққа чидамли ўсимлик, у 7-10 0С гача совуққа бордош беради. Уруғи 2-30 ҳароратда кўкариб чиқади. Отқулоқ уруғдан ва илдиз бўлакчаларидан кўпайтирилади.

Тўқсонбости усулида   жанубий вилоятларда  1-30 декабрда, марказий вилоятларда 15 ноябр-15 декабр ва шимолий вилоятларда 1 ноябр -1 декабр экилади.

Отқулоқ уруғи лентасимон усулда қўш қаторлаб ёки 3 қатор қилиб сабзавот сеялкасида экилади. Ҳар гектар ерга 3 кг уруғ сарфланади. Уруғи укроп сингари ҳам сепилади.

Уруғ экилгач, унинг унишини тезлатиш учун устидан гектарига 10-12 тонна чириган гўнг, 300-400 кг суперфосфат сочилса, ҳосили мўл бўлади ва барвақт етилади. Эрта кўкламда ҳосилни тез етиштириш учун азотли ўғит солинади. Отқулоқ парвариши ўташ ва суғоришдан иборат.

Отқулоқ барги 5-6 тага етганда уни пичоқ билан кесиб олиш ёки катталарини банди билан суғуриб олиш мумкин. Ҳосил ўриб олингандан кейин орадан 12-15 кун ўтгач, уни яна ўриб олса бўлади, отқулоқ бир мавсумда 3-4 марта ўрилади. У гуллаши билан уни уруғга қолдириш мумкин. Отқулоқ яхши парвариш қилинганда гектаридан ўртача 12-15 тонна ҳосил беради.

Отқулоқ ўстиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 70-75 % бўлиши керак.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда отқулоқ ўсув даврида 7-8 мартагача, сизот суви юза далаларда эса 2-3 марта суғорилади. Тупроқ шароитига қараб гектарига 450-500 м3 ҳисобидан суғорилади.

Ўғитларни бериш муддатлари: Фосфор ўғитини йиллик миқдорини  75%, калийни ҳаммаси ерларни асосий ишлов даврида, қолган 25% фосфорни ерни бороналаб эгат олишда бериш тавсия этилади. Азотли ўғитларни ҳаммаси вегетация даврида озиқлантиришда иккига бўлиб берилади. Биринчи озиклантириш ўтоқ қилиб ўсимлик сони сийраклаштирилгандан сўнг, иккинчиси эса 2-3 тадан чинг барг пайдо бўлганда ўтказилади. Ўғитлар ўғитлагич мосламалар билан қатор ораларига ўсимликка яқинроқ қилиб берилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш. Отқулоқни зараркунандаларга қарши курашда 1 гектар экин майдонига препаратлардан 20 фоизли Конфидор эм.к. (150–250 мл) ёки Маспилан (150–250 мл) ёки 57 фоизли Фуфанон (80–100 мл) препаратларини 600 литр сувга аралаштириб пуркаш тавсия қилинади.

Вегетация даври: 60-70 кун.

Ҳосил пишиш даври: плёнка билан қопланганда мартда, очиқ майдонда апрелда.

Манба: Хакимов Р.А. ва бошқалар (2017). Сабзавот экинларини тўқсонбости муддатда етиштириш бўйича тавсиялар. Тошкент.

Улашиш: