Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ош лавлагини тўқсонбости усулида экиш

22/Noyabr/2024 10:24
  1047

Ош лавлагининг маҳаллий Диёр, Ягона ва хориждан келтириладиган навларидан Бордо–237, Бикорес, Боро F1, Детройт, Пабло F1 дурагайлари тавсия этилади. Ушбу навлардан гектаридан ўртача 220–230 ц ҳосил олинади.

Лавлаги уруғлари 4–5оС да униб чиқа бошлайди, ўсиб-ривожланиб бориши учун энг қулай ҳарорат 20–25оС дир. Лавлаги совуқ (-2–3оС) ва юқори ҳарорат таъсирига чидамли бўлади, тупроқда нам етарли даражада бўлганда юқори ҳосил беради.

Тўқсонбости усулида экиш муддати жанубий вилоятларида 15–30 декабрь, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 10 ноябрь–10 декабрь ва шимолий минтақаларда 1 ноябрь–10 декабрда экилади. Уруғ сарфи тўқсонбости усулида экишда 16–18 кг. Экиш эгатлари 60–70 см бўлиб, 2–3 қаторли, ўсимлик оралари 8–10 см, 2–3 см уруғлар чуқурликка экилади.

Ерни шудгор килишдан олдин гектарига 25–30 тонна чириган гўнг, 320 кг аммофос, 180 кг калий хлор ўғити солинади. Баҳорда вегетация даврида азот ўғити иккига бўлиб берилади. Биринчи озиқлантириш ўтоқ қилиб ўсимлик сийраклаштирилгандан сўнг 240 кг карбамид ёки 550 кг сульфат аммоний, иккинчиси эса 3–4 чинбарг пайдо бўлганда юқоридаги миқдорда солинади. Илдизмева шаклланиши даврида 10 л сувга 200 г карбамид солиниб, баргидан пуркаш йўли билан озиқлантирилади.

Ош лавлаги ўстиришда тупроқнинг чекланган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 65–70% бўлиши керак.

Илдиз мевали сабзавотлар ўсув даврида сувни ҳар хил миқдорда талаб қилади. Уруғнинг униб чиқиш, шунингдек, баргнинг жадал суръатда ўсиши ва ҳосил тўплаш даврида экинларнинг сувга талабчанлиги бир оз ошади.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ош лавлаги ўсув даврида 7–8 мартагача, сизот суви юза далаларда эса 5–6 марта суғорилади. Тупроқ шароитига қараб гектарига 500–550 м3 ҳисобидан суғорилади. Сабзини ҳаддан ташқари катта меъёр билан суғориш тавсия этилмайди.

Ўғитларни бериш муддати: Фосфор ўғити йиллик миқдорининг 75 фоизини, калийнинг ҳаммаси ерларни асосий ишлов даврида, қолган 25% фосфорни ерни бороналаб эгат олишда бериш тавсия этилади. Азотли ўғитларнинг ҳаммаси вегетация даврида озиқлантиришда иккига бўлиб берилади. Биринчи озиқлантириш ўтоқ қилиб ўсимлик сони сийраклаштирилгандан сўнг, иккинчиси эса 2–3 тадан чинг барг пайдо бўлганда ўтказилади. Ўғитлар ўғитлагич мосламалар билан қатор ораларига ўсимликка яқинроқ қилиб берилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш. Шира, лавлаги узунбурун зараркунандаларга қарши курашда 1 гектар экин майдонига препаратлардан 20 фоизли Конфидор эм.к. (150–250 мл) ёки Маспилан (150–250 мл) ёки 57 фоизли Фуфанон (80–100 мл) препаратларини 600 литр сувга аралаштириб пуркаш тавсия қилинади.

Вегетация даври: 80–100 кун.

Ҳосил пишиш даври: Апрель–май.

Манба: agro.uz

Улашиш: