Салатни тўқсонбости усулида экиш
Салат бир йиллик ўсимлик бўлиб, у йирик барглардан иборат паст тупбарг ёки салат боши ҳосил қилади.
Салатнинг маҳаллий Кўк шох ва хориждан келтириладиган Фиоретт, Конкорд F1, Лагунас F1, Левистро F1, Саула F1 навлари экиш учун тавсия этилади.
Салат совуққа чидамли ўсимлик. Баргларининг ўсиши ва бош ўраши учун қулай ҳарорат кундузи 15-200С ва кечаси 12-150С бўлиши керак. У 50С паст ҳароратда ҳам оз бўлсада ўсаверади.
Баргли ва бош ўрайдиган салатлар тўқсонбости усулида экиш муддати жанубий вилоятларда 1-30 декабрда, марказий вилоятларда 15 ноябр-15 декабр ва шимолий вилоятларда 1 ноябр - 1 декабр кунларига тўғри келади.
Уруғи лентасимон усулида 2-3 қатор қилиб экилади. Бунда ленталар ораси 45-60 см, лентадаги қаторлар ораси 15 см қилинади. Бир гектар ерга салат уруғидан 4-5 кг, бошли салатникидан 3-4 кг экилади. Салат уруғи сепилгандан сўнг майдон суғорилмайди. Барча агротехник тадбирлар баҳорда бошланади.
Майсалар бахорда униб чиққандан 10-12 кун ўтгач 1-марта, 2-3 ҳафта ўтгач 2-охирги марта ягана қилинади. Бунда барг салат тупларининг орасида 8-10 см, бошли салатда эса 12- 15 см масофа қолдирилади.
Салат ўсимлигини парваришлашга - ўташ, қатор ораларини юмшатиш, суғориш ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишлари киради. Баргли салат майсалар пайдо бўлгандан 30-40 кундан кейин ҳосили бир йўла йиғиштириб олинади. Бошли салатни ҳосили 45-50 кундан кейин уларни етилишига қараб кундузи, баргидан шудринг кўтарилгандан кейин бирин-кетин узиб олинади. Баргли салатнинг гектаридан 100-120 центнер, бошли салатникидан 170-180 центнердан ҳосил олинади.
Салат ўстиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 70-75 % бўлиши керак.
Илдиз мевали сабзавотлар ўсув даврида сувни ҳар хил миқдорда талаб қилади. Уруғнинг униб чиқиш, шунингдек баргнинг жадал суратда ўсиш ва ҳосил тўплаш даврида экинларнинг сувга талабчанлиги бир оз ошади.
Сизот суви чуқур жойлашган ерларда салат ўсув даврида 7-8 мартагача, сизот суви юза далаларда эса 2-3 марта суғорилади. Тупроқ шароитига қараб гектарига 450-500 м3 ҳисобидан суғорилади. Салатни ҳаддан ташқари катта меъёр билан суғориш тавсия этилмайди.
Ўғитларни бериш муддатлари: Фосфор ўғитини йиллик миқдорини 75%, калийни ҳаммаси ерларни асосий ишлов даврида, қолган 25% фосфорни ерни бороналаб эгат олишда бериш тавсия этилади. Азотли ўғитларни ҳаммаси вегетация даврида озиқлантиришда иккига бўлиб берилади. Биринчи озиклантириш ўтоқ қилиб ўсимлик сони сийраклаштирилгандан сўнг, иккинчиси эса 2-3 тадан чинг барг пайдо бўлганда ўтказилади. Ўғитлар ўғитлагич мосламалар билан қатор ораларига ўсимликка яқинроқ қилиб берилади.
Вегетация даври: 40-60 кун.
Ҳосил пишиш даври: плёнка билан қопланганда мартда, очиқ майдонда апрелда.
Манба:
Хакимов Р.А. ва бошқалар (2017). Сабзавот экинларини тўқсонбости муддатда етиштириш бўйича тавсиялар. Тошкент.