Хурмо дарахтининг мева тўкиши сабаблари
Мева тўкилиши ва меваларнинг косагул остидан ёрилиши хурмо дарахти билан боғлиқ энг катта муаммолардан ҳисобланади.
Косагул (гул, кейинчалик эса мева остидан ушлаб турувчи баргли асос) бўшлиғи, тери дағаллашуви ва мева косагул остидан ёрилиши каби функционал бузилишлар жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Баъзи навлар бошқаларига қараганда муаммоларга таъсирчанроқ бўлади. Косагул остидан ёрилиш муаммоси кўп ҳосил соладиган ва мевалари чангланадиган нав дарахтларда кам учрайди.
Бу муаммони бартараф этиш учун азот ва калий ўғитларидан ортиқча фойданмаслик лозим, айниқса, баҳор охири ва ёзда ҳамда ҳосилни йиғиш даврига яқин. Шунингдек, мавсум бошида косагул яхши ривожланиши учун меваларни сийраклатишни амалга ошириш ва яхши чангланиш орқали ҳар бир мевада камида учтадан уруғ ҳосил бўлишига эришиш ҳам ёрдам беради.
Чуқур, унумдор ва суви яхши сўрилмайдиган тупроқлар ҳамда катта миқдордаги кузги ёмғир каби омиллар ҳам хурмо дарахтларидаги бу функционал бузилиш юзага келишига таъсир этиши мумкин. Косагул июль ойида ривожланишдан тўхтаб қолади. Косагул бўшлиғи муаммоси эса меванинг ҳосил давригача ўсиб, йириклашишда давом этиши натижасида юзага келади (1-расм).
1-расм. Хурмода косагул бўшлиғи муаммоси
Бўшлиқ косагулнинг бир томонида пайдо бўлади ва меванинг нотекис етилиши, узоқ турмаслиги ва касалликлар авж олишига сабаб бўлади. Гуллаш даврида ўз ҳажмига нисбатан йирикроқ косагулга эга меваларда бу муаммо рўй бермайди.
Хиратаненаши каби бир неча навни ҳисобга олмаса, деярли барча хурмо навлари учун чангланиш ва уруғланиш фойда келтиради: биринчидан, чангланишга боғлиқ навларда қимизакликни камайтиради, иккинчидан, аксарият навлар, айниқса, Фую учун мева тўкилишининг олдини олади ва мева ҳажмининг йириклашишига хизмат қилади. Яхши чангловчилар сифатида, одатда, Зенжимару, Акагаки, Гаилей ва Омиявасе навлари тавсия этилади.
Хурмо меваларининг тўкилиши ўсиш даври давомида бир неча марта рўй бериши мумкин. Биринчи тўкилиш гул барглари тўкилгандан кейин бошланиб, 2–3 ҳафта давом этади. Гуллашдан кейин юз берадиган бу мева тўкилиши дарахтдаги ҳосил миқдорини меъёрга келтиради. Чангланиш ва уруғ шаклланиши амалга ошмаслиги мева тўкилишига ҳисса қўшувчи омиллар вазифасини ўташи мумкин. Иккинчи мева тўкилиши июнь ойида содир бўлиши мумкин. Японияда ўтказилган изланишлар натижаси кўрсатмоқдаки, бу даврдаги тўкилишга қуёш нурларининг дарахт ичига яхши тушмаслиги ва кучли вегетацион ўсиш сабаб бўлиши мумкин экан. Ёзда дарахтларга солинадиган ўғитлар таркибида катта миқдорда бевосита сўриладиган азот бўлмаслиги керак, чунки бу дарахтни кучли вегетацион ўсишга ундайди. Мевалар июль, август ёки сентябрь ойларида ҳам тўкилиши мумкин, аммо бу аввалги икки ҳолатдаги каби доимий эмас.
Мева тўкилиш миқдори навдан навга фарқ қилади: баъзи навларда кўпроқ бўлса, баъзиларида нисбатан камроқ. Тўкилиш ҳар йили рўй беравермайди. Умумий қилиб айтганда, мевалар тўкилишига чангланиш, вегетацион ўсиш, қуёш нури етишмаслиги, касалликлар, илдиз фаолияти, тупроқ хусусиятлари ва ўтган мавсумда кўп ҳосил берганлиги каби омиллар ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.
Мева тўкилишидан етадиган зарар яхши чангланиш орқали камайтирилса-да, яна қўшимча чоралар сифатида ёруғлик кириши учун сифатли кесиш, меъёрий ўғитлашни амалга ошириш мумкин. Яна бир муаммо сифатида гул ва мева тўкилишини айтиш мумкин. Бу нарса, айниқса, ёш кўчатлар учун хос хусусият. Агар мева тўкилиши ҳаддан зиёд бўлса, дарахт танасидан эни 4 мм кенгликдаги пўстлоқ қатламини айланасига йўлакча қилиб кесиб олиб ташлаш мумкин (2-расм).
2-расм. Хурмо дарахтини ҳалқалаш
Бу жараён «ҳалқалаш» дейилади ва одатда, гуллаш даврида бажарилади, чангланиш ва мева тугишни жадаллаштиради. Ҳалқалашни ўта эҳтиёткорлик билан амалга ошириш зарур, акс ҳолда дарахтга катта зарар етиши мумкин.
Меванинг учки қисмидан ёрилиши йирик мева берадиган, асосан, қимизак бўлмаган навларда учрайди. Меваларнинг дарз кетган қисми йириклашиб боради ва пишишнинг охирги ойида ёрилиб кетади. Бундай дарз кетиш гуллаш ва меваларнинг дастлабки ривожланиш даврида стигма асосининг тўла туташмаслиги натижасида рўй беради. Бундай функционал бузилиш баъзи навларгагина хос. (3-расм).
3-расм. Хурмо мевасини ёрилиши
Манба:
А. Орипов (2013). Хурмо етиштириш технологияси. Тошкент: «Sharq».