Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ўзбекистон картошкани импорт қилувчи давлатдан экспорт қилувчи мамлакатга айлана оладими?

23/Noyabr/2024 01:57
  1130

Республикамиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга мос бўлишига қарамай, ҳал этилиши лозим бўлган муҳим масалалар кўп, деб ёзади “Халқ сўзи Online”.

Масалан, давлатимиз картошка импортини ташкил этувчи мамлакатлар қаторига киради. Ҳар йили 12-15 минг тонна уруғликни четдан олиб киришга тўғри келмоқда. Европа Иттифоқи томонидан лойиҳалаштирилган “Ўзбекистон қишлоқ жойларини барқарор ривожлантириш” дастурининг ижроси айнан шу каби муаммоларни бартараф этишга қаратилган. Лойиҳа доирасида жорий йилнинг февраль ойида Франциядан 7 навдаги 19,5 тонна картошка уруғи олиб келинди ва Андижон вилоятининг тўртта фермер хўжаликларида синов тариқасида парваришланди. Дастлабки, натижалар келгуси йилда бу борадаги ишлар кўламини оширишга хизмат қилади.

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида бўлиб ўтган семинар йиғилиши айнан шу мавзуга бағишланди. Унда Франциянинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Виллеморе, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти Марказий Осиё дастурлари ҳудудий раҳбари Торстен Брекина, шунингдек, Италия ҳамда Франция элчихоналари вакиллари, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ўзбекистон картошка етиштирувчилар ассоциациясига техник ёрдам кўрсатиш миллий бюроси вакиллари иштирок этдилар.

“Одатда ҳар йили картошка уруғлиги май ва июнь ойларида импорт қилинар эди. Жорий йил бу фаолият февраль ойида ташкил этилганлиги боис икки марта ҳосил олишга эришдик. Булоқбоши ва Жалақудуқ туманларида етиштирилган уруғлик картошкаларнинг ҳосилдорлиги Франциядаги ҳосилдорликка нисбатан юқори эканлиги мамлакатимизда ушбу экин турини парваришлашнинг истиқболи порлоқлигидан далолатдир” - дейди“Инновацион Агро Сервис” картошкачилик кооперативи раҳбари Мурод Комилов.

Шу куни 100 тонна ҳажмдаги уруғлик картошкани сақлаш учун қуриб битказилган омборхонанинг очилиш маросими ва картошка ҳосилини териб олишга ихтисослашган махсус тракторни топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон ўзининг табиий иқлими, шарт-шароити билан картошкани импорт қилувчи мамлакатлар қаторидан экспорт фаолиятини олиб борувчи давлатлар қаторига кириши мумкин. Бу борада дастлабки қадамлар ташланди.

Манба: www.xs.uz

Улашиш: