Кузги шудгорлашни амалга ошириш бўйича тавсиялар
Кузда ер ҳайдаш орқали фермерлар суғориладиган (қишлоқ хўжалик экинлари етиштириладиган) майдон учун юқори шароит яратилади.
Суғориладиган майдонда олимлар томонидан белгиланган маъқул муддатда, маълум чуқурликда ва тупроқ шароитини ҳисобга олиб сифатли ўтказилган кузги ҳайдов, келгуси йилги юқори ҳосил олишни таъминловчи асосий омил ҳисобланади. Шунда ер эрта баҳоргача мириқиб дам олади, экин экиш учун етилади, майин, ҳавол ва донадор тупроқли қатлам ҳосил қилади.
Ёғинлар ерга тўйиб сингади, намлик заҳирасини ҳосил қилади.
Кузги шудгорлаш графиги ва шўр ювиш, яхоб суви бериш ҳамда коллектор-зовур тармоқларини тозалаш бўйича ишларни амалга ошириш орқали тупроқда ўсимлик учун керак бўладиган сув-озуқа-ҳаво-иссиқлик тартиботини нормал ҳолатда бўлиши таъминланади.
Аввалам бор ерда кузги ҳайдовни ўтказиш учун қуйидаги ишлар бажарилиши керак: қишлоқ хўжалик экинлари ҳосили йиғиштириб олинади, майдон ўсимлик қолдиқларидан, турли ёт жисмлардан (тош, темир, плёнка ва бошқалар) обдон тозаланиши шарт.
Сўнг илдизпояли бегона ўтларга (ажриқ, ғумай) қарши кураш ишлари амалга оширилади. Ёки, бегона ўтларнинг илдизпояларини тароқлаб олиб ташлаш учун аввало ер 15-18 сантиметрга чуқур юмшатилади (чизелланади). Кейин тиркама шихмола кўндалангига, узунасига ва қийиб бир неча бор юритилади. Майдон ичида, четларида тўпланган илдизпоялар даладан тўла чиқарилиб юборилади.
Турли қолдиқлар, ёт жисмлар ва бегона ўтларнинг илдизпояларидан обдон тозаланган майдонга, гектар ҳисобида 10 - 15 тонна тўла чириган гўнг, йиллик фосфорли ўғитнинг 60 %, калийли ўғитнинг 50 % текис сепиш яхши натижа беради.
Кузги ҳайдов ўтказиладиган даланинг тупроғи ўта зичлашган, ниҳоятда қуриб кетган бўлса, ҳайдовдан 10-15 кун аввал енгил шудгор суви ҳам бериш талаб қилинади.
Кузги шудгорга тайёргарлик тадбири темир омочларни тўғри ва сифатли ишга тайёрлашдан бошланади. Шудгор қилинадиган темир омочлар тўла жиҳозланади, пичоқлар ўткирлаштиририлган бўлиши шарт.
Юқоридаги тайёргарлик тадбирлари бажариб бўлингандан сўнг кузги ҳайдовга киришилади.
Кузги ҳайдовни тупроқнинг намлиги, худуднинг табиий иқлим шароити ва жайлашган минтақасини ҳисобга олган ҳолда ноябр - феврал ойларида ўтказиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Ерни кузда хайдаш биринчи навбатда бузиладиган бедапоялардан, маккажўхори, жўхори, сабзавот ва такрорий экинлардан эртароқ бўшаган майдонлардан бошланади. Ундан сўнг ғўза жойлаштирилган далаларда давом эттирилади.
Кузги ҳайдов албатта қўш қаватли, чимқирқарли (предплужник) омочларда амалга оширилиши зарур. Чунки қўш қаватли ҳайдовда ҳайдаланаётган қатламни юқоридаги тенг ярми, экин парваришлаб унумдорлиги пасайган, бегона ўтларнинг уруғлари, ҳашоратларнинг тухумлари сероб қисми пастки чуқур қатламга туширилади. Пастки, нисбатан унумдор, серчиринди, бегона ўтларнинг уруғлари, ҳашоратларнинг тухумлари кўплаб нобуд бўлган қатлам юқорига чиқарилади. Хозирги кунда кузги ҳайдовни қўш қаватли усулини қўллаш жуда муҳим ҳисобланади.
Шудгорлаш қўш қаватли усулда ўтказилса, ажриқ илдизпоялари пастки чуқур қатлам остига кўмилиб кетади ва қайта кўкариб чиқаолмайди. Ваҳоланки, ажриқни ўзига хос хусусияти шундаки, бу бегона ўт 20 сантиметргача тупроқ билан кўмилганда қайта кўкариб чиқа олади, аммо 25-30 сантиметр чуқурликда димиқиб нобуд бўлади, қайта кўкариб чиқа олмайди.
Ерни кузда шудгорлашнинг чуқурлиги тупроқ шароитига қараб белгиланади.
Суғориладиган унумдор тупроқларда шудгорлаш чуқурлиги 35-40 сантиметр бўлмоғи лозим. Баъзан унумдорлиги нисбатан пастроқ, зич, қаттиқ қатламли майдонларда ҳайдов чуқурлиги 30-35 сантиметр бўлиши мумкин.
Баъзи майдонлар тупроқ қатламининг ости қумли, шағалли, арзикли бўлганда ҳайдов чуқурлиги шундай белгиланиши лозимки, шудгорлаш жараёнида унумдорлиги пастқумли, арзикли, тошли қатлам ер юзасига чиқиб қолмасин.
Янгидан ўзлаштирилаётган ерларда кузги ҳайдов дастлаб 20-22 сантиметр чуқурликда амалга оширилади. Кейинги йилларда ҳар йили 2-3 сантиметрдан чуқурлик қўшиб ҳайдалади ва 4-5 йилда 32-35 сантиметрга етказилади.
Ҳайдов ости қатлами ниҳоятда сернам, сизот сувлари ер юзасига яқин жойлашган ботқоқли тупроқларда шудгорлаш чуқурлиги лой қатламни жойлашишига қараб белгиланади, токи лой қатлам ер юзасига чиқиб қолмасин.
Ташқи кўринишдан кузги ҳайдов сифатли ўтказилган майдон текис ҳолатда бўлиши, маданий экинлар, бегона ўтлар, анғизнинг қолдиқлари кўринмаслиги лозим. Агарда шудгорлашдан сўнг дала юзасида эгатлар, ўркачлар ҳосил бўлган бўлса демак, ҳайдов сифатсиз ўтказилган.
Муайян бир даланинг уватлари, бурчаклари, қийтиқлари, электр устунларининг атрофлари ҳам тўла ҳайдалганда кузги ҳайдов тугалланган ҳисобланади.
Кузги ҳайдовни юқоридаги тавсиялар асосида, ўз вақтида ҳамда сифатли ўтказилиши келаси йил пахтадан эртапишар, юқори ва сифатли ҳосил етиштириш учун пухта замин бўлиб хизмат қилади.