Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Cигирларнинг кўпроқ бузоқ беришини таъминлаш тадбирлари

23/Noyabr/2024 04:21
  1004

Чорвачиликни ривожлантириш ва чорва махсулдорлигини оширишнинг асосий шартлари сигирлардан унумли фойдаланиш, қисирликни олдини олиш, қисир қолишга йўл қўймаслик, уруғланиш миқдори ва сифатини ошириш, оталанишни кўпайтириш ҳамда ёш бузоқларни сақлаш тадбирларини йўлга қўйишдан иборатдир.

Сигирлар қисир қолишига қарши курашишда юқори натижага эришиш учун комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш лозим.

Бунда асосий вазифалар қуйидагилардан иборат: ҳайвонларга мустаҳкам, юқори сифатли озуқа базасини яратиш ва тўйимли озиқлантириш, жинсий аъзоларда учрайдиган инфекцияларни йўқотиш, сигир ва таналарнинг гинекологик касалликларини янги дори-дармонлар ва усуллар ёрдамида ўз вақтида даволаш, сунъий қочириш пунктларини замонавий жиҳозлаш, сигирлар ҳолатини мунтазам ветеринария кузатувидан ўтказиш.

Сигирларни қисир қолишига олиб келадиган сабабларни олдини олишда қуйидаги чора-тадбирларни ўз вақтида сифатли бажариб бориш зарур:

- сигирларни туғишга икки ой қолганида тўйимли озуқалар билан боқиш жуда муҳим, чунки бу даврда сигир организмида оқсил, қанд, кальций, углеводлар, минерал тузлар алмашиниши ўзгаради. Сигирлар туққандан кейинги дастлабки даврда шу моддалар миқдори камаяди. Айниқса, қиш ва эрта баҳорда озуқа рациони молнинг ҳаёти учун зарур бўлган витаминларга, макро-микроэлементларга бой бўлмоғи лозим, чунки улар жинсий аъзолар фаолиятини рағбатлантиришга хизмат қилади;

- ҳар бир ферма ветеринария-санитария талаблари асосида қурилган бўлиши, алоҳида туғруқхона, қочириш пунктига эга бўлиши лозим. Унда манеж, лаборатория ва асбоб-ускуналарни ювиб тозалайдиган хоналар бўлиши керак;

- янги туғилган бузоқлар 2-3 кун давомида онаси билан бирга сақланиши ва оғиз сутига тўйдирилиши керак. Шундай қилинганда бузоқлар соғлом бўлиб, касалланмайди.

- сигирлар туғруқхонада илк бор гинекологик текширишдан ўтказилиши лозим ва туғишдан 3-5 кун ўтиши билан кунига 3-5 км юришга (мацион) мажбур қилиниши керак. Бу ишларни кўнгилдагидек ташкил қилиш сигирлар соғлиғига ва уларни туққандан кейин бачадонини ўз ҳолига қайтишига ҳамда тез куйга келишига ижобий таъсир қилади;

- қочирилган сигирлар бир ой давомида қайта куйга келмаса, бўғоз бўлган деб ҳисобланиб, навбатдаги сут ишлаб чиқариш гуруҳига ўтказилиши лозим;

- туғишдан кейин 60 кун давомида куйга келмаган сигирлар ажратилиб, ветеринар ва сунъий қочирувчи мутахассис томонидан биргаликда бунинг сабаби аниқланади, даволаш тадбирлари ўтказилади;

- микроиқлим мўътадил бўлмаса, бинода ёруғлик, ҳарорат, намлик етарли бўлмаса ва аммиак, сингари заҳарли газлар меъёридан ортиқ бўлса, ҳаво ҳаракатининг тезлиги ошса ва бошқа сабаблар туфайли сигирларнинг куйга келиши ва оталаниши кескин камаяди.

Қорамолларни қисир қолишини олдини олиш тадбирларини муваффақиятли ўтказиш учун, аввало қисир қолишнинг сабабларини аниқлаш керак ҳамда гинекологик касалликларни даволашда замонавий усуллардан фойдаланиш лозим.

Фермаларда сигирларни урчитиш ва улар зотини яхшилашга жиддий тўсиқ бўладиган омиллардан бири чорвачилик фермер хўжаликларида қорамоллар орасида трихомонози, вибриози, кампилобактериози ва бошқа сурункали касалликларнинг мавжудлигидир. Бу касалликлар хўжаликларда бартараф этилмаса, ҳайвонларда наслчилик ишларини яхшилаб бўлмайди. Шунингдек, молларни урчитиш ва соғлом насл олишда чорвачилик фермер хўжаликларида режали равишда гинекологик касалликлар бор-йўқлигига текширишлар асосида зарур чора-тадбирлар белгилаш муҳим. Илмий ва амалий тажрибалар натижаларига кўра, сигирлар туққандан кейин бир ой вақт ўтгач қочирилса, ҳар 100 бош сигирдан 110 бошгача, икки ойлик вақтида қочирилса – 103 гагача, 80 кунда 97 бош, 100 кунгача қочирилганда – 91 та, 120 кунда қочирилганда – 85 та соғлом бузоқ олиш мумкин.

Сигирларни 30 фоизгача куйга келиш муддати 6 соатга тўғри келади, 22 фоиз сигирларни куйга келиш даври кечки пайтда, яъни соат 18 дан эрталаб соат 6 гача тўғри келади. Бузоқ олишни кўпайтириш учун мутахассис сигирларни куйга келишини кунда 2-3 маротаба кўздан кечириши мақсадга мувофиқдир. Агар сигирларнинг куйга келиш ҳолати кунда 1 марта кузатилса унда 40 %гача сигирларни куйга келиш ҳолати йўқ бўлади, демак йил якунида ҳар 100 бош сигирдан 8-10 бош бузоқ олинмаслиги қайд қилинади.

Ҳар 100 бош сигирдан 90-95 тадан бузоқ олиш мумкинлиги тажрибаларда аниқланган, агар 1 йилда сигирларнинг 15-20 %и 2 марта туққанда. Бунинг учун январ-феврал ойларида туққан сигирлар март ойининг 15-20 саналарида уруғлантирилиши керак бўлади.

Моллар маҳсулдорлигини ошириш чорвадорлардан чорва фермаларидаги ишларни тўғри ташкил этиш, шунингдек, ғунажинларни парваришлаш ва асраш усулларини, сигирларни туғишга тайёрлаш ва бузоқларни ўстиришни тўғри йўлга қўйишни талаб этади. Ёш бузоқларни боқиш ва ўстиришни, сигирлардан кўп сут соғиб олишни, озиқлантириш технологиясини, қочириш ва кўпайтиришни, уларни куйикиши, бўғозлик даври, қисир қолиш сабабларини пухта билмай туриб унумдорликка эришиб бўлмайди. Ана шу умумий жараёнлар тўла-тўкис бажарилса, сигирлар туққандан сўнг уларнинг қайта куйга келиш муддати қисқаради. Бу чорвачилик маҳсулотлари мўл-кўллигининг асоси бўлган бузоқ олишни кўпайишига олиб келади.

Хулоса қилиб шуни айтамизки, ҳайвонларни қочиришга тайёргарликни буғозлик даврида, сутдан чиққан вақтидан бошлашни тавсия этамиз. Юқорида келтирилган тавсиялар натижасида сигирлар туққандан сўнг тезда куйга келиб оталаниши, сунъий омиллар натижасида эмас балки табиий омиллар: яъни қуёшда сайр қилдириш, озуқа рационини буқа билан сақлаш натижасида эришиш мумкин. Сигирлар организмида кечадиган ҳар қандай жараён жинсий органларига таъсир кўрсатади, булар умумий модда алмашинуви, яйратиш даврининг қанчалиги, молхонадаги микроиқлим қай даражадалиги, сигирларни бўғозлиги, туғиш ва туғишдан кейинги даврлари меъёрда ўтишини таъминлайди.

Манба: vetgov.uz

Улашиш: